“Галактикада бир кун” фантастик асари ҳақида

      Комментарии к записи “Галактикада бир кун” фантастик асари ҳақида отключены

“Фантастика” атамаси юнонча “пҳатастика” сўзидан олинган бўлиб, “тахаййўл санъати” демакдир. Ҳақиқатда мавжуд бўлмаган, тахаййўл кучи билан тасаввурдагина яратилган нарса-ҳодисалар тасвири, шунга асосланувчи адабий асарлар мажмуасидир. Фантастика фақат хаёлот маҳсули эмас, унинг замирида мавжуд воқеликнинг излари сезилиб туради. Зеро, хаёл шу мавжудликдан куч олган ҳолда парвоз қилади. Инсон табиат сир-синоатларини чуқур англаб бориши баробарида фантастикани шартли объектлилик, бадиий восита сифатида тушуниш барқарорлашиб боради.
Янги ўзбек адабиётида фантастика унсурларидан самарали фойдаланиш А.Фитратнинг «Қиёмат», «Абдулфайзхон», А.Қаҳҳорнинг «Қабрдан товуш», Х.Дўстмуҳаммаднинг «Жажман» асарларида кузатилади. Шунингдек, ХХ асрда ўзбек саргузашт-фантастик адабиётини ривожлантиришда Х.Тўхтабоев, Т.Малик каби адибларнинг хизмати катта бўлди. Ўзбек илмий-бадиий фантастикасининг асосчиларидан бири марҳум адиб Ҳожиакбар Шайхов эди. Адибнинг изланишларини давом эттираётган ёш фантаст ўзбек адиби Саъдулла Қуроновнинг имлий фантастика жанридаги асарлари таҳсинга лойиқдир.
Адибнинг илмий-фантастик асарида воқеалар ривожи ўзига хос тартибда кечади. Унинг асари сюжети ўзига хослиги билан бошқа фантаст ёзувчиларнинг ижод намуналаридан кескин фарқ қилади. Саъдулла Қуроновнинг асарида қўйилган бош масалалар ва илгари сурилган ғоялар адибнинг бадиий-хаёлий олами, дунёқарашини ўрганишда муҳим бўлса, иккинчидан, унинг ижоди ҳозирги адабий жараёнда ёзувчининг хаёлий тафаккури, келгусида фанлардаги кашфиётларнинг амалга ошишида қимматли аҳамиятга моликдир.
Саъдулла Қуронов – динамик сюжет устаси. Ҳикоя қилиш давомида кутилмаган бурилиши ва эврилишлар, дадил башоратлар, кескин конфликтли вазиятлар – адиб ижодига хос жиҳатлардир. Саъдулла Қуронов китобхонлар умидини оқлаш учун тер тўкиб меҳнат қилаётган ижодкорлардан бири.
Фантаст адибнинг “Галактикада бир кун” илмий-фантастик қиссаси муаллифнинг илмий даражасини, тасаввур доирасининг ниҳоятда кенглигини, фантастик асарлар ёзишда иқтидори, имконияти катта эканлигини кўрсатади. Саъдулла Қуроновнинг яна бир ютуғи шундаки, илмий-фантастика жанрида ёзилган ушбу қиссасида у фақат илмий гипотезалар атрофида ўралашиб қолмай, балки ҳар бир қаҳрамонинг ташқи ва уларнинг руҳий оламини маҳорат билан очиб бера олган, деб ўйлайман. Бош қаҳрамон Аҳмадни олсак, серғайрат бу болакай барча хавф-хатарга тик боқувчи, мушкул вазиятда иккиланмасдан оқилона қарорлар қабул қилиб, ўз билими билан барчанинг ҳурматига сазовор бўлади. Бу каби билағон ва ташаббускор бўлиш учун кишидан кўп илм талаб этади. Бугунги ёшларимиз айнан шу каби асарларни мутолаа қилиши мақсадга мавофиқ. Чунки асарни матолаа қилган ҳозирги ёшларнинг билим олишга бўлган иштиёқи янада ошиши аниқ.
Асарда фантаст ёзувчи “Галактикада бир кун” асарида самовий жисмлар ва ёндош оламларни таърифлашда, ҳозирги замон илмининг сўнгги ютуқларидан ҳамда бир неча илмий гипотезалардан унумли фойдаланиб, уни ўқувчига ҳаётда чинданам мавжуд, реал нарсадай тавсифлаб бера олган ҳамда катта ижодий ютуқга эришган. Умуман, илмий-фантастик адабиётда энг қийин нуқталардан бири илмий таҳлил билан руҳий таҳлилнинг ўзаро диалектик бирликда тасвир қилиниши масаласидир.
