Қозоқбой Йўлдош. Уйғунлик

      Комментарии к записи Қозоқбой Йўлдош. Уйғунлик отключены

Дунё тамаддунига назар ташланса, чинакам Шахсни тарбиялаб, вояга етказишда ҳамиша маълум кемтикликлар бўлган. Шу ўринда жамоавий ўйин — ғалабага кафолат қоидаси эса наинки спортда, балки адабиётшуносликда ҳам бир қадар кўриниб қолди.

Бадиий адабиётга ёндашувлар фарқланди. Аввалгидай адабиётшунослик фани “санитар” вазифасини ўтамай қўйгандек.

Демак, бир хоссали индивидлардан эмас, балки турли хусусиятларга эга бўлган мураккаб таркибли гетероген шахсиятлардан ташкил топган бугунги ҳаётда фикр эркинлиги қарор топаётгани ижод аҳлига қанча қулайлик туғдирган бўлса, адабиёт танувчи олимларга шунча қийинчилик пайдо қилади. Негаки, илм қонуниятлар билан иш кўришни тақозо қилади. Қонуният эса универсалликни талаб этади. Универсаллик анъаналар бағрида етилади. Ҳозир бўлса, бадиий ижод соҳасида анъаналарга амал қилмаслик анъанага айланиб бормоқда. Аммо адабиётшунослик ва адабиётга ўз назари билан илмий-амалий ёндашаётган мунаққидлар ҳали орамизда борлиги қувонарли.

Профессор Дилмурод Қуроновнинг илмий фао лиятидаги илк ўзига хослик шундаки, у эгаллаган фалсафий ва илмий-назарий билимларни адабий яратиқларни текширишнинг ишончли қуролига айлантира олади. Шунинг учун ҳам олим ҳар қандай мушкул илмий масаланинг асл моҳиятига кира билади. Чунончи, у бадиий ижодни истеъдодли одамнинг оламни билиш ва у ҳақдаги ўй-туйғуларини ифодалаш эҳтиёжининг маҳсули ҳисоблайди. У ифодалаш эҳтиёжи билиш эҳтиёжидан кам бўлмаган қудратга эгалигини алоҳида таъкидлайди. Кўркам асарнинг яратилиш ва ўқилиш кечимини одамлараро эстетик мулоқотнинг кўриниши ҳисоблаган Дилмурод: “…адабий асарнинг моддий асоси тил унсурларидан таркиб топган матн, яъни замонда воқе бўлган ва ёзув ёрдамида қотириб қўйилган нутқдир”, деб ёзади. Бундай ёндашувда нутқ ҳамиша кимга ёки нимагадир қаратилган бўлиши билан табиий равишда мулоқотни юзага келтириши кўзда тутилади. Олим ўзининг бу қарашини: “…адабий асарнинг ўзи моҳиятан мулоқот”, дея кучлантиради. У ижодкор бирор асарни ёзаётгандаёқ жуда аниқ бўлмаса-да, муайян ўқирманни кўзда тутиб, у билан мулоқотга киришишини: “…бадиий матн муддати кечиктирилган… мулоқот, бадиий асар эса шу мулоқотнинг амалга ошишини таъминловчи восита” эканини қайд этади. Олим бу қарашини: “…адабий асар энг аввал, нутқ ҳодисаси: адабий асарнинг яратувчиси — нутқ ирод этаётган одам, шунга мос тарзда адабий асарнинг ўқувчиси — тинглаётган одам. Бундай дейишимизга асос, ёзмоқнинг моҳиятан тасаввурдаги ўқувчига гапирмоқ, ўқимоқ эса тасаввурдаги ёзувчини тингламоқ эканидир”, дея янада конкретлаштиради.

