Адабиёт биз кўниккан тушунчадангина иборат эмас…

      48 марта кўрилган

(Ёзувчи У.Ҳамдам билан суҳбат)

 

Улуғбек Ҳамдам: Сир эмас, кейинги қарийб йигирма-йигирма беш йил мобайнида давр тубдан ўзгарди. Бу дегани  шуки, янги даврга хос бўлган кайфият ҳам пайдо бўлди. Демак, истаймизми-йўқми, янгиланган кайфиятни ўз асарларида акс эттирувчи авлод ҳам вояга етган бўлиши керак. Агар шундай бўлса, қани улар? Нега “манаман” дея кўзга ташланмаяпти?  Бу гапни яна шунинг учун айтаяпманки, давраларда кўпинча 70-йиллар авлодидан кейин бизда бошқа адабий авлод шаклланмади, деган ёзғириқларни тез-тез эшитиб қоламиз. Чиндан ҳам шундайми?  Акси бўлса, бунинг исботи борми? Чунки ҳар бир янги авлоднинг ўз ижодий кредоси бўлади, дунёни бадиий-эстетик қабул қилишида ўзига хослик бўлади, хўш, шу хусусиятлар нималарда кўзга ташланади? ХХ аср ўзбек адабиёти тарихига назар ташласак, адабий авлодлар бир-бирларидан жуда кўп жиҳатларга кўра яққол ажралиб турганининг гувоҳи бўламиз. Чунончи, маърифат, ислоҳот ва озодлик ғоялари билан суғорилган ижтимоий кайфият жадидлар авлодининг; инқилоб ва шўронинг илк йилларидаги ғалабали (бунинг замиридаги қурбонлару йўқотишлардан қатъи назар) юришлари билан боғлиқ ижтимоий кайфият 20-йиллар авлодининг; социализм ғоясига ишончнинг тирилтирилиши билан боғлиқ ижтимоий кайфият 60-йиллар авлодининг; ғояга ишончнинг барбод бўлиши ва туб ижтимоий ўзгаришлар (жумладан, истиқлол) заруратининг ҳис этилиши билан боғлиқ ижтимоий кайфият 70-йиллар авлодининг ғоявий-эстетик мавқеини белгилаган. Хўш, бугун-чи?Бугунги адабий авлоднинг (агар у шаклланган бўлса!) ғоявий-бадиий-эстетик қарашлари нималардан иборат?

