Тегирмон ичида қолган инсон

      69 марта кўрилган

(Адабиётшунос С. Қуронов ва ёзувчи У.Ҳамдам суҳбати)

С. Қуронов: Ассалому алайкум, Улуғбек ака! Сизнинг “Тафаккур” журналида (2012 йил…) эълон қилинган “Янги инсон” номли достонингиз кенг адабий жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинган эди. Менимча, достон сўнгги йилларда ўқувчининг чин эҳтиёжидаги асарлардан бири сифатида дунёга келган. Зеро, асарда замондош – янги инсоннинг ижтимоий, руҳий ҳамда маънавий қиёфаси турли ракурсларда, яхлит тасвирлаб берилади.

Маълумки, “Янги инсон” тушунчаси илк бор Уйғониш даври мутафаккирлари томонидан ўзларини ўрта аср кишиларидан фарқлаш мақсадида қўлланилган. Лекин, аслида, бу тушунча ҳар қандай ўтиш даврида файласуфу ижодкорни ўйлантирган бўлиши табиий. Муҳими, муайян давр вакили ўтган авлодларни танқид қиларкан, “Янги инсон” билан дунёни қайта қуришни орзу қилади. Албатта, маданият тарихида бунга мисоллар жуда кўплаб топилади. Маърифатчилар, ҳатто, модернистлар ҳам “Янги инсон” сиймосида нурли келажакни башорат қилишган. Хўш, энди-чи?! Нега бугун зиёлиларимиз “Янги инсон”нинг ўзини танқид қилишга кўпроқ эҳтиёж сезмоқда? Мана, сизнинг достонингизда ҳам “Янги инсон” ўзлигини унутиб, тубсиз жар ёқалаб бораётган замондош тимсолида тасвирланган. Нега “Янги инсон”нинг бадиий функцияси бу қадар кескин ўзгариб кетди? Сиз “Янги инсон” билан дунё келажагини қандай тасаввур қиласиз?

У. Ҳамдам: Ваалайкум ассалом, Саъдулла! Тўғри, “Янги инсон” сиймоси бутунлай янги ҳодиса эмас. У аввалги даврларда ҳам жамият кишилари онггида пайдо бўлиб, ўз вазифасини бажариб “кетган”. Аммо ҳар бир давр кишилари “Янги инсон”га янги маъно юклаб, бу тушунчани янгитдан яшайдилар. Маънони атайин юкламайдилар, албатта. Уни ҳар бир даврнинг мазмун-моҳияти, сиёсий, иқтисодий ва маънавий  шарт-шароити белгилаб беради. Ҳозир ҳам тахминан шундай бўлмоқда. Ўтмишда “Янги инсон”га асосан эзгу ниятлару орзу-умидларни юкланиши табиий эди. Чунки у вақтдаги “Янги инсон” хос одам эди. Тарихдан маълумки, хослар (жамиятнинг элита қисми) жамиятни тараққиёт сари етаклаган. Ҳозирда бутун дунё жамиятларида пайдо бўлган  “Янги инсон” эса авом (омма) вакили. Бунинг маъноси шуки, янги “Янги инсон” ейди, ичади, кияди, кезади, ишратга берилади ва ҳ.к… Яъни у том маънода истеъмолчи.  Унинг бош хусусияти истеъмолчилигида. Асло яратувчилигида эмас. Ҳа, бугунги “Янги инсон” яратувчи эмас. Эски “Янги инсон” исътемол қилиш билан бирга яратар эди, у яратувчи (бу ўринда “яратувчи” сўзи янгиликлар кашф қилиб, жамиятни илгарилашига сабаблар ўйлаб топувчи маъносида ишлатилмоқда) эди. Янги “Янги инсон” эса сарфловчи, совурувчидир. Ачинарлиси шундаки, совурувчи яратувчининг ўрнига келди. Истеъмолчи-авом  бир вақтлардаги ҳамма учун намуна бўлган яратувчи-хосни четга улоқтириб ташлади. “Тахти равон”га чиқиб олган истеъмолчи-авомда яратувчи-хоснинг даражасидан, андак муболаға билан айтганда, асар ҳам йўқ. Кўриниб турибдики, янги “Янги инсон” башариятни тараққиёт сари эмас, балки жарлик, таназзул сари судрайдиган моҳиятга эга. У шундай дастурланган. Бинобарин, каминанинг “Янги инсон” деб номланган достони бош қаҳрамони салбий қаҳрамон, яъни аксилқаҳрамон бўлиб, бу мени ижодкор сифатида хушёр торттиради.  Ахир, шу чоққача каминанинг барча асарлари бош қаҳрамонлари эзгулик, ёруғлик, адолат томонида туриб курашган, изтироб чеккан инсонлар эди-да. Энди кўрингки, ишимиз аксилқаҳрамонларга қолиб ўтирибди… Аммо достонда  аксилқаҳрамон ўз ҳолига ташлаб қўйилган эмас. Аксилқаҳрамоннинг ёнида унга ва унга эргашганларга танбеҳ бериб, “бу йўлнинг давомида тубсиз жарлик бор!” дея огоҳлантириб тургувчи ровий образи бор. Энди ҳамма гап ровийнинг огоҳлантиришларига қулоқ тутгувчи ўқувчининг бор-йўқлигида қоляпти…