Саъдулла Қуроновнинг “Галактикада бир кун” деб номланган илмий-фантастик қиссасида ана шу уйғунлик яққол кўзга ташланиб туради. Асарда ёзувчининг некбинлиги қаҳрамонлари – теран мушоҳадали, зийрак билимли ва бошқалардан ёрдамини аяшмайдиган, улар энг оғир вазиятларда ҳам инсоният олдидаги, ўз уйғоқ виждони олдидаги бурчидан келиб чиқиб иш кўришади.
Бунда илмийликка ружу қўйилмасдан, асосий мақсад ўша самовий хаританинг муҳимлигини исботлашга ҳамда ўзга сайёраликларнинг замонавий техникаларини кўрсатишга ва ерликларнинг фазовий билимлари асосида яратилаётган техник ютуқларини ёритишга қаратилган. Илмий фантастикада бундай ҳолларда илмийлик ва техникавийликнинг ажойиб ва кишини ҳайратга солувчи таъриф-тавсифига берилиб, адабиётнинг асосий таҳлил объекти – инсон ва унинг руҳий дунёси унутилиб қўйилмаслиги лозим, албатта. Бироқ, айни пайтда биз илмийликдан узоқлашиб, фақат бадиийлик билан ўз илмсизлигимизни хаспўшлашмиз ярамайди. Бу ҳолатни инобатга олган фантаст адиб иккила вазиятни ҳам бир тарозида асарда давомида тенг ушлаб туришга эришган.
Одамзоднинг улкан ихтиролари бўлмиш самолиётлар, машиналар ва кимёвий лаборатория завод-фабрикаларидан йилига тонналаб чиқаётган заҳарли моддалар атмосферамизга, қолаверса, биз нафас олаётган ҳавога, муҳитимизга ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмаяпти, албатта. Аҳмад баъзи сайёраларнинг буткул йўқ бўлишига сабаб айнан ўша чиқиндилар экани кўради ва одамзот улкан хавф-хатар олдида турганини ҳис қилади. Балки буни сиз фантаст адибимизнинг хаёлоти маҳсули дея ҳисоблашингиз мумкин. Бироқ, ҳозирги кунимизда ҳам дунёнинг йирик шаҳарлари ҳисобланмиш Лондон, Токио, Гамбург, Иокогама, Нъю-Йорк ва Роттердам ҳудудларида кимёвий завод-фабрикаларнинг чиқиндилари, машина-самолётларнинг заҳарли тутунлари аралашувидан ўта мураккаб реакциялар натижасида қуюқ туманлар тушаётгани, қолаверса, заҳарли буғлардан ҳосил бўлган қора булутлардан ёғилаётган зарарли ёмғирлар ёғиши оқибатида тирик жонзотлар, хусусан, бу ҳолатдан инсониятнинг ўзи ҳам азият чекаётгани сир эмас. Атроф муҳитнинг ифлосланишида бевосита сабаб бўлаётган омилларга инсон хўжалиги фаолияти ҳам киради.
Асарда глобал муаммолар ҳақида тўхталар экан, фантаст адиб айниқса сайёравий геоекологик муаммога урғу бериб, унинг салбий оқибатлари ҳақида маълумотлар ҳам келтириб ўтади. Дарҳақиқат, бугунги кунда инсоният томонидан табиатга чиқарилаётган тонналаб чиққиндилар атмосферада, бир қисми эса океанларда тўпланмоқда, муаммони бартараф этиш йўлларни излаб топиш бугун инсоният томонидан ечимини кутаётган бош масалалардан биридир. Атмосферага тўхтовсиз чиқарилаётган йилиги тахминан 22 млрд. тоннадан ортиқ Карбонот ангидрид гази сабаб, ер сайёрасининг ҳарорати йилдан-йилга ошиб бораётгани фан мутахассислари томонидан қайд этилмоқда. Оқибатда, кескин ҳарорат ошиши натижасида қутбий кенгликлардаги музлар эриб, океанларнинг сув сатҳи кўтарилиб, кўплаб ер майдонларига зиён етказилиши мумкин. Бу каби чиқиндилар сонининг кескин ортиши натижасида ер шари ва атмосфера орасидаги мувозанатга путур етказмоқда.
