Чўлпоннинг туғилган йили

      Комментарии к записи Чўлпоннинг туғилган йили отключены

Дилмурод Қуронов

1987 йилда – Чўлпон асарларини эгаларига қайтаришга оз-моз имкон пайдо бўлган бир вақтда, бу йўлдаги илк эҳтиёткор қадамни «Ёшлик» журнали қўйди. Журналнинг 10-сонида Чўлпон шеърларидан сайланган ўн биттаси чоп қилиниб, «Адабий мерос» рукнидаги жами икки саҳифали жажжигина сайланмага устоз Озод Шарафиддиновнинг муҳофаза – «страховка» мақсадига қаратилган бир саҳифали мақоласи илова қилинди. Мақоланинг айнан шу мақсадда ёзилгани унинг хулосасида яққол кўринади: «Чўлпондай шоирнинг совет томонига ўтиши, янги воқеликни улуғлаб фаол ижод қилиши – социализмнинг бағрикенглигидан, адабиёт учун бениҳоя кенг имкониятлар яратиб берганидан, коммунизм ғояларининг музаффар ҳаётбахш кучидан далолат беради»[1]. Буларни ёдга олиш, ҳозирда қулоққа эриш эшитиладиган кўчирмани келтиришдан мурод: аввало, ҳали шўро тузуми ва мафкураси кучли бир шароитда Чўлпон ва у кабилар ижодий меросининг қайтарилиши осон, силлиққина кечмаганини; иккинчидан, у вақтлар нафақат ўқувчи омма, ҳатто мутахассисларга ҳам, Озод Шарафиддинов айтмоқчи, «Чўлпонинг номи яхши таниш бўлса ҳам, унинг ўзи, ижоди тонг юлдузидай олис ва сирли кўринади»[2]ган бўлиб қолганини эслатиш. Ҳолбуки, тақвимда 1987 йил – Чўлпонни яқиндан таниган-билганларнинг кўплари ҳали ҳаётда, тақдирига узоқроқ умр кўриш ёзилган шоирнинг тенгдошлари эса эндигина тўқсон билан тўқнашган пайт эди. Ярим аср «қатағон» тамғаси остида бўлгани, каттаю кичикка «миллатчи буржуа шоири» деб танитилгани, асарларининг аксари махсус жойларда сақлангани, ҳаёти ва ижодини ўрганиш «истиқболсиз»лиги важҳидан тадқиқотчилар эътиборидан четда қолгани, хуллас, шу кабилар Чўлпонни «олис ва сирли» этиб келди. Худди шу омиллар, устоз топиб айтганидек, «Чўлпон ҳақида мулоҳазаларда ҳақиқатдан кўра ривоятга ўхшаб кетадиган муболағалар кўп»лиги, ҳаёти ва фаолиятига оид маълумотларнинг чалкаш бўлишига олиб келди. Жумладан, шоирнинг туғилган йили масаласида.

Озод Шарафиддинов мазкур мақоласида «Чўлпон 1883 йил Андижонда савдогар оиласида туғилган»[3] деган маълумот беради. Кейинги – 1988 йилда «Кеча ва кундуз»нинг «Шарқ юлдузи»даги қайта нашрига ёзилган кириш сўзида эса Озод Шарафиддинов бошқача маълумот беради: «Унинг ижоди Октябрь революциясидан олдин – 1913 йилда бошланган эди. У биринчи асарларини эълон қилганида 20 ёшга тўлган, ёш бўлсада анча мукаммал билимга эга бўлган бир йигит эди»[4]. Ҳисоблаб кўрилса, бундан энди 1893 йил келиб чиқади. Орадан уч йил ўтиб, 1991 йилда чоп этилган Чўлпоннинг «Яна олдим созимни» тўпламига ёзган сўзбошида олим «Сўнгги йилларда пайдо бўлган мақолаларда Чўлпоннинг туғилган йили 1883, 1893, 1896, 1897, 1898 йиллар деб ҳар хил кўрсатилади»[5] деб ёзади. Сўнг шоирнинг синглиси Фоиқа Сулаймон қизи акасининг туғилган йили сифатида 1898 йилни кўрсатганини «анча ишонарли» деб баҳолагани ҳолда, «ҳозирча мен Чўлпоннинг таваллуд йилини 1897 йил деб белгилаш тарафдориман, чунки бу сана 1934 йилда, яъни Чўлпон ҳаётлик вақтида нашр этилган Катта Совет Қомусининг 61-жилдида (684-саҳифада) келтирилган»[6] деб ёзади. Олимни бу хулосага олиб келган асослар пухта: 1) Қомус мақоласини рус адиби В. Ян ёзган, у Чўлпон билан дўстона алоқада бўлиб, ижодий ҳамкорлик ҳам қилган; 2) у «Қомуснинг буюртмаси билан Чўлпон ҳақидаги мақоласини шоирнинг ўзидан тасдиқлатиб олган»[7].

