Дилмурод Куронов “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланди

      Комментарии к записи Дилмурод Куронов “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланди отключены

Андижон давлат университети профессори, филология фанлари доктори Дилмурод Куронов Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига кўра “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” кўкрак нишонига лойиқ кўрилди.

Олим 35 йилдан бери илмий-педагогик фаолият билан шуғулланади.

Дилмурод Куронов 100 дан ортиқ илмий ишлар, шу жумладан, 2 та дарслик, 3 та монография, 3 та қўлланма, 1 та луғат муаллифи. Республика матбуотида ўзбек адабиётшунослиги масалаларига бағишланган 80 дан зиёд илмий мақолалар чоп этган.

Унинг умумий таҳрири ва ҳаммуаллифлигида чоп этилган “Адабиётшунослик луғати” адабиётшунослик соҳасида асосий луғат сифатида фойдаланиб келинмоқда.

Олим Абдулҳамид Чўлпоннинг 3 жилдлик асарлари тўпламининг 2-жилдини нашрга тайёрлаган, 4 жилдлик Чўлпон асарларини нашрга тайёрлаш ва чоп эттириш бўйича гуруҳга раҳбарлик қилган.

Д.Куронов саъй-ҳаракатлари билан 2018 йилдан бошлаб “Андижон ижодкорлари меросидан” номли серияда унинг умумий таҳрири остида сериянинг бешта китоби чоп этилган. Олимнинг 2010–2019 йилларда “Адабий жараёнда “Мом синдроми”, “Мутолаа ва идрок машқлари”, “Завқимдан бир шингил”, “Талқин имконлари”, “Адабий ўйлар”, “Назарий қайдлар”, “Adabiyot va b. haqida” номли китоблари чоп этилган.

Дилмурод Куронов таржима билан ҳам шуғулланиб, “Ғарб адабий- танқидий тафаккури тарихи очерклари” қўлланма-хрестоматиясида 15 га яқин олимларнинг асарлари унинг таржимасида берилган.

Д.Куронов раҳбарлигида 1 нафар фан номзоди, 4 нафар фалсафа доктори ва 2 нафар фан доктори тайёрланган.

Дилмурод Куронов 2009 йили “Илмий хабарнома – Научный вестник” журналини даврий нашр сифатида ташкил қилган ва 10 йилдан ортиқ вақт давомида журналнинг бош муҳаррири лавозимида ишлаб келмоқда.