Баҳодир Раҳмонов. «Тонг юлдузи»дан бошланган йўл

      Комментарии к записи Баҳодир Раҳмонов. «Тонг юлдузи»дан бошланган йўл отключены

“Ma’rifat” 2020 йил, 23 декабрь сони

Умрни йўлга ўхшатишади. Демак, туғилишдан бошланади бу йўл. Лекин шундай инсонлар борки, бошқалардан фарқли ўлароқ йўлдан йўл ахтарадилар, яъни эзгулик йўлини. Соф қалб ва ўткир онгу шуури билан ниҳоят, ўз кетар йўлларини топа биладилар. Эртакдаги кенжа ботир каби бир умр бу йўлдаги машаққатларни енгиб бораверадилар. Тақдир деб аталмиш бу йўлдан умрга мазмун топадилар. Оллоҳ берган қобилиятни эзгулик сари йўналтира оладилар. Бу менинг ҳамкасб дўстим, таниқли олим Дилмурод Қуроновнинг ҳаётидан чиқарган хулосамдир.
Андижон давлат университети профессори, филология фанлари доктори Дилмурод Қуроновнинг умр йўли, ҳақиқатдан ҳам шундай эзгулик нурлари билан йўғрилиб кетган. Шунинг учун ҳам мен Дилмуродни «Тафаккур чароғбони» деб атагим келади.
Ҳар бир эзгулик йўлининг бошланиши бўлади. Бошланиш деганда мен катта йўлга чиқиб олгунча босиб ўтилган сўқмоқларни назарда тутяпман. Табиийки, у ҳам йўл ахтариб илм сўқмоқларидан ўтган. Орзу тунларининг бирида «Тонг юлдузи» унинг кўнглига эзгулик ёғдусини сочгандир. Менимча, шундан бошланган унинг чароғбон йўли. Англаган бўлсангиз «Тонг юлдузи» бу – Чўлпонга ишора.
Дилмурод Қуронов ўзининг 2000 йилда чоп этилган Чўлпоннинг ижтимоий-сиёсий қарашлари тадрижи тадқиқ этилган «Истиқлол дарди» рисоласини бобоси Мулла Ўринбой Азизбек ўғли хотирасига бағишлаган. Берилган изоҳдан олимнинг илм йўлига қадам қўйишдаги руҳий илдизларини англаб етиш мумкин: “…китоб устида ишларканман бот-бот раҳматли бобомни эсладим, – деб ёзади муаллиф, – у киши «босмачи» ўтган, сургунларда бўлган… Бобомнинг ўтмиши туфайли мен совет пионерининг кўнглида не-не изтиробу аламлар кечгани ўзимгагина аён. Бизга «қора» бўлиб кўринган ўтмиш орамизда тубсиз жар бўлиб ётарди гўё… Раҳматли ўтмишидан мутлақо гап очмас, энди ўйласам, бизнинг тушунишдан ожизлигимизни англарди, чамаси… Бугун Чўлпон руҳиятини англашга интилиш асносида бобомнида тушунгандек бўламан, кўнгилда оғриқли бир армон чўнглашиб боради…”
Изоҳдаги «изтиробу аламлар кечгани ўзимгагина аён», «Чўлпон руҳиятини англашга интилиш», «кўнгилда оғриқли бир армон» каби жумлалардан Дилмуроднинг илм тақдиридаги ибтидо илдизларини топгандай бўласиз. Менимча, Чўлпоннинг «Кўнгил, сен бунчалар нега Кишанлар бирла дўстлашдинг? На фарёдинг, на додинг бор…» сатрлари бу йўлга дастлабки қадамни босишга ундагандир. Биламизки, шўро мафкураси «Кишан кийма, Бўйин эгма, Ки сен ҳам хур туғилғансан!» дея эрк истаган шоирнинг кўнгил овозини ўчириб уни тинглашдан ва англашдан маҳрум қилганди. Ниҳоят, ўтган аср 80 йилларининг иккинчи ярмидан Чўлпоннинг, яъни «Тонг юлдузи»нинг ёғдулари аста-аста тарала бошланди. Эрк деган сўз ўша давр жонли мулоқотида фаоллашди. Дилмурод кўнглидаги ўша «оғриқли армонлар» илмий йўлда ушалар орзуга айланди. Фақат қатъийлашиш керак