Д.Қуронов: Сирасини айтсам, мен кўпроқ “70-йиллар авлодидан кейин бизда адабий авлод шаклланмади” дегувчилар фикрига қўшиламан. Бироқ бу фикрни ёзғириқ оҳангида ёки адабиётимизга 70-йиллар авлодидан кейин кириб келганларни камситиш маъносида айтиш тўғри эмас деб биламан. Назаримда, Улуғбек ХХ аср ўзбек адабиётидаги адабий авлодларни жуда тўғри санаб ўтди, ҳар бирининг ғоявий-эстетик мавқеи, ижодий кредосини белгилаган асосий омил – давр доминант ижтимоий кайфияти моҳиятини ҳам лўнда ифодалади. Ҳақиқатан ҳам саналган авлодлар ғоявий ва адабий-эстетик қарашлари жиҳатидан бир-биридан аниқ-тиниқ фарқланади. Савол туғилади: мумтоз адабиётимизда ҳозир биз назарда тутаётган маънодаги “адабий авлод”лар борми? Ўйлайманки, агарда йўқ десам, биров эътироз қилмаса керак. Демак, адабий авлод дегани муайян давр, шу давр юзага келтирган маълум шарт-шароитлар маҳсули экан-да! Фикримча, шундай: у шахс ижтимоийлашган, ўзининг моҳиятию тақдирини жамият билан бирликдагина идрок қилиб, ижтимоийликни шахсийликдан устун қўйган давр маҳсули. Ҳозирги инсон эса, буни хоҳ Ғарб таъсири денг ва хоҳ бошқа, тамом бошқа олам: у турмушини яхшилаш, ўзи ва яқинларида мавжуд имконларни намоён этишу фаровон яшаш учун зарур шароитлар яратиш… каби оддий, кундалик ташвишлар билан андармон. Илож қанча, яқин-яқинларгача адабиётимиз “мешчанча” дея қоралаб келган турмуш ва тафаккур тарзи энди одатий нормага айланиб улгурганини тан олишга тўғри келади. Айтмоқчиманки, Улуғбек, сиз айтган “янги даврга хос бўлган кайфият”, менимча, шунинг ўзидир. Тўғри, ич-ичимизда бу билан келишолмай турганимиз бор гап: ижтимоий фикрга кенг миқёсда таъсир қила оладиган адабиётни, нафақат бадиий, балки ижтимоий тафаккурнинг ҳам илғорида борадиган ижодкорларни – шу куннинг гапини айтадиган “адабий авлодни” ҳануз соғинаётганимиз шундан. Ҳолбуки, “янгиланган кайфиятни ўз асарларида акс эттирувчи авлод ҳам вояга етган”, фақат ундан салафларидаги белгиларни излаш бефойда. Негаки, энди ижод аҳлининг барини бирдек ўртовчи умуммиллий дард йўқ, яъни ижтимоий дардни шахсийлантира олишнинг ўзи кифоя эмас, аксинча, шахсий дардни ижтимоий аҳамиятга молик даражада бадиий талқин қила олиш салоҳияти зарур. Энди бир ўйланг, бугунги санъаткор ҳамманинг дилига бирдек йўл топиши, ҳамманинг дилидагини айта олиши мумкинми? Фикримча, йўқ, унинг айтганлари фақат бир қисмнинг кўнглидагина акс садо беради, чунки оммадаги бадиий дид турфа, маънавий-руҳий эҳтиёжлар хилма-хил. Иккинчи томони, ижодкор бугун аввало ўзини ифодалайди дедик, демак, бугун асарларда воқеланаётган шахсиятнинг даражаси, маънавий-руҳий имконлари-да турфа: бирида оламий муаммоларнинг ташвишли талқини, бошқасида кўнгилнинг олис пучмоқларида ботин шаҳвоний ва ё ваҳшиёна майллар муҳри… Ижодкорларнинг кимиси атрофидаги нарса-ҳодиса ва ё воқеадан ҳикмат излайди, бошқаси тамом янги воқелик яратиш пайида, тағин бириси учун айтаридан кўра айтиш жараёнининг ўзи муҳимроқ – сўзларни, рамзу тимсолларни ўйнатиш билан овора.

Улуғбек Ҳамдам: Назаримда, бугунги кунда адабиётимизнинг энг катта хусусияти унинг ранг баранглигидир. Ҳа, замонавий ўзбек адабиёти мавзу жиҳатидан ҳам, жанрий ўзгаришлар нуқтаи назаридан ҳам, услуб томонидан ҳам ғоят хилма хил кўринишга эга бўлиб бораётир. Фикримча, шу хилма хиллик ва унга доимо эга бўлиш имкони бизнинг асл, бебаҳо бойлигимиз бўлса, ажаб эмас. Демак, аввало, шу бойликнинг қадрига етмоқ, уни асраб-авайламоқ керак бўлади. Чунки ижод учун эркинлик дегани кўчат учун мўътадил тупроқ, сув ва ҳаводек гап. Модом шундай экан, ижод эркинлиги учун бизнинг ҳаммамиз, бутун жамият, айниқса, унинг зиёли қатлами ва айниқса, ижод аҳли масъулдир, тўғрими?