“Янги инсон”га маданият тарихида эътибор берилган, деганингиз орий рост. Узоққа бормайлик. ХХ асрда испан эстети ва файласуфи О.И. Гассет “Янги инсон”ни қайсидир маънода “омма” деб атаганди. Эсланг, унинг “Омма қўзғалони” деган катта тадқиқот-мақоласи бор. Талабалик пайтларимиз мақола билан илк танишган кезларимизда, Гассет илгари сурган айрим фикрлар ҳаётдан, ҳеч қурса, бизни қуршаб турдан ҳаётдан анча йироқ қарашлар махсулидек туюлганди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмади, бор-йўғи чорак аср денг, натижада кўриб турибмизки, атрофимизда мақолада таърифи келтирилган  “омма” пайдо бўлиб улгурди. Улгурдигина эмас, маънавий ҳаққи бўлмагани ҳолда, Гассет айтганидек,  ҳамма жойга суқилиб кириб, у ердан муносиб одамларни –  хосларни қувиб солмоқда. Хўш, оммани ким ёки нима пайдо қилди? Ҳаёт, унинг қонун-қоидаларими? Ана шу қонун-қоидалар бўйича ҳаракатланаётган капиталистик муносабатларми?.. Албатта, шулар. Бу муносабат пайдо қилган хилқатни мен “Янги инсон” деб атадим. Омма у – ҳамма. Ҳаммани бирданига аниқ қилиб қўл билан кўрсатиб бўлмайди. (Гассет бу билан “Янги инсон”нинг қиёфасизлигига урғу берган, аслида). Мен оммадан фардни ажратиб олдим ва унга “Янги инсон” деб ном бердим. Ва унинг сифатларини бирма бир санаб, “Мана шу ярамас – сенсан!” дея юзига кўлимни бигиз қилиб кўрсатдим. Токи, атрофимизда пайдо бўлиб, тобора урчиб бораётган, йўлида учраган ҳамма нарсани мўри малахдек ютиб, совуриб бораётган кас ўзининг кимлигини, кимларнинг ўрнига келиб, қандай бемаза ишлар қилаётгани билсин! Аслида, бу гапим чучварани хом санашдек гап. “Янги инсон” ҳеч қачон ҳеч нимани билмайди. Қандай ҳам билсин? Ахир, у – “Янги инсон”. Унинг истеъмол қилишдек битмас-туганмас юмуши бор. У бундан ортмайди. Унинг ичида соат механизмидек расо ишлаётган дастур изн бермайди  бунга. Уни “Янги инсон”га айланмаган озсонли хослар билиши зарур, токи ўзини “Янги инсон”га айланишдек ҳалокатдан қўрисин. Агар қўлидан келса, албатта… Достон шу эзгу ниятда ёзилди.  Яна ўтмишда “Янги инсонлик” қанчалик илғор ва муборак мақом бўлган бўлса, ҳозирги кунга келиб, у, асосан, инсоният томонидан шу кунгача яратилган барча ёруғ амалларни, маданиятларни, муносабатларни, санъат ва адабиёт асарларини сарфловчи, уларни ўз жиғилдонига ҳеч бир андишасиз уриб соб қилгувчи, алалоқибат, ҳаммани тубсиз жарлик сари судровчи ўта хавфли мутант махлуқ эканлигини айтиш учун ҳам ёзилди.