эди. Чунки илмий фаолиятни жадидчилик ва жадид адабиёти билан боғлаш ҳали ҳам қалтис бўлиб турган давр эди. Буни қуйидаги маълумотдан ҳам билсак бўлади. Яъни Мустақилликгача саноқли олимларимизгина Чўлпон ҳаёти ва ижодига мурожаат қила олган эдилар. Озод Шарафиддинов, Умарали Норматов, Наим Каримов, Иброҳим Ҳаққулов, Салоҳиддин Мамажонов, Бойбўта Дўстқораев, Шерали Турдиев, Сирожиддин Аҳмедов, Муртазо Қаршибоев ва Раҳимжон Отаевларнинг мақолалари журъат билан босилган илк қадамлар эди. Дилмурод Қуронов эса айни шу даврда илмдаги ўз йўлини қатъий белгилаб, шахдам қадамлар билан эзгу фаолиятини бошлаб юборганди. Бунинг натижаси ўлароқ 1992 йили «Кеча ва кундуз» романида характерлар психологизми” мавзусидаги номзодлик, 1998 йилда эса «Чўлпон насри поэтикаси» мавзусидаги докторлик илмий ишини ҳимоя қилди ва дастлабки чўлпоншунос олимлар сафидан мустаҳкам ўрин олди. Бу Чўлпон туғилган юрт Андижон учун фахр ва муносиб илмий ютуқ сифатида қабул қилинди. Айни шу ўринда, Чўлпоннинг «Йўл эсдалиги» номли сафарномаси мисолида айтилган фикрларга эътиборингизни қаратмоқчиман: «Айтиш мумкинки, – деб ёзади олим, – ҳеч ким маконий ва даврий ўзгаришларни йўлга чиққан кишичалик ўткир ҳис қилмаса керак. Табиийки, маконий ва даврий ўзгаришлар йўлчи руҳиятигада муайян таъсир ўтказади, дунёқарашида муайян ўзгаришлар ясайди». Бу фикр-хулосалар Дилмуроднинг илмий фаолиятига ҳам тегишли деб ўйлайман. У Чўлпон дунёсида тафаккур ва руҳият йўлидаги йўлчи бўлиб, эзгу сафар таъсирлари билан янгича фикрлаш даражасига кўтарила олган «Ки сен ҳам ҳур туғилғансан» руҳидаги олимдир. Унинг «Чўлпон ҳаёти ва ижодий мероси», «Истиқлол дарди», «Чўлпон насри поэтикаси», «Руҳий дунё таҳлили», «Адабиёт надир ёки Чўлпоннинг мангу саволи», «Адабий ўйлар» номли китобларидаги янгича фикрлашлару янгича ёндашувлар, янгича таҳлилу илмий хулосалар билан танишар экансиз, олимнинг тафаккур доираси нечоғлик кенг эканлигидан ҳайратланасиз.
Чўлпоншуносликда қилиниши керак бўлган ва кечиктириб бўлмас ўта долзарб, заҳматталаб тадқиқот ишларини амалга ошириш айни ўша йиллардан, Мустақилликнинг биринчи ўн йиллигидан бошланган эди. Айниқса, Чўлпоннинг 100 йиллиги муносабати билан бу борадаги ишлар жадаллаштирилди. Дилмурод Қуронов асосий мутахассислардан бири сифатида қисқа давр ичида зарур ишларни амалга оширишда бор билими ҳамда меҳнатини сарфлади ва бу заҳмат давом этмоқда. Айниқса, энг муҳим ва масъулиятли вазифа бўлган Абдулҳамид Чўлпон асарларини нашрга тайёрлаб чоп этиш ишларида фаол қатнашди. Чўлпон 3 жилдлик асарлар тўпламининг 2-жилдини изоҳлар билан нашрга тайёрлади. Китоб 1994 йилда чоп этилди. Худди шу йили «Адабиёт надир» тўпламини нашрга тайёрлашда ҳам қатнашди. Чўлпоннинг 4 жилдлик асарлар тўпламини нашрга тайёрлаш ва чоп эттириш бўйича гуруҳга раҳбарлик қилган ва ушбу тўпламнинг 2-жилдини изоҳлар билан таъминлаб нашрга тайёрлади. Бу меҳнатнинг самараси эса 2016 йилда Чўлпон мухлисларига китоб ҳолида тақдим этилди.