Д.Қуронов: Аввало, агар хилма-хиллик бебаҳо бойлик дея эътироф этиларкан, бугун ўзининг ғоявий-эстетик мавқеига эга адабий авлод шаклланмаяпти дея койишимиз ўринсиз. Ижод эркинлиги масаласига келсак, у бугуннинг  кун тартибидан олинган десак бўлаверади. Бироқ, назаримда, бошқа бир масала – эркинликнинг ҳадлари борми ё чек-чегарасизми деган масала долзарблаша бошлади. Сираси, ижод эркинлиги ҳам демократияга ўхшаш нарса: демократия ҳуқуқ ва бурч бирлигини назарда тутади, агар бурчлар инкор қилинса, анархия юзага келади. Шунга ўхшаш, ижодкор ҳам эркин, лекин у бурчини – миллий маданият вакили эканини, қадриятлар, урф-одат ва анъаналарга ҳурмат билан қарашга бурчли эканини ич-ичидан ҳис қилмоғи керак.

Улуғбек Ҳамдам: Бошқа томондан, ранг баранглик деганимиз авлод деган тушунчани инкор этмайдими? Ахир авлод бўлиш учун муҳитнинг бир хиллигию шунга яраша дунёқарашдаги якранглик ҳам керак бўлади-да. Ҳозир истеъмолда ҳамма “изм”лар мавжуд. Ким анъанада, ким мумтозда, ким модерн ва яна ким “супермодерн”, яъни ҳамма йўналишларнинг кесишувида ижод қилаяпти. (Буни оптимистлар “синтез” дейди, пессимистлар бўлса “бўтқа”). Шундай бир вазиятда дунёни бадиий-эстетик қабул қилишдаги яқинликка таянадиган адабий авлод ҳақида гапириш қанчалик ўринли экан?

Д.Қуронов: Албатта, ўринли эмас, буни юқорида ҳам айтдим. Энди адабиётимиз қиёфаси мозаикасимон эканига кўнишимиз, кўникишимиз лозим. Зеро, бу табиий ва қонуний бир ҳолдир. Шунақа экан, аввало, бугунги адабий жараёндаги ҳодисаларга муносабатни шунга мослаш, уни дунёни бадиий идрок қилиш бобидаги ҳар қандай ғоявий, бадиий-услубий изланиш яшашга ҳақли деган тамойилга қуриш керак бўлади. Яъни турли “изм”лар ҳақида баланддан туриб, бурун жийириб гапириш тўғри эмас. Аксинча, адабиёт ривожи эндиликда ўша “изм”лар орасидаги соғлом рақобат муҳитини тақозо этади. Майли-да, ахир, бир-бирига яқин ижодкорлар ўз клублари, адабий мактабларини ташкил қилсинлар, ижодий-эстетик дастурларини ишлаб чиқсинлар, ўзларининг матбуот ва интернет нашрларини таъсис этсинлар… Равшанки, мавжуд шароит ижодий уюшмаларда ҳам шунга мос таркибий ўзгаришлар қилиш, уларнинг фаолиятини уюшмалар уюшмаси тарзида йўлга қўйишни заруратга айлантиради.