С. Қуронов: Сиз турк тилидан таржима қилган Жалолиддин Румийнинг “Ичиндаги ичиндадир” асари шу кунга қадар ўн мартага яқин қайта нашр қилинди. Умуман, Румий асарлари бутун дунёда, айниқса, Европа давлатларида севиб ўқилаётгани, доим энг харидоргир китоблар рўйхатида пешқадамлардан бўлиб тургани маълум. Аммо кўпчилик Румийни, фақат, мутассаввуф шоир сифатида кўради, ўқийди. Мавлононинг инсоншунослик, руҳшунослик ва жамиятшунослик соҳаларидаги қарашлари эса кўпларга қоронғу. Сиз Румийни таржима қилган ва ўрганган олим сифатида унинг мазкур қарашлари замонавий дунё учун қанчалар аҳамиятли деб биласиз?

У.Ҳамдам: Румий дунёда жуда машҳур сиймо. Шарқнинг бошқа бирор сўфий шоири бу борада Румий ҳазратга тенг келолмаса керак. Умуман, бутун дунёда унинг панжасига ҳақиқий маънода панжа ура оладиган сиймо жуда кам.  Румий ҳақида юртимизда ҳам талай китоблар, тақризлар ёзилган. Лекин, шунга қарамай, бу теран уммоннинг тубига ҳали бирон зот етиб боролгани, унинг дуру жавоҳирларини инсониятга кўз-кўз қилолгани йўқ. Ҳар ҳолда, мен шундай ўйлайман. Нари борса, “Румийда  манавиндай ривоят бор” дея “Маънавийи маснавий”дан ва ёҳуд “Ичиндаги ичиндадир”дан кўп эсланган ривоятни такрор айтиб, фикримизни бир кучайтириб оламиз, холос. Бас, бундан чуқурроқ тушишга кўпчилигимиз журъат қилмаймиз. Қилолмаймиз чунки. Тафаккур кучимиз етмайди. Ҳолбуки, Румий асарлари бирмунча содда кўрингани билан, аслида, поёнсиз ва тубсиз уммон. Буни юқорида ҳам айтдик. Уммоннинг бағрига шўнғиб, ҳазратнинг ўз таъбири билан айтганда, ундан бебаҳо марваридлар териш имкони бор экан, бир челак сув билан кифояланиш ўта хунук камтаринлик бўлур эди. Румий ҳикматлар айтган донишманд ва ёҳуд ўтлиғ шеърлар битган шоиргина эмас. У шогирдларига маърузалар ўқиган мударрисдан ҳам иборат эмас. Румий гўзал шеърни ҳам, чуқур ҳикматни ҳам, ҳароратли маърузаларни ҳам  манзилга бориш йўлидаги воситалар деб билган. Унинг назари ҳамиша моҳиятга қадалган. Румийнинг ўзи буни бот-бот такрорлайди. Лекин моҳият турли-туман шаклларнинг қават- қават либоси ичра яширинган бўлганидан унга ҳар кимнинг ҳам тафаккур зиёси етиб боролмайди. Румий ана шу шакллар кроссвордини осонлик билан ечиб, аслиятга кўз тиккан, бунинг уддасидан чиқа олган, ҳам кечанинг, ҳам бугуннинг ва ҳам эртанги куннинг мутафаккир шоири, устозидир.

Румийнинг сиз айтган соҳаларга, умуман, фаннинг кўпгина соҳаларига қўшган ҳиссаси беқиёс. Унинг қарашлари фалсафада ҳам тамомила янги бир қарашнинг туғилишига туртки берганлигини Ғарб олимлари қайд этади. Чунончи, Гегель ўзининг дунё яратилишида руҳнинг бирламчи мақомга эга эканлиги ҳақидаги назариясини Румийдан илҳомланиб илгари сурган, дейишади. Ёки ХХ асрда психоанализ отаси деб тан олинган З. Фрейд инсон интилишларию хатти-ҳаракатларида муҳим ўрин тутган жинсий майлни марказга қўйиб, бутун бошли назарий қарашларини тизимга солган эди. Фрейд қарашларида бирёқламалик бор эди, албатта. Буни Фромм ҳам қайд этади. Чунки инсон таврини нафақат биологик, айни  замонда, ижтимоий ва руҳий илдизлар ҳам белгилайди.  Румий инсоннинг руҳий илдизига ҳам жуда катта аҳамият беради. Шунингдек, биологик майл ўрни ва аҳамиятини ҳам инкор қилмайди, билъакс, эътироф этади. “Ичиндаги чиндадир”да “Қайсга таҳаммулидан ортиқ эҳтирос берилгани учун у мажнунга айланди” деб ёзадики, бу фикр пайига тушсангиз, мажнунликнинг боиси нафақат руҳий боғлиқлик, шу билан бирга, биологик омил ҳам бўлиб чиқади. Ғарб ХХ асрда тизимга солган мазкур қараш Румийда XIII асрдаёқ биргина жумла остига яшириб қўйилган эдики, бу факт унинг нақадар нозик ва нақадар кучли инсоншунос бўлганлигидан далолатдир.