Нашр маълумотларида «Яна олдим созимни» тўпламининг босмахонага 1990 йилнинг 28 февралида берилган деб қайд этилгани, бунгача қўлёзма маълум вақт нашриётда бўлганини эътиборга олсак, Озод Шарафиддинов сўзбошини 1989 йил охирларида ёзгани ҳақиқатга яқинроқ. Худди шу йили нашр қилинган «Баҳорни соғиндим» тўплами эса босмахонага 1988 йил 9 августда берилган, яъни нашрга тайёрлаш ишлари, жумладан, И. Ҳаққулнинг тўпламга сўз боши ёзиши (шўро тсензурасининг ҳар турли тўсиқлари ҳисобга олинмаганда ҳам) тахминан 1988 йил бошларига тўғри келади. Мазкур сўзбошида Чўлпоннинг туғилган йили 1893 йил[8] деб қайд этилган. Босмахонага 1990 йил 5 июлида берилган «Фидойилар» тўпламидан жой олган Э. Каримов мақоласида Чўлпон 1897[9] йилда туғилган деб ёзилган.

Нашр билан боғлиқ саналар таҳлилидан аён бўляптики, Чўлпоннинг туғилган йили сифатида 1897 йилни кўрсатиш 1989 йил охирлари – 1990 йилга келиб бошланди, бунга қадар эса кўпроқ 1893 йил кўрсатилган. Бу ҳол, тахминимизча, иккита сабаб билан изоҳланиши мумкин: 1) шу вақтга қадар юқорида эслатилган Қомусдаги маълумот мутахассислар эътиборидан четда қолиб келган; 2) бу вақтга келиб, ниҳоят, мутахассислардан бир нечаларига бунгача «махфий» тамғаси остида сақлаб келинган архив материаллари билан танишишга рухсат берила бошланган.

Чўлпоннинг туғилган йили қачондан бошлаб ва нима асосда 1893 йил деб кўрса­тила бошлангани ҳақида аниқ маълумотга эга эмасмиз. Ҳозирча фақат бу ҳолнинг адабиётларда 60 йиллардан бошлаб кузатила бошланганини айта оламиз, холос. Ҳар ҳолда, Чўлпоннинг туғилган йили «Катта совет энтциклопедияси»нинг 29-жилди (1978), «Ўзбек совет энтциклопедияси»нинг 12-жилди (1979)да, «Қисқача адабиёт энтциклопедияси»нинг 8-жилди (1975), М. Зокиров тайёрлаган «Тирик сатрлар» (1967) тўплами, Бегали Қосимовнинг «Излай-излай топганим» (1983) монографияси каби кўплаб манбаларда 1893 йил деб кўрсатилган. Ушбу маълумотнинг маълум даражада «расмий» нашр саналувчи барча энтциклопедиялардан ўрин олгани унинг мақомини, яъни «расмий маълумот» эканини, тегишли идоралар маъқуллаган, эҳтимол, тақдим этган маълумот деб тушунишга изн беради. Шоирнинг вафот санаси мазкур нашрларнинг деярли барчасида 1939 йил деб кўрсатилганки, бу ҳам маълумотнинг «расмий»лиги ҳақидаги фикрларимизни қувватлайди.

Хуллас, мамлакатда шахсга сиғиниш оқибатларини тугатиш – реабилитация жараёнлари бошланган, жумладан, Чўлпон фуқаро сифатида (ижодкор сифатида эмас) оқланган вақтдан бошлаб унинг ҳаёти ва ижодий фаолияти 1893–1939 йилларда кечган, деган маълумот бешак қабул қилинди. Натижада орадан йигирма йиллар ўтиб, ошкоралик йиллари – шоирни тўла оқлаш йўлида илк қадамлар қўйилганида ҳам, то Чўлпон ҳаёти ва ижодини ҳужжатли асосда ўрганиш бошлангунига қадар, табиий тарзда шу маълумот тўғри деб ҳисобланди.