Улуғбек Ҳамдам: Адабиёт биз кўниккан тушунчадангина иборат эмас албатта, унинг миссияси хийла теран, шунчаларки, инсоннинг аслий ва энг асосий, ичкин эҳтиёжларига ажабтовур тарзда жавоб бера оладигандек туюлади менга. Чунончи, қадимдан “Биз қайдан келдигу  кетурмиз қаён?” (Умар Хайём) деган савол фикрловчи инсон учун саволларнинг саволи бўлиб келган. Бунга муқаддас китобларда жавоб айтилган. Одатда, ўлмас битикларнинг жавоби ғоят умумий тарзда бўлади. Фикр одами эса шу умумийликни ўзининг ва ўзгаларнинг ҳаёти мисолида конкретлаштиргиси, унга индувидуал либос кийдиргиси, яқиндан тушунгиси, ҳис қилгиси келади. Шу ерда адабиёт ўзининг образлар олами ва рамзий табиати билан унга ёрдамга бел боғлайди назаримда. Румий ҳазратлари “Ичиндаги ичиндадир” асарида у дунёни, руҳлар оламини бу дунё орқалигина, бу дунёдан  олинган мисоллар воситасидагина тушунтириш мумкин, дейди. Бу борада Карл Густав Юнгда ҳам ажойиб фикр бор экан. Унинг “Хотиралар, тушлар, мушоҳадалар” номли асарида ўлимдан кейинги ҳаётга ишора бор, булар туш, онг ости ҳаётимиз, деган фикр илгари сурилади. Аслида, адабиёт ўз табиатига кўра худди шундай жиҳатларни ҳам қамраб олади ва қамраб олмоғи керак эмасми? Фақат уч ўлчовли оламга, бу дунёнинг ақидаларигагина суяниб, унинг талабларигагина мўлжаллаб битилган адабиёт инсон кўнглининг яримигагина малҳам бўлиши мумкин, ҳа, шаксиз, у мавжуд ҳақиқатнинг бир палласигина бўла олади. Ҳақиқий адабиёда ҳар икки оламга ишора бўлмоғи ва энг муҳими,  ҳақиқий катта адабиёт ҳар икки оламдан маънавий туртки олиб яратилмоғи керак, деб ўйлайман.  Чунки бу адабиёт бизнинг ўзимиз, кўнгил ҳолимиз, онг устию онг остидаги борлиқ “Мен”имиз экан, унинг “беш кунлик дунё”нинг малайи бўлиб, ундаги бирон бир ўткинчи мафкурага хизмат қилибгина “кун кўриши” ҳар қандай жиддий адабиётнинг кечирилмас нуқсонидек туюлади менга… Шу хусусда ҳам фикрлашиб олсак.

Д.Қуронов: Кечирасиз-у, Улуғбек, фикрингизда ички зиддият кўряпман: агарки адабиёт “мен”имиз экан, у “беш кунлик дунё”дан айро тушолмайди, негаки, “мен”имиз дунё билан муносабатдагина мавжуд. Бас, адабиёт ўша “мен”ни дунё билан узвий алоқада, яъни дунёдаги “мен”ни ёки “мен” орқали дунёни ўрганади. Шунақа экан, уларни бир-бирига бу қадар кескин қарши қўймаган маъқул кўринади. Ахир, бизга шу беш кунлик дунёнигина қисман билиш имкони берилган, буни сиз Румийдан келтирган фикр ҳам тасдиқлаб турибди. Тўғри, адабиётнинг воқеликка бадиий иллюстрация бўлиши ҳам, мафкура хизматчиси бўлиши ҳам нораво, лекин улардан буткул ҳоли ҳам бўлолмайди. Зеро, ижодкор воқеликни бадиий идрок этаркан, у ҳақдаги муайян фикр-қарашларини ифода этади. Бас, жамиятда яшаб турган шахс сифатида ижодкорнинг фикр қарашлари мавжуд мафкуралардан бирига яқин бўлиши ажабланарли эмас. Ҳа, биз шўроча андозадаги адабиёт ва мафкура муносабатидан задамиз, шунинг таъсирида иккисини бир-биридан тамом айиришга ҳаракат қиламиз. Ҳолбуки, бир томони онг соҳаси бўлмиш адабиётнинг ички моҳиятидан келиб чиқувчи мафкуравийликни инкор қилиш зўрликнинг бошқача кўринишидир.

Улуғбек Ҳамдам: Дунё дунё бўлибдики, эзгулик ва ёвузлик курашиб келади. Кеча адабиёт эзгулик, яхшилик, ёруғликнинг ёнида туриб “жанг” қилаётган эди. Бугунчи?..  Бугун адабиёт эзгулик учун курашишдан “уялмаяптими”, “ор-номус” қилмаяптими? Кўпчиликнинг назарида кулгили аҳволга тушиб қолган эзгуликнинг ёнида, эзгулик учун “жон олиб, жон бериш” адабиётга ғалати, соғлом мантиқдан узоқ тутим, “романтика” бўлиб кўринмаяптими? Хуллас, адабиёт бугун кимнинг, ниманинг ёнида ва нима учун?..