Дилмурод бадиий асар ёзишгина эмас, балки ўқиш ҳам ижодий жараён, деб билади. Ўқирман асарга бадиий ҳодиса деб ёндашмас экан, у кўркам яратиққа айланмай қолаверишини қайд этади. Чиндан ҳам кўркам асар ўқиб тушунган одам учунгина мавжуд бўлиб, ўқимаган одам учун эса йўқ нарсадир. Назарий билимларини адабий ҳодисаларни тадқиқ этиш кечимига татбиқ қила олган профессор Д.Қуронов шарҳли ўқишдан замонавий адабий таълимда фойдаланишнинг назарий асос лари ва амалий йўлларини кўрсатиб беради. Тажрибали педагог сифатида олим “Адабий таълимда тарихий-биографик шарҳнинг аҳамияти ҳақида” мақоласида: “…шарҳ асардаги образлар тилини мантиқ тилига ўгиришдирки, шу жиҳатдан у мумтоз адабиётни ўқитишда ҳам, янги адабиёт намуналарини ўрганишда ҳам бирдек муҳимдир”, деб ёзади. Олим Чўлпоннинг машҳур “Қаландар ишқи” ғазалини шоирнинг ҳаёти, ижоди, ижтимоий-сиёсий фаолияти ҳамда шахсиятига хос жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда тамомила ўзгача ракурсда текширади.

У турли ҳужжатлар, ёдловлар ва ўзининг асос ли тахминларига таяниб, шоирнинг ўша шеърни ёзаётган вақтдаги кайфияти қандай бўлганигача кўрсатиб беришга эришади. Шу усул ёрдамида ғазал замиридан бир дунё яширин ижтимоий маъно топади. Буни олим: “Қаландар ишқи” каби рамзий-метафорик ифода йўсинига қурилган ғазаллар ўзида аввалбошдан икки турли талқин имкони билан яралади. Яъни, бундай асарларда тасвирланган нарса (тасвир плани)дан бевосита ўсиб чиқувчи маъно ҳам, контекст(лар) да намоён бўлувчи тагмаъно ҳам мус тақил, бир-бирига ҳалал бермаган ҳолда яшайверади. Демак, ғазал мазмунининг турлича тушунилиши табиий ва қонуний ҳолдир”, дея изоҳлайди. Шу тариқа шарҳлаб ўқиш дегани тушунарсиз сўзларни изоҳлашдангина иборат жўн юмуш бўлмай, тадқиқотчи ёки ўқитувчидан жиддий тайёргарликни талаб қиладиган самарали илмий ёндашув эканини кўрсатиб беради.

Олимнинг бадиий асарларни мифопоэтик талқин қилиш борасидаги қарашлари ўзбек илми учун тамомила янгилик бўлди. Ўзбек адабиёттанув илмида ҳам мифлар ҳақида кўп гапирилган. Тадқиқотлар қилинган, китоблар чоп этилган, аммо мифопоэтик ёндашув аслида нима экани ва уни амалиётга қандай татбиқ этиш мумкинлиги қоронғилигича қолаверган. Дилмурод бу ҳақда: “Ўтган кунлар”нинг… тез шуҳрат топиб қўлма-қўл ўқилишига сабаб бўлган бош омил, бизнингча, унинг том маънода миллий адабий анъаналар заминида турганидир… Ўйласам, бу фикрни эскитдан турли шаклларда айтиб келаман экан-у, унга исботланиши шарт бўлмаган аксиомадек қарар эканман. Мифопоэтик ёндашув эса… мазкур фикр ни илмий асослаш имконини яратар экан”, деб ёзади. Очиғи, мен мифопоэтик ёндашувнинг миллий адабий анъаналар илдизини кўрсатишга алоқаси борлигини хаёлимга ҳам келтирмаганман. Уни кунботишликлар ўйлаб топган бир қадар сунъий назария санаб келардим. Дилмуроднинг романни шу усулда талқин қила билганига қойил қолдим. Тўғри, бу усул роман бадиияти ва жозибасини тўлиқ очиб беришга хизмат қилади, деб ҳисобламайман. Айни вақтда, битикнинг тасвир йўсинида ўзгармас миллий универсалликлар борлигидан ҳам кўз юмолмайман. Албатта, буюк ёзувчи ўз битигига бундай ёндашув бўлиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмаган. Аммо олим ўзининг илмий қуд рати сабаб субъект томонидан яратилган бадиий объект бағридаги объектив қонуниятни кўра ва кўрсата билди. Профессор Д.Қуронов ўз асарларида ҳар бир бадиий-эстетик ҳодисани келтириб чиқарган омилни аниқлашга жиддий эътибор қаратади. Бундай ёндашув эстетик ҳодисанинг моҳиятини тўғри англашга имкон беради. Олим кўркам адабиётнинг ижтимоийлашуви, кўплар ўйлаганидек, совет ёзувчилари эмас, балки жадид ижодкорларидан бошланганини қайд этади. Жадидлар бадиий адабиётга тўлиғича ижтимоий юк ортиб, уни мақсаддан воситага айлантирдилар. Бу ҳол жадид адибларининг барча битганларида яққол кўриниб туради.