1988 йил 17 июнда Андижон вилоятининг ўша пайтдаги бош нашри – «Коммунист» газетасида Чўлпоннинг жияни – синглиси Фоиқа Сулаймон қизининг ўғиллари Ўктам Мирзахўжаевнинг «Шоир хонадони бисотидан» номли мақоласи эълон қилинди. Унда муаллиф онасининг «Чўлпон 1898 йилда туғилган, унинг йили сак – ит бўлган… Андижон зилзиласи пайтида (1902) … тоғанг тўрт яшар бола экан» деган гапларини келтиради. Таъкидлаш жоиз, мақолада Чўлпоннинг таваллуд санаси масаласи алоҳида урғуланган. Мақола матнидан ташқаридаги ҳолат (контекст)дан ҳам хабардор бўлганим боис камина урғуни бошқаларга қараганда яққолроқ ҳис қиламанки, ҳозир ўша ҳолатни қисқача тавсифлаб ўтиш зарурати бор.

Мақола муаллифи – раҳматли устозимиз, иқтисод фанлари номзоди, доцент Ўктамжон Мирзахўжаев бизга сиёсий иқтисод фанидан дарс берган вақтларидан орамизда яхши муносабат шаклланган, бунинг устига Чўлпон ижоди бўйича илмий изланиш бошлаганим учун муносабатларимиз янада тиғизлашган эди. Домламиз, бир томони, давр шароитидан келиб чиқиб Чўлпонга алоқадорлигини кўпда ошкор қилмай (тўғриси, яшириб) яшашга мажбур бўлган, бунинг устига кўп вақт обком (вилоят партия қўмитаси)нинг ташвиқот бўлимини бошқарган одам, сиёсий жиҳатдан ғоят ҳушёр эдилар. Айтиш керак, ўша вақтлари домланинг ҳушёрлиги гоҳи гоҳи ғашимизни келтиргани ҳам бор, бироқ ҳозирда кўп йиллар мафкура хизматида бўлган ва бу борадаги бизга қоронғи кўп «нозик» жиҳатлардан бохабар кишининг бундай феъл-атвори асло бежиз эмаслигига ақлимиз етиб қолган. Хуллас, домламиз ҳам, чамаси, В. Ян ёзган энтциклопедия мақоласидан бехабар, ҳатто шоирнинг яқинларида ҳам бирон-бир ҳужжат бўлмаган бир шароитда Чўлпон 1893 йилда ё Озод Шарафиддинов кўрсатганидек 1883 йилда эмас, 1898 йилда туғилган деган қарашни оммалаштириш, илмда «пропискадан ўтказиш»га астойдил киришган эдилар. Сабаби, домла 1917 йилда 19-20 ёшда бўлган йигитчанинг Октябрь инқилобини «қабул қилолмагани» билан 23-24 ёшли одамнинг «қабул қилмагани» орасида еру осмонча фарқ борлигини жуда яхши билар эди. Унутмангки, ҳали 1987–1988 йилларда эдик: Чўлпон «истиқлолни уйғотган шоир» сифатида эмас, «қийинчилик билан бўлсада Инқилобнинг моҳиятини тўғри англай олган ва шўро мавқеига ўтган» ижодкор сифатида сафга қайтаётган эди. Зеро, яна уч йилдан сўнг истиқлолга эришамиз деган ўй бировнинг хаёл-хотирига келмаган, истиқлол ҳануз ҳў-ў йироқлардаги милтираган орзу эди у пайтлар. Айтмоқчиманки, домламиз мавжуд шароитда тўғри йўл тутган: тоғасининг ҳар жиҳатдан оқланишини, бу иш йигирма йиллар аввал бўлганидек аро йўлда қолмаслигини, яъни «граждан сифатида оқланиб, ижодкор сифатида оқланмади» қабилидаги ҳолат бўлмаслигини жуда-жуда истаган ва шунга мувофиқ ҳаракат қилган.

Хуллас, иш ўнгдан келиб, домла кўтарган муаммо бир йилга бориб-бормаёқ ҳал бўлди: ҳужжатлар топилиб, илмий муомалага киритилди, Чўлпоннинг туғилган йили 1897 йил дея эътироф этилди. Шоирнинг яқинларини ҳам бу сана қаноатлантирди, ҳар ҳолда, ҳеч бир эътироз бўлмади. Кўп ўтмай, 1997 йилда ҳукумат қарори билан Чўлпоннинг 100 йиллиги, 2007 йилда эса 110 йиллиги нишонланди, дарслик ва қўлланмалар, умуман, барча нашрларда шу сана қайд этиладиган бўлди.