Дилмурод Қуронов 1997 йили Андижон вилояти Чўлпон жамғармаси ташкил қилинганидан буён жамғарманинг бош мутахассиси вазифасида фаолият кўрсатиб келмоқда. 1998-2000 йилларда «Чўлпон ҳаёти ва адабий мероси» амалий тадқиқоти ҳамда 2000-2002 йилларда «Ўзбек адабиётида тарихий-бадиий тафаккур тадрижи» лойиҳаси унинг илмий раҳбарлигида бажарилган. 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қошидаги «Нодавлат-нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш Жамоат Фонди» томонидан эълон қилинган Грант танловида «Чўлпон, биз сени унутмаймиз!» лойиҳаси билан қатнашиб, ғолиб бўлган. Бундан англашилиб турибдики, Дилмурод Қуронов ўзбек адабиёти илмида чўлпоншунослик йўналиши пойдеворини қўйишдек эзгу ишнинг фидоийларидан биридир.
Адабий жараёнда «Чўлпонни англаш» деган ибора Озод Шарафиддиновнинг шу номли тадқиқоти билан яна-да жиддийлашди. Бу эса адабиётшунослардан, аввало ўзи англаб етиш ва сўнгра китобхонларнинг англаб етишлари учун ҳам чуқур изланиш кераклигини билдирарди. Дилмурод Қуроновнинг айни шу даврдаги тадқиқотларини Чўлпонни англаш йўлидаги жиддий илмий қадам десак янглишмаймиз. Айни шу ўринда Чўлпоннинг ҳаммага ёд бўлиб кетган, адабиётнинг ижтимоий вазифасига қаратилган «Адабиёт яшаса – миллат яшар» фикр-хулосасини олим қандай изоҳлаганига эътибор қилайлик: “Чўлпон бадиий адабиётни миллат маънавиятига масъул биладики, бу даъво ҳали ҳануз ўз актуаллигини йўқотган эмас. Жадидчилик ғоялари билан ёниб яшаган адиб адабиёт тимсолида миллатга ўзлигини танита оладиган, уни буюк ишларга сафарбар этишга қодир кучни кўради. Бироқ бу куч ҳали ўзини намоён қилолганича йўқ, чунки адибнинг миллатдошлари тирикчилик ташвишию ўткинчи ҳою ҳаваслардан ортмаётирлар. Натижада эса «кундан-кунга руҳимиз тушиб, келатурғон истиқболимизга умидсиз қараб» яшамоқдалар. Шу боис ҳам ҳозирда миллатга «ўткир юрак кирларини ювадурғон тоза маърифат суви» бўлмиш адабиёт бениҳоя зарур, деб ҳисоблайди Чўлпон”.
Тўғри, адабиёт, аввало, сўз санъати. Лекин олим Чўлпон орқали адабиётнинг миллат тақдири масаласида қодир кучга эга эканлигини айтмоқчи.
Дилмурод адабиёт, жамият ва инсон кўнглининг софлиги ва уйғунлиги учун жонкуярлик билан қалам тебратаётган фаол мунаққидлардан биридир. Унинг «Инсон йўли», «Шеърда мантиқ керакми?» «Ўйлашга ундовчи асар», «Завқимдан бир шингил», «Шеърларида тупроқ иси бор», «Қудуқда ўсган най оҳанглари», «Идеал ва бадиий яхлитлик» каби мақолалари ҳамда «Адабиёт биз кўниккан тушунчадангина иборат эмас», «Танқидда холислик бўлиши шарт», «Ижод масъулияти» каби суҳбат ва саволларга жавобларидаги, ҳатто ижтимоий тармоқлардаги фикрлари ҳам ўқувчининг адабиёт, жамият ва инсон ҳақидаги тушунчаларини бойитишга хизмат қилади.