Д.Қуронов: Ҳа, сиртдан қарасанг адабиёт ҳануз эзгулик томонида тургандек эса-да, афсуски, ташвишингизда асос йўқ эмас… Ҳаммага маълум, бадиий асардаги ошкор дидактика – насиҳатбозлик қанчалик ғашга тегса, намойишкорона эзгулик байроқдори бўлиш ҳам шунчалик эриш туюлади. Мен сариқ матбуот саҳифаларида урчигандан урчиб ётган “ибратли” ҳикояларни назарда тутяпман. Эҳтимол, ўзини шулардан фарқлаш учун чин адабиёт эзгулик учун курашишдан “уялиброқ” турган бўлса бордир. Албатта, бу нотўғри, бу ўз мавқеини қўшқўллаб топшириш, жанггоҳдан ура қочишдан бошқа эмас. Умид қиламизки, чин адабиёт бу хатосини тез англайди ва яна ўз мақеини эгаллайди. Бироқ бу ўринда масаланинг бошқа бир жиҳати муҳимроқ кўринади. Айтайлик, жангари фильмларни кўп кўрганмиз – уларда қаҳрамон ҳамиша эзгулик тарафида. Лекин эзгулик тантанаси кадр ортида қолади, томошабинни эса кадрдаги муштлашувлар, отишмалар, қон тўкишлар, фаҳш саҳналар ўзига жалб этади… Албатта, бунинг инсон психологияси билан боғлиқ асослари бор, лекин ҳозир гап бу ҳақда эмас. Гап шундаки, адабиётда ҳам шу ҳол бот-бот кўзга ташланиб қолаётир. Масалан, биров фоҳиша ҳаётини қаламга олади-да, унда-да аввало бир инсонни кўрмоқни, тақдир дегани кутилмаган эврилишларга бойлигию инсон ҳаётининг у ё бу ўзандан кетишига атрофдагилар ҳам сабабчи бўлишларини кўрсатмоқчи бўлади. Ният-ку яхши, лекин шўрлик ният фаҳш саҳналар соясида кўмилиб кетади-да! Энг ёмони, аксар эпизодлар миллий руҳга озор етказади, бадиий дидга ўтиришмайди. Қизиғи, биров буни беаёв танқид қилса, бошқаси шуни ўқимасдан адабиётшуносман деб юрганларни койийди, тағин бириси буни Чўлпон бошлаган анъаналарнинг давоми дейди. Майли, Чўлпоннинг ёзганлари ўз даври учун жудай-ла ошкора, бунга қўшилайлик ҳам. Ҳолбуки, Чўлпон тасвиридаги фоҳиша ўзи тушиб қолган ботқоқдан чиқиш умидида пул йиғиб, кун санаб юрган бир мазлума, Мирёқуб бўлса ўзидаги “итлик”дан қутулиб, одам бўлишга чоғланган инсон. Чўлпон фахшни таназзул сабабларидан бири сифатида талқин қилади, энг муҳими, унинг ёзганлари инсоннинг шаҳвоний майлларига эмас, онг-тафаккурига қаратилган. Афсуски, ҳозирда яратилаётган айрим асарларга нисбатан бу гапни айтиб бўлмайди. Айтмоқчиманки, ижодкорнинг ўз олдига эзгу ният қўйганининг ўзи кам, бу ниятнинг қай йўсин амалга оширилиши пировард натижани – ўқувчида қандай таассурот қолдирилишини белгилайди.