Чўлпоннинг яна бир жияни – Фоиқа аянинг иккинчи ўғиллари Хотам ҳожи Мирзахўжаев шоир номини абадийлаштириш, ижодий меросини тиклаш ва оммалаштириш борасида қилинаётган ишлардан қаноатланмай ўтди. Раҳматли шу боис ҳам Чўлпон жамғармаси бошқарувини қўлга олиб, ҳолатни ўнглашга имкон қадар ҳаракат қилди. Жумладан, 2012 йилда Чўлпон асарларининг 4 жилдлигини чоп эттириш ҳаракатини бошладики, бунинг ўзи алоҳида тарих. Асосий масалага қайтсак, 2016 йил охирларидан бошлаб умри оёқлаб қолганини ич-ичидан сезиб, жамғарма фаолиятини ўзи орзулагандек йўлга қўйиш армонга дўнаётганини сезиб турган Х. Мирзахўжаев фикри-ёдини, «келаси йил Чўлпоннинг 120 йиллик тўйини чиройли ўтказсаму, сўнг ёруғ юз билан катта сафарга чиқсам», деган ўй эгаллаб олганди. Бироқ шоирнинг таваллуд санаси «расмий манбаларда, чунончи, Ўзбекистон Миллий энтциклопедиясида 1898 йил деб белгилангани» рўкач қилиниб, 2017 йилда ушбу тадбир нишонланмай қолди, ҳожи бува армонда кетди…

Хуллас, Ўзбекистон Миллий энтциклопедияси учун Чўлпон ҳақидаги мақола устоз Наим Каримов томонидан ёзилган ва унда шоирнинг таваллуд санаси 1898 йил деб кўрсатилган. Аввало айтиш керакки, Наим Каримов ҳам илгари Чўлпон 1897 йилда туғилганини қайд этган эди. Хусусан, олим 1991 йилда чоп қилинган «Чўлпон» номли рисоласида Чўлпоннинг синглиси Фоиқа ая ҳамда замондоши шоир Улфат айтган маълумотдан хабардор бўлгани ҳолда ҳам «Чўлпон В. Ян билан қилган суҳбатида ҳам, НКВД қамоқхонасида махсус анкеталарни тўлдирганида ҳам ўзининг 1897 йилда туғилганини тасдиқлайдики, бу сўнгги сана бевосита Чўлпон томонидан айтилганлиги ва ёзиб қолдирилганлиги туфайли биз учун мўътабар маълумот бўлиб қолади»[10] [6.8] деб таъкидлаган. Хўш, унда нега орадан маълум вақт ўтиб устознинг фикри ўзгариб қолди? Ё янги маълумотлар қўлга киритилганми? «Водийнома» журналининг 2018 йил 1-сонида эълон қилинган «Чўлпон қачон туғилган?» номли мақолага қараганда, яқин йилларда топилган янги маълумот йўқдай. Хўш, ундай бўлса, олим Чўлпоннинг таваллуд санасини ўзгартирганида қандай асосларга таянади? Шу асосларни аниқлаб, уларнинг ҳар бирига навбати билан алоҳида тўхталиб ўтамиз.

Биринчиси. «Чўлпон» маърифий романининг илк фасли «Зилзила» деб номлагани, гапнинг 1902 йил Андижон зилзиласи тасвиридан бошлангани бежиз эмас: муаллифнинг шоир туғилган сана масаласидаги қараши ўзгарган. Яъни, агар 1991 йилда Фоиқа аянинг хотираси шунчаки маълумот учун қабул қилибгина қўйилган бўлса, энди асос қилиб олинмоқда. Ҳолбуки, маълумот ўзгаргани, яъни унга янги тафсилот қўшилгани йўқ, унга муносабат ўзгарди, холос. Бундай ўзгаришга сабабини эса Наим Каримов қуйидагича изоҳлайди: «паспорт олиш расм бўлган 20 йиллар охири 30 йилларнинг бошларида кишиларнинг нафақат туғилган санаси, ҳатто исм-шарифини ёзишда ҳам қўпол хатоликларга йўл қўйилган. Шунинг учун ҳам кексалар, паспортдаги маълумотдан кўра, мучалга кўпроқ ишонч билдиришган»[11]. Бизнингча, бу ерда гап кўпроқ илгарилари таваллуд санасининг аниқлигига ҳозиргидек катта аҳамият берилмаганида. Катталар болани туғуруқхоналарда дунёга келтириш қатъий қоидага айланиб, туғуруқхонадан берилган маълумотнома асосидагина туғилганлик ҳақида гувоҳнома бериш йўлга қўйилмагунича деярли ҳамма таваллуд саналари тахминлаб (мучали асосида, бирон воқеага боғлаб, бўй-бастига қараб…) ёзилганини айтишади. Албатта, бу гаплар кенг оммага тааллуқли, зиёлилар бундан истисно қилиниши лозим. Хусусан, ўқимишли, бунинг устига русча таҳсил ҳам олган Чўлпон туғилган санасини имкон қадар аниқ билишга ҳаракат қилмаган бўлиши, бизнингча, мумкин эмас. Дарвоқе, 1926 йилда чоп қилинган ишчи деҳқон календарида бир саҳифанинг ярми Чўлпонга ажратилиб, сурати билан қисқача биографик маълумот берилган. Унда, жумладан: «Чўлпоннинг оти Абдулҳамид, отаси Сулаймонқул. Чўлпон 1897 йил Андижон шаҳрида туғилған», – дейилади. Аён бўляптики, Чўлпоннинг нафақат 1936 йилда берилган паспортида, балки ундан ўн йил илгариги манбада ҳам таваллуд санаси 1897 йил кўрсатилган. Демак, Чўлпон таваллуд санасини шу деб билган ё шуни қабул қилган. Шунақа экан, орадан шунча вақт ўтгандан кейин ҳам «синглиси бундай деган эди»ни асос қилган ҳолда уни ўзгартиришга зарурат бормикан? Бизнингча, йўқ, Чўлпоннинг ўзи тасдиқлаган сана илмда ҳам эътиборли саналиши керак.