Дилмурод Қуронов — оригинал фикрлайдиган олим. У ҳамиша ҳамма кўрган эстетик ҳодисанинг ҳеч ким пайқамаган жиҳатларини кўра ва изоҳлай билади. “Душманни танитган дўст” мақоласида барчаси бирдай кетма-кет санаб кетилавериладиган Фитрат, Чўлпон ва Қодирий шахсиятларининг бир-биридан айирмали қирраларини биргина чизги билан аниқ кўрсатиб беради: “Чўлпон билан Фитрат ижтимоий жараён ичида яшаган бўлсалар, ижтимоий жараён А.Қодирийнинг ичида яшаган”. Бу қарашнинг тўғрилигини буюк адибнинг ўз иқрорлари ҳам асослайди. У адабиётга доир атамаларда ҳам ўта аниқлик бўлишига интилади. Негаки, ҳар қандай атама моҳиятнинг нутқий қобиғидир. Шу сабаб “бадиий талқин” билан “адабий талқин” тушунчаларини фарқлаш кераклиги, биринчиси ижодкорга, иккинчиси адабий истеъмолчи, яъни ўқирман ёки синчига тат биқан ишлатилса, тўғри бўлишини қайд этади. Олим илмий талқин “талқиннинг талқини” эканини таъкидлайди. У адабий талқин моҳиятини “… бадиий асардаги “образлар тилини” мантиқ тилига ўгирмоқ, образлар воситасида ифодаланган мазмунни тушуниш ва тушунтирмоқдир” тарзида очиқлайди. Дилмурод кўпроқ даражада иррационал фаолият маҳсули бўлмиш кўркам яратиқларни рационал йўсинда ифодалай олиш салоҳиятига эга камсонли мутахассислардандир.