Улуғбек Ҳамдам: Истаймизми-йўқми, бугун постмодернизм ҳақида тўхталмай ўтолмаймиз. У нима, бугун дунё олаётган ҳаво-нафасми? Унинг хусусиятлари ХХ аср ўзбек адабиёти мисолида қандай ва нималарда кўринади? У бизни қаерга бошлаб кетаяпти? Аслида, мадомики, постмодернистик кайфият кўнглимизга ташриф буюрган экан, яхшиси, унинг қўлидан бизнинг етаклаганимиз беҳроқ эмасми? Ахир, унинг “манифести”да мутлоқ эркинлик деган, бир қарашда хуш, моҳиятан эса инсониятни нималарга гирифтор қилиши номаълум бўлган (аслида, тахмин қилиш қийин эмас!) бош “модда” бор. Бу “модда” маддалаб кетмайдими?.. Чунки Ҳаёт (Реализм) деб аталган “Шоҳкўча”га нисбатан у (ва ҳар қандай бошқа “изм” ҳам) бор йўғи бир “ёндош кўча” бўлса-ю(ва у ўша “Шоҳкўча” туфайлигина қадриятга эга эса), бу кўчага ихтиёрини, сўнг ўзини бутунлай топшириб, ичкарига оёқ босган инсон адашиб кетмайдими?.. (Бу борада фикр билдираётганда у ёки бу “изм”га бўлган муҳаббатимиз ва ёки нафратимиз қобиғидан чиқиб олсак, ҳақиқатга яқинроқ келармиканмиз, дейман).

Д.Қуронов: Биласизми, Улуғбек, адабиётимиздаги Ғарб таъсири масаласи кўтарилсаёқ ваҳима оҳанги ўз-ўзидан баланд пардага кўтарилиб кетаверадигандек туюлаверади менга. Умуман айтаман-да, ҳозир гап келиб қолди… Ойбекни эсланг: Блок шеърияти билан танишгач шеърият ҳақидаги фикрларим буткул ўзгариб кетди дея эътироф этганди у. Жумладан, шоир Блокдан рус символизмига хос ва кейинча импрессионизм мутлақлаштирган “оний лаҳзани” тасвирлаш манерасини ижодий ўзлаштирдики, шунинг маҳсули ўлароқ 20-йилларнинг охирларида пейзаж лирикасининг гўзал намуналари дегулик қатор бетакрор шеърларини яратди. Лекин бу билан Ойбек символист ҳам, импрессионист ҳам бўлиб қолмади – миллий шоиримизлигича қолди. Бир пайтлар Чўлпонга Фрейд талимоти таъсири ҳақида ёзгандим: адиб психоанализга хос ёндашувни Мирёқуб руҳияти таҳлилида қўллайди. Чўлпон ҳам бу билан фрейдчи бўлиб қолмади – бор-йўғи миллий романчилигимизни бир одим илгарилатди, холос. Бунақа мисолларни яна келтиравериш мумкин, лекин бунга зарурат йўқ деб ўйлайман. Фақат айтмоқчиманки, миллий маданиятимиз ўзга маданиятлар билан алоқада ўзлигини йўқотар даражада ғариб эмас, аксинча, ғоятда бой ва томирлари теран маданиятдир. Бас, маданиятлараро мулоқот жараёнида у ўзига сингишадиган, ЎЗИНИКИ бўлиб кета оладиган жиҳатларнигина олиб, бошқаларини сиқиб чиқаришга қодир. Аминманки, постмодернизм ҳам бундан истисно эмас. Мазкур қонуниятнинг мудом амал қилиши учун кўп нарса талаб этилмайди – ижодкорларимиз миллий ўзлигини, қайси ва қандай маданият вакили эканларини унутмай қалам тебратсалар кифоя.

Улуғбек Ҳамдам: Адабиётнинг табиатида ўйинлик хусусиятининг тобора тош босаётганлигини кўриб-сезиб турибмиз. Бу албатта, янги гап эмас. Қадимдан адабиётда “фойда” (меҳнат) (utile) ва “ўйин” (ducle) деган икки қанот мавжуд бўлиб келган (негадир учинчи хусусият – сиғиниш, илтижо ҳисси ҳақида айтилмаган. Чунки бадиий асарнинг яратилиш асносида меҳнат ва ўйин завқидан ташқари илтижо, сиғиниш ҳиссиёти ҳам иштирок этади). Фақат кейинги вақтларда ўйиннинг ҳиссаси кучайиб кетди. Бу дегани шуки, нимани айтишдан кўра қандай айтиш, дард айтишдан кўра, “ниманидир” бўлсаям гўзал шакллар ёрдамида ўқувчига етказиш биринчи ўринга чиқиб бораётир. Аслини олсангиз, модерн, постмодерн суянадиган асосий устунлардан бири ҳам шу: ҳамма нарсани ўйинга, санъатга айлантириш. Нима деб ўйлайсизлар,  “ўйин”га берилиб, инсоннинг катта ҳарфлар билан ёзиладиган ДАРДидан узоқлашиб кетмаймизми? Бу кетишда адабиёт чиндан ҳам бошқотирма – крассворднинг бошқачароқ хилига айланиб қолмайдими?..