Румий инсонни жуда яқиндан танийди. Буни у айтган, шарҳлаган ҳикматлардан, масаллардан ҳам билиб олиш мумкин. Аммо у ўзигача мавжуд масални айнан такрорламай, уларга ижодий ёндашади, ўзгартиради, масал ва ривоятларнинг кутилмаган, таъбир жоиз бўлса, румийона маъно қирраларини очиб юборади. Бунинг сабаби Румий демоқчи бўлган маънонинг салафлар масалларга жойлаган маънодан бошқачароқ экани билан изоҳланади. Чунончи, Эзопда эчки ва бўри ҳақида бир масал бор. Унга кўра, баландликда турган эчки пастда юрган бўрини кутилмаганда сўкиб қолади. Шунда бўри эчкига юзланиб, “сени гапиртираётган куч – турган жойинг, тепалик” деб жавоб беради. Бундан англашиладики, эчки хавфсиз ерда бўлгани боис кўнгли тусаган номаъқулчиликни қилаяпти.   Румий “Ичиндаги ичиндадир” асарида масалга ўзга тўн кийдиради. У айтадики, шаҳарни юрт амири айланиб юрган эди. Томбошига чиқиб олган бир одам эса турган жойидан амирни ҳақорат қила кетади. Амир дарҳол уни туттириб, зиндонбанд айлайди. Вақтлар ўтиб эса ўзини сўккан одам эсига тушади-да, олиб келинглар-чи, дея буюради. Ҳузурига келганда амир сўрайди: мени ҳақорат қилган одам сенмидинг? Фуқаро: йўқ, амирим, сени урушган одам ўша томбошида қолди, ҳозир зиндондан чиқиб, қаршингда турган одам бутунлай ўзга одамдир, дея жавоб беради. Хўш, илдизи битта бўлган масал Эзопда ниманию, Румийда қай маънони англатяпти? Назаримда, Эзопда мартабаси баланд, шу баландлик туфайли жазо олмаслигига ишонган эчки (инсон) нинг ўша тепаликдаги кибрли ҳоли баёни бор эса, Румий бу нуқтада тўхтаб қолмайди. Аксинча, давом этиб айтадики, амирни ҳақоратлаган киши бошқа вазиятга тушиб, яъни зиндонда бир муддат ўтиргач, кайфияти, ҳоли, фикрлари ўзгариб, тамомила бошқа одамга айланади. Чунки, бу ўринда, амирни ҳақорат қилган одамнинг бошқа бир вазиятда бошқа сўзларни, аввалгисига тамомила зид гапни айтишида у тушиб қолган вазиятга урғу бериляпти. Бошқача айтганда, муҳитнинг инсон қарашларидаги ҳиссаси қайд этиляпти. Инсон табиатининг енгил шабада таъсирида у ёқдан бу ёққа айланиб турган япроқдек ўзгарувчанлиги ҳамда бунинг сабаблари очиб ташланяпти. Яъни инсон қандай бўлса, шундай тушунилиб, шундай талқин қиланяпти. Унга сохта ва баландпарвоз ёрлиқлар ёпиштирилмаяпти. Дарҳақиқат, инсон руҳияти кўпинча шароитнинг, муҳитнинг, вазиятнинг ҳам маҳсули бўлиб ўзини намоён қилади. Улуғ рус ёзувчиси Лев Толстой “Тирилиш” романида шундай тоифа инсонлар борки, улар ўз ҳаётлари давомида қанчадир фоиз ўзининг, қанчадир фоиз ўзгаларнинг қарашларига суяниб яшайди, дейди. Румий бўлса, нуктадонлик билан инсоннинг ҳатто ўз қарашларининг ҳам турланиши сабабиятига кириб боряпти.