Унинг илмий фантастик қиссасида ҳозирги фантастик адабиётнинг ҳамма зарур белгилари мавжуд бўлиб, ёзувчи тўғридан-тўғри инсон виждонига мурожаат этади. Инсоният олдида турган муаммоларни ўртага ташлаб, уни ҳал қилишда ер юзидаги барча одамларни бирдамликга чорлайди. Фантаст адибнинг асарида мехнатсеварлик, ватанпарварлик, бир сўз билан айтганда эзгуликни тарғиб қилади. Айнан шунинг учун ҳам Саъдулла Қуроновнинг асари китобхонлар қалбини забт этиши муқаррардир.
Асарнинг тарбиявий қисми ҳам таҳсинга сазовордир. Хусусан, асардаги бош қаҳрамон 12 ёшли Аҳмаднинг ёшига нисбатан ўзгача иқтидори ва истеъдоди ва топқирлиги ўзи каби тенгдошларига аниқ фанларни ўзлаштиришда ўзгача мотивация бериши шубҳасиздир. Асар билан танишган китобхоннинг бир неча фанлар юзасидан билими бойиши, энг муҳими табиатда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ қарамай, глобал муаммоларни бартараф этишда ўзининг ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилиши мумкин. Аҳмад ўзга сайёралик дўсти Салмирлик Маргол Ву Дагудога уни сайёрасини қутқариш учун ҳеч иккиланмасдан, бироз ҳадик билан кўмак беришга шошади ва бошидан кўплаб ғайриоддий саргузаштларни кечиради. У саёҳатлари давомида бизнинг олам билан туташ оламларга ҳам боради ва турли-туман ўзга сайёраликлар билан тасодифан кўришади. Робот Мокини ҳам ўзига дўст тутган болакай, унга техника сифатида эмас, балки бир инсондек меҳр қўйишидан, унинг қалби нақадар соф эканини кўришимиз мумкин.
Ўнгинамизда бизнинг олам билан туташган оламлар кўз билан кўра олмай, қалб кўзи билан кўра олиши мумкин бўлган, оламлар ҳақидаги тасаввурлар билан айнан шу асарда танишишимиз мумкин. Гарчи бу оламлар мавжуд бўлса-да, унга баъзан шубҳа кўзи билан қараймиз. Адиб асарда воқеалар силсиласи орқали инсонларни эзгуликка, фақат яхшиликка чорлайди. Асарнинг тарбиявий аҳамияти ҳам беқиёсдир. Ота-онага ҳурмат, кичикка иззат, дўстлик ва яқин инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат ўз аксини топган. Асарда бир-биридан қизиқ илмий фактлар билан ҳам танишиш имконига эга бўласиз.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ўзбек адабиётида илмий фантастиканинг ривожига муносиб ҳисса қўшаётган Саъдулла Қуроновнинг “Галактикада бир кун” илмий-фантастик қиссаси ҳар томонлама ўрганиш ва тадқиқ этишга лойиқдир. Бу фантастик асар ёшлар дунёқарашини ўстириш, эзгу қадриятлар руҳида тарбиялаш жиҳатидан аҳамиятлидир. Барчамизнинг онамиз бўлмиш “Ер” сайёрасида тоза турмушни йўлга қўйишимиз учун энг аввало, теварак-атрофга теран назар ташлайлик. Ахлатхоналарда, йўл чеккаларида фаросатсиз кимсалар томонидан ташлаб кетилган, иссиқ кунда бижғиб, қўланса ҳид тарақатаётган жониворларнинг жасадларига бепарволик билан қараб ўтиш ўрнига, ҳашар йўли билан тозалаш-ободонлаштириш ишларини амалга оширишимиз, мақсадга мувофиқ бўларди. Зеро, ҳар биримиз келажак авлодга осмони мусаффо, табиати гўзал муҳитни қолдиришга бурчли эканимизни унутмайлик. Биз ҳам шундагина жиддий хавф-хатарлардан ҳоли бўлган ҳолда умргузаронлик қилишда давом этишимиз мумкин.
Фантаст адибнинг юқоридаги номи зикр қилинган қиссасида инсон тақдирини фақатгина ўз қўли билан ярата олиши мумкинлиги уқтирилади. Бугунги кун кашфиётлари одамзотни заволи эмас, аксинча иқболи йўлида хизмат қилиши зарурлигини, фантаст адиб чин дилдан истаганини кўришимиз мумкин. Энг муҳими ушбу асарни ўқиш асносида китобхонлар, айниқса ёш китобхонлар орасида астрономия, физика, кимё, математика ва информатика каби фанларга ўзгача меҳр қўйишлари учун замин бўлиши шубҳасиз.

Сапарова Зебинисо Давлат қизи (Зебо Зейнур)
Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри ёш қаламкаш