Фоиқа аянинг хотирасида иккита таянч нуқта бор: 1) акаси зилзила вақтида тўрт ёшда эди; 2) акасининг мучали ит (сак) бўлган. Буларни у онасининг гапларига таяниб айтади. Маълумки, элимизда таваллуд вақтини ёзма қайд этиш одати бўлган эмас, буни мучал ёки бирон-бир аҳамиятли воқеа-ҳодисага боғлаб аниқлаш одат қилинган. Ҳар икки ҳолда ҳам сана тақрибан аниқланган, бир йил-ярим йил олдинга ё ортга сурилиши одатий ҳол бўлган. Бу ҳақда Ҳ. Мирзахўжаев ҳам Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси номига ёзган хатида тўхталган: “марҳума онамиз акасининг мучали «сак»лигини айтган бўлса ҳам, илгарилари йил ҳисобидаги фарқлар сабаб мучал масаласида кексалар кўпинча адашганлари, киши мучалини ё битта олдинга, ё битта ортга суриб юборганлари (яъни ит мучалида туғилганни товуқ, товуқ мучалида туғилганни ит деб – Д. Қ.), шу масалада кўп баҳс-мунозаралар келиб чиққанига гувоҳ бўлганмиз”. Шунга ўхшаш, масалан, «зилзила вақтида тўрт ёшда эди» дегани ҳам боланинг ёшини тақрибан аниқлашдир, яъни бунда ҳам бир йил-ярим йил фарқ эътиборга олинмайди. Шулардан келиб чиқилса, Фоиқа ая берган маълумот Чўлпон «тўғрилигини ўз имзоси билан тасдиқлаган» (Наим Каримов) фактни – санани инкор қилиш учун, бизнингча, етарли асос бўлолмайди.

Иккинчиси – устоз Фоиқа ая берган «маълумотнинг ишонарли ва айни ҳақиқат эканлигини Чўлпоннинг мучалдоши андижонлик шоир Улфат (Имодиддин Қосимов) ҳам тасдиқлаган» деб айтади. Улфат домладан «Баёни ҳол» номли шеърий автобиография қолган бўлиб, ундаги аниқ ва ишончли маълумот будир: 

Не деб, сўрасангизким, туғилган йилинг,
Тўққиз юз била бир минг олти, билинг.

Имодиддин отим, Қосим ўғлиман,
Менга Андижондир шарафлик ватан.

Ўз-ўзидан аёнки, Улфат домла 1906 йилда туғилган бўлса, Чўлпонга мучалдош бўлиши мумкин эмас. Унда мучалдошлик ҳақидаги гап қайдан келиб қолди? Фикримизча, буни қуйидагича изоҳлаш мумкин: Улфат домла 1989 йилда вафот этганлар, у вақтларда эса, юқорида кўрганимиздек, Чўлпоннинг таваллуд санаси, асосан, 1893 ва баъзан 1894 йил деб кўрсатиб келинган. Яъни бу ҳолда ҳамшаҳар шоирлар ораларида бир мучал фарқ қилган ҳолда мучалдош бўлишлари мумкин бўлади. Фақат бу ҳолда уларнинг мучали «сак» – ит эмас, «асп» – от бўлур эди. Кўриниб турибдики, Улфат домла Фоиқа ая берган маълумотни тасдиқлаётгани йўқ, аксинча, буткул бошқа маълумотни айтиб, яъни уни инкор қилиб турибди.