Хуллас, айтилганлар хамир учидан бир патир, холос. Румийнинг жамиятшунос,  инсоншунос ва  руҳшунос эканлигига бағишланган чинакам тадқиқотлар ҳали олдинда, деб ўйлайман

С. Қуронов: Юқорида бир ўринда “ҳамма гап ровийнинг огоҳлантиришларига қулоқ тутгувчи ўқувчининг бор-йўқлигида қоляпти…” дедингиз. Адабиётнинг тақдирида, унинг қандайлиги ва қайси томонга кетишида ўқувчининг ўрни шу даражада муҳимми?..

У. Ҳамдам: Ўқувчи, унинг савияси масаласи адабиётда жуда муҳим, деб ўйлайман. Кузатишларим шундай ўйлашга туртки беради. Бир пайтлар, айтайлик, 80-йилларда Э. Воҳидов, А. Орипов, О. Матчон, Ҳ. Худойбердиева каби шоирларимизнинг шеърлари кўпчилик ўқувчилар учун тушунарли эди. Яъни ўша пайтдаги ўқувчилар асосий қисмининг бадиий-эстетик даражаси  бугунги кунда бадиий диди етарлича камол топган аксар ўқувчилар учунгина тушунарли бўлган шоирларимизнинг шеърларини ҳеч бир қийинчиликсиз қабул қила оларди. Хўш, бугун-чи? Бугун аҳвол бутунлай бошқача. Бугун ўша умумий даража бир поғона пастга тушгандек туюлади. Чунки 25 йил аввал зўриқишсиз тушунилган, севилган адабиёт бугунги кунда, не ажабки, асосий ўқувчилар оммаси учун қўл етмайдиган юксаклик бўлиб қолмоқда. Ҳолбуки, бадиий асарни маънавият маҳсули деб олсак, унинг ўз вазифасини том маънода бажариши учун ўқувчига ва унинг бадиий-эстетик савиясига кўп жиҳатдан боғлиқ. Масаланинг бу томонини кўпинча унутиб қўяяпмиз. Ўқувчини унутаяпмиз. “Яхши асар ёзинг!” дея ёзувчига мурожаатлар қиламиз. Лекин уни ҳазм қилиб, қадрига етгувчи ўқувчини тарбиялаш ҳеч кимнинг ақлига келмайди. Ўзбек насрида, хусусан, ҳикоячилигида 10-15 та шундай ҳикоялар яратилдики, улар ўзининг бадиий-эстетик ва фалсафий қимматига кўра энг илғорадабиёт намуналаридир. Лекин ўшаларни тушуниб, мағзини чақиб берадиган ўқувчи – анқонинг уруғи. Бу ноёб уруғнинг сони, нари борса, шу ҳикоялар миқдори қадар, тамом-васалом! Зеро, адабиётнинг тўлақонли система бўлиши учун ижодкор, асар ва ўқувчи учлиги лозим. Ўқувчисиз адабиёт ўз мақсадига эришолмайди. У бир қаноти синган қушдек гап: парвоз ҳақида фақат хаёл суриши мумкин. Айни дамда, ўқувчида ҳам ўқувчи борлигини ёдда тутмоқ керак. Ҳар бир халқнинг ўзига муносиб раҳбари бўлганидек, у ёки бу мамлакатнинг ижодкори ҳам ўқувчисига яраша бўлади. Ҳаётий бир мисол келтираман: Уйимга сентехник чақирдим. У рус миллатига мансуб эди. Бир неча кун ишлагани боис, ҳар хил мавзуларда суҳбатлашиб қолдик ва у каминанинг ёзувчи эканлигидан хабар топиб, “русчада ниманг чиққан?” дея сўради. Мен унга “Бунт и смирение” деган романимни ўқишга бердим. Икки кун ўтар-ўтмас рус сантехниги иш асносида мен билан роман тўғрисида баҳслаша кетди. Жўяли баҳс қилди ўзиям. Бу ерда гап кимнинг ҳақли бўлиб, кимнинг ноҳақлигида эмас, йўқ, мен эътиборни бошқа томонга қаратмоқчиман: баҳслашаётганларнинг бири ўрта маълумотли оддий рус миллатига мансуб сантехник эди, иккинчиси эса олий маълумотли, филология фанлари номзоди, ёзувчи, шоир ва адабиётшунос, яъни камина эди. Мен  XIX ва XX асрларда рус адабиётининг нега бунчалар баланд парвоз қилганию Пушкин, Достоевский, Толстой, Чехов, Гоголь каби адибларнинг пайдо бўлиши сабабларидан бирини, ўта жиддийларидан бирини ҳаётим мисолида тушунгандек бўлдим ўшанда. Ҳатто сантехниклар орасида бадиий асар ва унда кўтарилаётган муаммолар ҳақида баланд мубоҳасаларга қодир мана шундай ўқувчилар бор экан, бу халққа муносиб ёзувчию шоир ҳам туғилаверади, шаклланиб етишаверади. Ажаб, ушбу фикрдан тескари фикр ҳам келиб чиқар экан: ўқувчининг савияси қанча паст бўлса, худди шундай савиядаги шаир ё ёзғучи ҳам ҳар қадамда тиржайиб қаршингиздан чиқиб туради.