Профессор кўркам асарни ўқиш шунчаки истеъмол жараёни бўлмай, ўзига хос ижод кечими экани, у ўқирмандан интерфаол ёндашув ни талаб қилишини уқтиради. Олим бадиий асар мазмунини фақат муаллифга боғлаб қўйиш тўғри бўлмаганидай, уни фақат ёзилган вақт доираси билан чегаралаб қўйиш ҳам маъқул эмаслигини, кўркам битик ҳаётнинг ўзи сингари тинимсиз ўзгаришлар оғушида бўлишини урғулайди. Чинакам бадиий яратиқнинг муаллифга, яратилган макон ва замонга боғлиқ бўлмаган ўз умри борлигини: “Зеро, образ ижод онларидаги маънавий-руҳий ҳолатни ўзига муҳрлаган ҳолда тамом бошқа маънолар ифодасига ҳам хизмат қилаверади”, тарзида қайд этади. Олим бугунги адабий жараённинг соф кузатувчиси бўлганидан унинг оғриқли нуқтасини: “Назаримда, энг катта муаммо — ҳозирги адабиётнинг ўқувчини бой бергани”, дея аниқ белгилайди. Дилмурод Қуронов — серқирра олим. У илму ижоднинг педагогика, адабиёт назарияси, луғатчилик, матн шунослик, компаративистика, синчилик, ўгирмачилик ва ноширлик сингари қатор тармоқларида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Олим — беш юзга яқин илмий мақола, икки дарслик, уч монография, уч қўлланма, бир луғатнинг муаллифи. Унинг раҳбарлигида чоп этилган “Адабиётшунослик луғати” бу соҳадаги асосий ўқув воситаси сифатида қўлланилади. Олимнинг “Адабиёт назарияси асослари” дарслиги мамлакатимизда бугун тўлиқ амалда бўлган ягона назарий битикдир. Истеъдод кўп улуғ неъмат, аммо шахсияти истеъдоди даражасида бўлмаган ижодкор чоғдошларига кўп ташвишлар келтириши мумкин. Профессор Д.Қуронов улкан истеъдод билан йирик шахсиятни уйғунлаштира билгани учун ўзбек адабиёттанув илми ривожига сезиларли ижобий таъсир кўрсата олди. У энг мураккаб илмий тушунча ва муаммолар моҳиятини теран англаб етгани учун ҳам улар ҳақида жуда тушунарли йўсинда фикр юритади. Илмий ифодадаги тушунарсизлик билишдаги чалаликнинг ташқи кўринишидир. Олим энг чигал адабий қонуниятларни англатишда ҳам андижонликлар нутқида кўп учрайдиган “жудай-ла”, “ҳеч йўқ”, “бўлибам” сўз бирикмаларини қўллайдики, бу ҳол унинг қарашларига алоҳида самимият бағиш лайди. Дилмурод — ўз нуқтаи назарини қаттиқ ҳимоя қиладиган олим. Шу боис у тез-тез баҳслашиб туради. Унинг баҳслари мухолифининг шахсига эмас, қарашларига йўналтирилган бўлади ва рақибига фақат мантиқ билан босим ўтказади. “Гипотетик усул” ҳақида мулоҳазалар”, “Адабий жараёнда “Мом синдроми”, “Роман ҳақида айрим мулоҳазалар”, “Яна даврлаштириш масаласига доир” сингари қатор мақолаларида олимнинг ўта босиқлик билан ўз қарашларини ҳимоя қила билиши яққол кўзга ташланади.

Мен ҳам Дилмурод билан кўп баҳслашаман. Чунки уни кўп ўқийман, кўп таъсирланаман, кўп нарса ўрганаман. Табиийки, айрим ҳолларда ўзгача фикрда ҳам бўламан ва ўз қарашларимга таяниб, унинг фикрларига муносабат билдираман. Ишонаманки, у шахсим билан эмас, қарашларим билан баҳс қилади ва ҳақ йўл сари оғишмай юраверади.

Барчага-барча томони маълум бўлган қари очуннинг ҳеч ким кўрмаган қирраларини кўриш ва кўрсата билиш санъати бўлмиш бадиий адабиёт ҳақидаги оригинал ва асосли илмий қарашлари билан миллат бадиий-эстетик тафаккури ривожига сезиларли таъсир кўрсатган улкан олимни қутлуғ ёши билан муборакбод этиб, унинг илмий изланишлари ва шахсий ҳаётида яна кўпдан-кўп ютуқлар бўлишини тилаймиз. Ўзида педагоглик, назариётчилик, синчилик, ўгирмачилик, ноширлик, ўйчиллик сингари сифатларни уйғунлаштирган Дилмурод Қуроновга илмий-ижодий юксалишлар ёр бўлсин!

Қозоқбой ЙЎЛДОШ

“ҲУРРИЯТ” 2020 йил 4 ноябрь