Учинчиси – «Садои Туркистон» газетаси таҳририяти 1914 йил 18 апрель сонида эълон қилинган «Туркистонли қардошларимизга» шеърига илова қилган маълумот. Унда шеър муаллифининг 15 ёшда эканлиги қайд этилган. Ҳолбуки, худди шу йили мазкур газетада Чўлпоннинг яна «Қурбони жаҳолат» ва «Дўхтур Муҳаммадиёр» ҳикоялари, «Адабиёт надир» номли мақоласи; «Садои Фарғона» газетасида «Ватанимиз Туркистонда зироат ва деҳқончилик», «Ватанимиз Туркистонда темир йўллар» каби мақолалари эълон қилинган; «Ойна», «Шўро» журналлари, «Таржумон» ва «Вақт» газеталарида қатор чиқишлар қилган. Хуллас, шу йилнинг ўзида анчагина салмоқли ишлар қилинганки, улар ҳажми жиҳатидан ҳам, мазмун-моҳиятига кўра ҳам 15 ёшли ўсмирнинг иши эмас. Улардаги шаклланган ижтимоий-ғоявий қараш, таҳлилий нигоҳ, мустақил позиция каттароқ ёшга хосдир. Шу билан бирга, таҳририят томонидан берилган маълумот ҳам тахмин мақомида, холос. Чунки, биринчидан, Чўлпон шеър қўлёзмасини таҳририятга қандай етказгани: почта орқалими ё Тошкент сафарига отланган киши орқалими – маълум эмас. Иккинчидан, шеърга илова қилиб муаллифнинг ўзи ҳақида маълумот юборган-юбормагани ҳам қоронғи. Ўйлаб кўрилса, юбормагани ҳақиқатга яқинроқ. Зеро, агар аксинча бўлса эди, хат руҳи – худди аввалроқ Исмоилбейни мафтун этган мактуб каби – таҳририят ходимларини мафтун этган ва натижада у ҳам эълон қилинган ёки, жиллақурса, хатдаги гаплар эслатилган бўлиши керак эди. Сабаби, бу Чўлпоннинг таҳририятга биринчи мактуби, унда мукотиб ўзини тақдим этиши, яъни ўзининг ғойибона таниган маслакдошларига қалби ва ўйидагини очиб кўрсатиши, демакки, мактубнинг таҳририятни ўзига ром этиши табиий бўлур эди. Балки, ёшлар – Абдулҳамид ва М. Санжарбекка берилган таърифни худди уларни яқиндан таниган одам ёзгандек кўринар, бироқ ундай эмас, бундай таърифга Чўлпон юборган шеър матнининг ўзи ҳам етарли асос беради. Хуллас, айтиш мумкинки, шеър қўлёзмасининг кишидан бериб юборилган бўлиши эҳтимоли ҳақиқатга яқинроқ, чунки агар почтадан юборилганида илова мактубнинг бўлиши заруратга айланар эди. Энди илова мактуб бўлмаган деган фикрда тўхтасакда, яна хаёлга эрк берсак: шеърни омонат келтирган кишига «бу шоир ўзи ким, ёши нечада…» қабилида савол беришган бўлса, у ҳам «ҳа, бир толиби илм бола, ўн беш ёшларда бўлса керак» қабилида жавоб берган бўлиши ҳам эҳтимол. Тўғри, каминани «хаёлга эрк беришда» айблаш мумкиндир, лекин бундай бўлмаганини исботлашнинг иложи йўқ экан, бу хаёл ҳам бир эҳтимол сифатида яшашга ҳақли. Боз устига, модомики таҳририят маълумоти ҳужжатли асосга эга эмас экан, у ҳам мақомда шундай эҳтимоллардан бири, холос. Шундай экан, у ҳужжатли маълумот (1897 йил санаси – ҳужжатли)ни инкор қилиш учун асос бўлолмайди.