Ўқувчи муҳим. Баъзан бўлажак мутахасисларнинг савиясига қараб туриб, хафа бўлиб кетасан, киши. Аслида, улар ҳам бир неча йил муқаддам ўқувчи бўлишган. Демак, умуман, ўқувчи ҳақида гапирсак бўлаверади. Бир неча йил муқаддам худди шундай ўқувчилар, яъни бўлғуси филологлар Эркин Воҳидовдек шоир билан учрашувга шиғир ёзадиган шаирнинг китобини кўтариб борганига нима дейсиз?!…  Воқеани баён этай: кунлардан бир кун икки талаба олдимга шеъру мақола кўтариб келишди-да,  куни кеча факультетда бўлиб ўтган учрашувни айтиб қолишди. Унга кўра, Ўзбекистон халқ шоири, юрт қаҳрамони Эркин Воҳидов билан учрашув бўлади. Унда филолог талабалар иштирок этишади. Биласизми, Эркин Воҳидовдек замонамизнинг улуғ шоири билан учрашувга талабаларнинг аксари кимнинг китобини кўтариб боришади? Навоийнинг дейсизми? Қани эди. Адашдингиз. Шиғир ёзувчи бир шаирнинг китобини!.. Демак, бўлғуси адабиётчилар шоир билан шаирни фарқига бормайди. Эртага битириб чиққандан кейин ёш авлодга ҳам шаирларни тарғиб қилади. Натижада уларнинг таъсирида улғайган миллатдошларимизнинг савияси шаирларнинг даражасидан кўп-да узоққа бормайди. “Мен севаман, сен севасанми?” дея ўтади. (Менинг шиғирчига ва унинг каби ёзадиганларга зарра ғаразим йўқ. Менинг дардим ўқувчи ва унинг савиясида. Ана шу жиддий муаммо! Шиғирчилар келиб кетишаверади… Дарвоқе, шундаймикин? Улар чинданам кетишармикин… Назаримда, бу ўқувчига, унинг савиясига боғлиқ ҳол).

Мен авлодлар дунёқараши ўртасида, дидлар ўртасида катта фарқлар бўлиши мумкинлигини яхши тушунаман. 90-йилларнинг ўрталарида бир ёш шоир мен ёқтириб ўқиган анъанавий шеърлардан (мас.,“Ўксиб ўксиб ахтараман нур, Қоронғуда бўлгайман адо. Қўнғироқлар садоси келур, Қандай машъум бу гўзал садо!”) унча мутаассир бўлмаслигини, аксинча, қофиясиз, оҳанги бузилган, лекин кучли маънони бағрига яширган шеърлардан завқ туйишини айтган эди. Мисол учун дея “Кўзларимда иккита шовқин…” деган мисрани айтган ва уни берилиб таҳлил қилган эди. Мен ёш дўстимни тушунган, қабул қилган ва ўқиган шеъри (мисраси)дан бадиий-эстетик завқ туйган эдим. Нима бўлганда ҳам, у ўқиган шеърда чиндан-да залворли юк бор эди. Шуларни эътироф этган ҳолда, ёш дўстимга эътирозларимни ҳам билдирган эдим: яхши асар бармоқда ҳам, арузда ҳам, сочмада ҳам ёзилиши мумкин. Уни шакли туфайли ёқтириш ёки ёқтирмаслик санъатдаги турфалик моҳиятини, шакллар ўйинини тушунмасликдир. Нафақат ҳаётдаги, айни дамда, санъатдаги толерантлик ҳам улуғ неъмат. Бинобарин, бадиий асар қайси изм ё шаклда ёзилган бўлмасин, унинг тақдирини истеъдод ҳал қилади. Биз бадиий асарни шу позициядан туриб баҳолашни ўрганишимиз керак…