Профессор Дилмурод Қуронов амалга оширган хайрли ишлардан бири хусусида алоҳида тўхталиш лозим. Олим ўзи туғилиб ўсган Андижон заминида қалам тебратган ва ўз даврида тартибга келтирилмай, чоп этилмай, эътибордан четда қолиб кетган ўтмиш шоир ва адибларининг асарларини тўплаб «Андижон ижодкорлари меросидан» рукни остида чоп эттириб келмоқда. Бу хайрли иш 2018 йилдан бошлаб амалга ошириб келинмоқда. Асосан университет профессор-ўқитувчилари ҳамда музей илмий ходимларидан иборат жамоага Дилмурод етакчилик қилади. Ҳозирда унинг умумий таҳрири остида А.Қамбаровнин «Наводир ул-вақое», А.Боқирнинг «Соғинч», Ҳ.Раззоқовнинг «Зулматдаги нур», М.Маҳжурийнинг «Висолинг орзуси», Анисийнинг «Куллиёт» китоблари ҳамда Манзур, Ожиз, Мунтазир, Бимий, Муҳиб, Пиримқори, Ҳофиз, Муштоқ, Мавжий каби ижодкорларнинг асарлари жам бўлган «Кўҳна садолар» тўплами нашр этилди. Ушбу китоблар муносиб авлодларнинг яқин тарихимиздаги устозларга бўлган ҳурмати, садоқати ва масъулиятининг ифодаси сифатида юзага келди.
Олимнинг фаолиятида кўпқирралилик унинг изланувчан, фидоий, жонкуяр, ҳозиржавоб, тилбилгич, кучли назарий билим соҳиби каби фазилат ва қобилиятга эга эканлигидан далолатдир. Истеъдодли олим томонидан чоп этилган Олий ўқув юртларининг филолог талабалари учун “Адабиётшуносликка кириш”, “Адабиёт назарияси асослари” дарсликлари, шунингдек, бир қатор ўқув қўлланмалари, таржималари, публицистик мақолалари ҳам эътирофга лойиқ. Қолаверса, адабиётшуносликнинг келажагини яратиш йўлида илмий тадқиқотчиларга устозлик қилиши, Илмий кенгашларнинг доимий аъзоси сифатида фаолияти юритиши унинг тиниб-тинчимас, илмга садоқат билан умрини бахшида қилган камтарин олим сифатида намоён қилади. Ҳозирда Дилмурод Қуронов 2009 йилда ташкил этилган «Илмий хабарнома – Научный вестник» журналининг бош муҳаррири лавозимида ишлаб келмоқда.
Афсуски, бу каби серғайрат инсонларнинг барча қирраларини ва қилган ишларини биргина мақолага сиғдириб бўлмайди. Лекин Дилмуроднинг ўзига хос, ҳаттоки намуна қиларлик фазилатларидан бирини айтмаслик асло мумкин эмас, деб биламан. Абдулла Авлоний ёзади: «Ҳаққоният деб ишда тўғрилик, сўзда ростликни айтилур. Инсон бўстони саломатга, гулзори саодатга ҳаққоният йўли ила чиқар. Инсониятнинг илдизи ўлан раҳмдиллик, ҳақшунослик, одиллик каби энг яхши сифатларнинг онаси ҳаққониятдур». Бу иқтибос Дилмурод Қуроновнинг мақоласидан олинди. Мақоланинг номи ҳам «Ишда – тўғрилик, сўзда – ростлик» деб қўйилган. Айтмоқчиманки, бу айнан Дилмуроднинг умр қоидаси, ҳаётдаги шиори, инсон сифатидаги ўзлигидир. Ҳатто менинг қуйидаги хулосам ҳам ўзининг қаламига мансуб Чўлпон ҳақидаги бир мақола якунига ҳамоҳангдир: «У шундай яшаяпти, шундай ўйлаяпти, шундай ижод қилаяпти». Зеро, «Тонг юлдузи»дан бошланган йўлнинг йўлчисига энг муносиб баҳо ҳам шудир.