Тўртинчиси – «Садои Туркистон» газетасининг 1914 йил “24 сентябрь сонида андижонлик «16 ёшли талаба»нинг Исмоил Гаспринский вафоти муносабати билан ёзган шеъри босилган. Сўнгги байтдаги «Ҳамидий» тахаллуси шеърнинг Абдулҳамид Чўлпонга мансуб эканлигидан далолат беради. Ва бу факт унинг 1898 йилда туғилганлигини кўрсатади”[12]. Аввало, сўнгги байтдаги «Ҳамидий» тахаллуси шеърнинг Чўлпон қаламига мансублигига далил бўлолмайди, чунки ўша вақтлар Андижонда ундан бошқа ҳам Ҳамид, Абдулҳамид, Ҳамидулло отлиғлар кўп бўлгани, улардан биронтасининг шеър машқ қилганию «Ҳамидий» тахаллусини хуш кўрган бўлиши мумкинлиги эҳтимолини истисно этиб бўлмайди. Шунингдек, шеър ёзиб юрган талаба исмига боғламаса ҳам бошқа важ билан, борингки, хушжаранг туюлганидан айни тахаллусни танлаган бўлса не ажаб?! Хуллас, нима бўлганда ҳам шеърига «16 ёшли талаба» деб имзо қўйган Ҳамидийнинг Чўлпон эканлигига ишониш қийин. Ахир илк ҳикояларини «Абдулҳамид Сулаймоний» деб имзолаган, кейинча – 1914 йил апрель ойи охирларидан бошлабоқ ёзганларига «Чўлпон» деб имзо қўйишни бошлаган бўлса – нега энди сентябрь ойига бориб биргина шеърида «Ҳамидий» тахаллусини келтириши керак? Боз устига, Чўлпоннинг бундан кейин ёзган шеърларида ҳам ушбу тахаллус умуман учрамайди. Шулардан келиб чиқиб, Ҳамидий тахаллусини қўллаган шоир бутунлай бошқа одам бўлиши ҳам мумкин деган тўхтамга келамиз. Мисол учун олсак, ўша давр матбуотида андижонлик Шамсиддин Муҳаммадрасулзода исмли бир шоир қатнашиб турган. Жумладан, унинг «Фарғона саҳифаси» номли «ҳар кун чиқадурғон сиёсий, адабий, халқ фоидаси йўлига юрадирғон ғазита»нинг 1917 йил 15 апрель сонида эълон қилинган шеъри: 

Ҳамидийдур илма қадам қўён одам,
Чирмов каби бир бўлишга чирмашайлик.

мисралари билан якунланади. Тўғри, ҳозирча шоирнинг тўрттагина шеъри қўлимизда, шулардан биттасида «Ҳамидий» тахаллуси ишлатилган, холос. Фақат шуниси борки, шеърларнинг ҳаммаси маърифатчилик руҳида, илм-маърифатга даъват мазмунида бўлиш билан бирга, бир неча ўрнида муаллиф талаба эканига ишоратлар бор. Яъни маърифатпарвар инсон[13] сифатида унинг маърифатчилик ҳаракати раҳнамоси Исмоил Ғасипрали вафоти муносабати билан марция ёзган бўлиш эҳтимоли йўқ эмас. Хуллас, айтганларимиз ўша марцияни Шамсиддин Муҳаммадрасулзода ёзган деган хулоса чиқариш учун камлик қилиши мумкин, бироқ Ҳамидий – Чўлпон эмас дея таъкидлаш учун, фикримизча, етарли кўринади.

Бешинчиси – хотиралар. Аввало, хотира – ўз номи билан хотирада, кундалик эмас. Яъни илгари бўлиб ўтган воқеаларни эслашда хронологик аниқлик ҳам, тафсилотлар ҳаққонийлиги ҳам юз фоиз бўлмайди, бўлиши мумкин ҳам эмас. Зеро, ўтмиш воқеаларини ёритишга субъектив омил аралашади: хотиранавис ўтмишни нафақат эслайди, уни қайта идрок қилади, баҳолайди, маълум даражада қайта яратади ҳам – хотирада субъектив омил салмоқли келади. Яна бир жиҳати, хотира объектидан узоқлашилган сари субъективлик ҳам мос равишда ортиб бораверади. Хуллас, хотирани бешак ҳақиқат, ишончли далил, факт ўлароқ қабул қилганда бироз ҳушёрроқ бўлингани маъқул.

Наим Каримов «Чўлпонни яхши билган замондошларидан бири» атоқли маърифатчи Мўминжон Муҳаммаджонов хотираларига ҳам таянади. М.Муҳаммаждонов «Турмуш уринишлари» номли роман-хотирасида Чўлпон билан илк бор 1916 йилнинг кузида кўришганини эслайдида, ўшанда: «У ўн етти-ўн саккиз ёшлар чамасидаги, оқ чўтир, барвастадан келган бир йигитча экан»[14], – деб ёзади. Аввало, устознинг шу гапга асосланиб чиқарган “Бу маълумот ҳам «Чўлпон 1898 йилда таваллуд топган», деган фикрни англатади”[15] тарзидаги хулосаси у қадар ишонарли эмас. Негаки, хотиранавис «ўн етти-ўн саккиз ёшлар чамасидаги» деяпти, бу эса «ҳақиқатда неча ёшда эканини билмайману, кўринишидан ўн етти-ўн саккиз ёшларда» деганидир. Яъни гап бораётган одам ҳақиқатда ўн олти ёшда ҳам, ўн тўққиз ёшда ҳам бўлиши мумкин, зеро, киши ёшини кўринишига қараб тусмоллаганда бир йил-ярим йил орттириб ё камитиб айтиш одатий ҳол. Яна бир муҳим нуқта шуки, Чўлпон ҳақидаги хотира асарнинг 1926 йилдаги биринчи нашрида умуман йўқ[16], у 1964 ва 1969 йиллардаги нашрларга киритилган. Агар ушбу ўринлар матнга 1964 йилги нашрни тайёрлаш жараёнида киритилган десак, у ҳолда хотиранавис Чўлпон билан илк учрашувини эслаганида табаррук ёшда бўлиб чиқади. Хуллас, мазкур сабабларга кўра ушбу хотирани Чўлпоннинг таваллуд санасини белгилаш учун асос қилиб олиш, фикримизча, илмий жиҳатдан унчалик тўғри бўлмайди.