Аммо бугунги кун ўқувчиси ёқтириб ўқиётган шеърларнинг катта бир қисмини шеър деб бўлмайди. Уларда на маза бор, на матра. Бу нимадан далолат? Санъатнинг инқирозиданми? Дидларнинг ўтмаслашишиданми? “Янги инсон”нинг шаклланиб бораётганиданми? Омма қўзғалониданми?.. Афсуски, айтилганларнинг ҳаммасида жон бор. Қидирилса, муаммонинг яна ўнлаб сабаблари ҳам топилади. Хўш, чора борми, чора?.. Бу, менимча, кўпчилик зиёли қатламнинг юрак-бағрида яшаб келаётган ҳайқириқ-савол бўлса, ажабмас. “Лаънати саволлар” деган саволлар пайдо бўлганди ўтган асрларда. Адашмасам, жавоби йўқ саволларни шундай аташарди. Ўйлашимча, чорасизликдан яхшироқ чора ҳам бор. Лекин у инсонлардан қурбонликни – чинакам санъату адабиёт йўлида умрларни фидо этишни талаб қилади. Жавоб сўз билан эмас, бардош ва юксаклик билан яшаладиган умр ила берилади. Шундагина нимадир яхши томонга, тўғри томонга ўзгариши мумкин.

Қуронов: Жамиятда авлодлар алмашинувини эстафетали югуришга қиёслаш мумкин. Бу ўйинда эстафета таёқчасини қабул қилиб олаётган ўйинчи таёқчани жамоадошидан шунчаки тортиб олмайди, балки тезлик олгунича у билан бирга югуради. Маррага етиб олиш учун эса жамоанинг ҳар бир ўйинчиси тенг масъул. Мана, сиз охирги йилларда педагог сифатида фаолият юритяпсиз. Ёшлар билан ишлаш жараёнида уларнинг ўй-хаёллари, юмушлари ва мақсадлари ҳақида яқиндан бохабарсиз. Хўш бугунги ёш авлод ҳақида нималар дея оласиз? Улар таёқчани қабул қилиб олиш учун қўлларини вақтида узатишармикан? Сизнинг авлодчи – таёқчани вақтида, зиён заҳматсиз олиб келаётганмикан?