Д.Қуронов:  Йўқ, чамаси, бу масаладаги қарашим бирмунча оптимистикроқ ва у, аввало, инсоннинг, сониян, адабиётнинг табиатидан келиб чиқади. Инсон бир жиҳати ижтимоий махлуқ экан, унинг дарддан мутлақ ҳоли бўлишига кўзим етмайди. Модомики, дард бўлар экан, инсон изҳор эҳтиёжини туяди. Изҳор воситаларидан бири адабиёт бўлса, у инсон томонидан инсон учун яратилади ва ижтимоий муносабатлар тизимида яшайди. Шуларнинг ўзиёқ, фикримча адабиётнинг кун келиб тамом ўйин бўлиб қолмаслигига кафилдир. Ўйинга келсак, у ижод табиатига ёт эмас, ўзингиз айтгандек, ижодда ўйин моменти қадимдан бор: сўз ўйинлари, ўткир қочиримлар, турфа кўринишдаги шакл ўйинлари… Ижодкор учун булар бари восита эди: фикр-ҳисни ўзига хос тарзда ифодалаш ва эстетик завқни кучайтириш воситаси. Вақти келдики, постмодернчилар воситани мутлақлаштирдилар, унга тугал мақсад деб қарай бошладилар: уларнинг ижодий изланишлари боис ижоддаги ўйин кўлами, имконлари бағоят кенгайди. Бироқ бу ҳол, фикримча, мангу қололмайди: қазисан, қартасан – аслингга қайтасан деганларидек, ўйин яна восита мақомига қайтади. Зеро, ўзни ифодалаш эҳтиёжисиз ижод йўқ, бас, ўйин яна ўзни ифодалашга, постмодернчилар кенгайтирган имконлари билан энди янада самаралироқ хизмат қилади. Дарвоқе, бу қадар ишонч билан гапиришим бежиз эмас: бадиий тафаккур тарихидаги фактлар шунга асос беради. Эсланг-а, шовқин-сурон билан майдонга чиққан импрессионизм, экспрессионизим, онг оқими, абсурд каби “изм”лар ўз даврида ниманидир мутлақлаштирган, ўшани асосга қўйиб, адабиёт шундай бўлур деган даъвони ўртага ташлаган эди. Эътироф этиш керак, уларнинг ҳар бири ўзи асосга қўйган нарсани юксак даражада ривожлантирди. Оқибат шу бўлдики, улар ривожлантирган нарса бадиий тафаккурга сингиб кетди – адабиёт эса аслича қолди, фақат уларнинг ижодий изланишлари ҳисобига имконлари кенгайди, холос.