* * *

Устоз Наим Каримов «Водийнома»даги мақоласини «шоир туғилган санани 1897 йил эмас, балки 1898 йил деб белгиласак, Чўлпон учун энг азиз ва муқаддас нарса – Адолат ҳазратлари кечикиб бўлсада тантана қилган бўлади» деган сўзлар билан якунлайди. Юқоридаги мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда биз бунга зарурат йўқ, аксинча, таваллуд санасини ўзгартириш илмий жиҳатдан тўғри бўлмайди, демак, адолатга ҳам рост келмайди деб ҳисоблаймиз. Чўлпон ўзи қабул қилган ва у ҳаётлик вақтидаги ҳужжатларда акс этган 1897 йил таваллуд санаси сифатида эътироф этилиши керак. Зеро, ҳозирда буни тафтиш этишга ҳеч бир илмий зарурат ҳам, бу санани асосли инкор қила оладиган далиллар ҳам мавжуд эмас. Шундай экан, бу маълумот ҳали тўла оммалашиб кетмасидан, яъни барча ахборот, илмий ва таълимий манбаларга кўчиб улгурмасидан туриб масалага нуқта қўйиш зарур. Шундай қилинса, келгусидаги чалкашликлар, ўринсиз баҳсларнинг олди олинган бўлади.

«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 10-сон

________________

[1] Шарафиддинов О. Ижод йўли // Ёшлик. – 1987. –№ 10. – Б.49

[2] Шарафиддинов О. Ижод йўли // Ёшлик. – 1987. –№ 10. – Б.49

[3] Шарафиддинов О. Ижод йўли // Ёшлик. – 1987. – № 10. – Б.49

[4] Шарафиддинов О. Чўлпоннинг ижодий йўли тўғрисида // Шарқ юлдузи. – 1988. – № 2 – Б.58-63

[5] Шарафиддинов О. «Кулган бошқалардир, йиғлаган менман…» // Чўлпон. Яна олдим созимни. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1991. – Б.5-18

[6] Шарафиддинов О. «Кулган бошқалардир, йиғлаган менман…» // Чўлпон. Яна олдим созимни. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1991. – Б.5-18

[7] Шарафиддинов О. «Кулган бошқалардир, йиғлаган менман…» // Чўлпон. Яна олдим созимни. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1991. – Б.5-18

[8] Ҳаққулов И. Қалб ёлқини – сўнмас ёлқин // Чўлпон. Баҳорни соғиндим. – Т.: Юлдузча, 1989. – Б.3-10

[9] Каримов Э. Олисдаги ёрқин юлдуз. // Фидойилар. – Т.: Фан, 1990. – Б.17-23

[10] Каримов Н. Чўлпон.- Т.: Фан, 1991.

[11]  Каримов Н. Чўлпон. Маърифий роман. – Т.: Шарқ, 2003

[12] Каримов Н. Чўлпон. Маърифий роман. – Т.: Шарқ, 2003

[13] Шамсиддин Расулзода (Муҳаммадрасулзода) чинданда маърифатпарвар, адабиёт ва санъатга меҳри баланд, ижодкор инсон бўлгани 20 йилларда бир-иккита песаларининг Андижон театрида муваффақиятли саҳналаштирилгани, шеърлари билан матбуотда мунтазам қатнашиб турганидан маълум бўлади. Афсуски, унинг ҳаёти ва фаолияти ҳозирча жиддий ўрганилган эмас.

[14] Муҳаммаджонов М. Турмуш уринишлари. – Т.: Давлат бадиий адабиёт нашриёти, 1964

[15] Каримов Н. Чўлпон. Маърифий роман. – Т.: Шарқ, 2003

[16] Мўминжон Муҳаммаджонов Тошқин. Турмуш урунишлари. – Т.: Мумтоз сўз, 2015