Улуғбек Ҳамдам: Юқорида айтилган шунча мулоҳазалардан келиб чиқиб, битта гапни алоҳида урғу билан айтиш лозимга ўхшайди: бугун жиддий, оқни оқ, қорани қора деб айтишга билим, тафаккур кучи ва жасорати етадиган адабий танқид ҳар қачонгиданда зарурроқ экан. Унинг тушунтирувчи, қарашларимизни тиниқлаштирувчи, адабий-маънавий ўзагимизга озуқа бергувчи, унга янги руҳ ҳадя этгувчи кучига жамиятда катта эҳтиёж пайдо бўлганига ортиқ шубҳа йўқ. Шу маънода кунимизда бадиий асар қайси мезонлардан туриб баҳоланаяпти: унинг сифати, янгилиги, илмийлигидан ташқари танқидчининг ХОЛИСЛИК даражаси қай аҳволда? деган ҳақли саволлар туғилади.  Чунки, кўпинча, бадиий асарлар баҳоланган танқидий мақола, илмий тадқиқот ва ёки тақризни ўқиб, ўзингга ўзинг савол бериб қоласан киши: қайси бири паст, қайси бири ўртаю қайсиси баланд асар ва нима учун?..  Аксарият ҳолларда ҳаммаси бирдек дурдона ўлароқ тақдим этилади. (Ва ёки кўр-кўрона “уриб” ташланади). Назаримда бу ўринда танқидчиларимиз ўқувчилик муҳаббати (ёки нафрати) изҳоридан олим-мутахассис муносабатини билдириш даражасига ўсиб боролмаяпти. Яъни у ўзининг у ёки бу асарга ёки унинг муаллифига бўлган симпатия (ёки антипатия) сини олимнинг қараши деб ўйлаяпти. Шулардан битта ҳақли савол туғилади: бугунги ўзбек адабий танқиди мавжуд ҳақиқатни қай даражада ўзида акс эттирмоқда?

Д.Қуронов: Менга қолса, гапнинг пўсткалласини айтиб, танқидчилигимиз бир жойда депсиниб қолгани тобора равшан бўлиб боряпти, у ўз миссиясини бажаролмай қолди деган бўлардим. Майли, жавоби қанчалар нохуш бўлса ҳам, аввал мана бу саволларни қўйиб кўрайлик: “Бугун адабий танқидий асарлар ўқиляптими? Ўқилса, кимлар ўқияпти?” Афсус, биринчи саволга дадил “ҳа!” жавобини беришимиз мушкул. Сир эмас, адабий танқидий чиқишларни, асосан, мутахассислар ҳамда матбуотни мунтазам кузатиб боришга ўрганиб қолган айрим катта ёшли ўқувчилар “тарки одат – амри маҳол” қабилида ўқийдилар. Мен бу гапларни педагогик фаолиятим давомидаги кузатишлардан келиб чиқиб айтаётирман: эртага филолог мутахассис бўлиб етишадиган талабаларни оласизми ё малака оширишга келаётган тил-адабиёт ўқитувчилариними – адабий-танқидий материаллар чоп этиб бориладиган нашрларни ўқийдиганлари юздан бирни ҳам ташкил қилмайди десам, лоф эмас. Мазкур шароитда “танқид омманинг бадиий дидини тарбиялашга масъул” дегани қуруқ гап, негаки амалда “танқид –танқид учун” тамойили ҳукм сурмоқда. Тўғри, адабий танқидий ишларни чоп этадиган нашрлар ҳам, уларнинг тиражи ҳам кам, боз устига, уларнинг талаблари ҳам танқидчиларни бироз чеклайди. Лекин бу асосий сабаб эмас. Фикримча, танқиднинг ўзи ўзгариши зарур. Биласиз, ҳозир танқидчи ўзини аввало адабиётшунос ўлароқ ҳис қилади, ёзганларида ҳам олимнинг назари устивор. Балки, адабий танқидий асарларни кўпроқ мутахассислар ўқишининг сабаби шундадир?! Ҳолбуки, танқид ўқувчи омма билан мулоқот қилиши, уни адабий асар моҳиятига яқинлаштириши, муҳими, унда ўқиш эҳтиёжи ва уқиш малакасини шакллантириши лозим. Бу эса, ўз навбатида, шу мақсадларга мос услуб ва ифода тарзини тақозо этади. Айтмоқчиманки, адабий танқидий асар илмий мақоладек эмас, адабий асар каби ўқилиши, бир сўз билан айтсак, ЎҚИШЛИ бўлиши керак. Айни чоқда, мунаққид ўз фикрларини пухта адабий-назарий асосда турган ҳолда ифодалаши лозим бўлади. Фикримча, танқидчилик шу талаблардан келиб чиқиб ўзини ўзгартирса, ундаги сиз айтган муаммолар ҳам навбати билан ҳал бўлади. Буниси энди бошқа, алоҳида масала…