У. Ҳамдам: Таёқча икки авлод ўртасида бир эмас, бир неча бор ерга тушиб кетиб, уни қўлга олиш учун анча мунча вақт йўқотиб бўлинди. Бу нарсани мен, аввало, зиёли сифатида айтаётирман. Қолаверса, ҳам адабиётшунос олим, ҳам филолог-педагог сифатида. Ёзувчи сифатида 2001 йилда “Ёш куч” журнали мухбири билан қилинган “Адабиётга эътибор – инсонга эътибор” номли суҳбатда “Йўқотилган авлод” иборасини қўллаганман. Чунки мустақилликнинг дастлабки мураккаб йилларида инсон эътибори асосан моддиятга қаратилди. Ҳар қанча саъй-ҳаракатларга қарамай, тарозининг маънавият палласи ҳавода муаллақ қолди. Натижада янги авлоднинг тўлақонли авлод бўлиб шаклланиши қийин кечди. “Мувозанат” шу туфайли ёзилганди. Мен тенги авлод ана шу қийинчиликлар гирдобида катта ҳаётга қадам қўйди. Шу маънода менинг авлодим тегирмон ичига бир тушиб чиқди. Тегирмондан бутун чиқдими ё майиб, бунинг жавоби оғир. Ҳар ҳолда, бир мунча тўзиган, парчаланганлар орамизда талай. Чунки соҳанинг ҳақиқий мутахассиси бўлиши керак қанчадан қанча авлоддошларимиз тирикчилик кўйида бутунлай бошқа соҳаларга кетиб қолишди. Аммо, бундан қатъий назар, замон тегирмонидан омон чиққан озсонли тенгдошларим ҳам борки, уларнинг ҳар бири бутун бир авлод амалга ошириши мумкин бўлган ишларга қодирдир, деб ўйлагим келади. Чунки замон, унинг муракабликлари авлоддошларимни шундай тарбия қилди, тоблади. Бадиий ижод, одатда, шундай зиддиятли даврларда қаддини тиклайди. Демак, мазкур мулоҳазалар бадиий ижод бобида ўйлаганларимдир. Илм ва педагогикада аҳвол сал бошқачароқ. Бу соҳалардаги етишмовчилик, узилиш яхши натижаларга олиб бормайди. Чунки янги авлодни етишмовчилик ва камчиликлар ичида бутун қилиб тарбиялаш мумкин эмас. Шу маънода мен тенги авлоднинг сизга бериши керак бўлган эстафета таёқчасининг ерга тушиб кетиши табиий эди. Биргина адабиётшунослик илмини олинг. Кекса авлод мавжуд ва у ҳамон сафда. Аммо улар ҳам кетиб боришаяпти. Энди янги авлодни тарбиялаймиз, дея ҳаракат қилаяпмиз. Бу яхши. Лекин қани орада турган, кекса авлодга муносиб, ёш авлодга эса ибрат бўлгулик ўрта авлод? Ўрта авлодни топиш қийин бўлса, янгисини қандай тарбиялаймиз? Илмга мунтазам равишдаги, етарли  даражадаги моддий-маънавий эътиборни бўлмаганлиги, илмий даража олишда йиллар давомида ҳукм сурган тутуриқсиз тутимлар авлодни мана шундай майиб қилиб қўйди. Бугунги кунда илмий кенгашлар жамоаси анча ғариб ҳолга тушиб қолганлиги мазкур аччиқ ҳақиқат билан изоҳланади. Мен бир нарсани тушунмайман: ўзи шусиз ҳам бир аҳволда бўлган илм аҳли қаршисига сунъий тўсиқларни ким қўйяпти? Нега қўйяпти? Бундан кўзланган мақсад нима? Янгиликлар, ўзгаришлар бундай қилинмайди-ку, ахир!.. Лекин ҳозир ҳам кеч эмас. Илм соҳасида ҳар йили, ҳар ойда ўзгаришлар қилмасдан, жамиятни, соҳа вакиллари ҳаёт тарзларини, керак бўлса, ўй-хаёлларини тартибга солишга, ҳаётни ҳам, хаёлни ҳам илмга, фақат илмга йўналтира оладиган, узоқни кўзлайдиган оқилона сиёсат юргизиш керак, деб ўйлайман. Тинимсиз ўзгаришлар ичида қолиш инсонни бахтсиз қилишини ҳисобга олсак, ҳар бир соҳада муайян йилларга ярагулик тизимларни ҳақида бош қотиришимиз керак бўлади. Бугун бундай, эртага ундай жадвални тўлдириш билан узоққа бориб бўлмайди. Акси тақдирда, ўзга миллатларнинг китобларини таржима қилиб, шарҳлар ёзишдан бошқасига ярамайдиган авлодларни етиштирамиз, холос.

Ёш авлоднинг орасида кўзлари чақнаб турган, билимга, янгиликка ўч йигит қизлар кўп. Менинг улардан умидим катта. Энди уларни адолатсизлик, бюрократия, қоғозбозлик ва коррупция деган оғир тошларнинг остида эзиб қўймасак бас, янги авлод қаддини ростлаб, ўз куч-қудратини намойиш эта олади. Фақат шундагина ёш авлод эстафета таёқчасини ўз вақтида, муносиб тарзда навбатдаги бўғинга бера олади. Энг муҳими, ерга туширмасдан…

Тафаккур, 2017 йил, июн

Tegirmon ichida qolgan inson

(Adabiyotshunos S. Quronov va yozuvchi U.Hamdam suhbati)

S. Quronov: Assalomu alaykum, Ulugʻbek aka! Sizning “Tafakkur” jurnalida (2012-yil…) eʼlon qilingan “Yangi inson” nomli dostoningiz keng adabiy jamoatchilik tomonidan qizgʻin kutib olingan edi. Menimcha, doston soʻnggi yillarda oʻquvchining chin ehtiyojidagi asarlardan biri sifatida dunyoga kelgan. Zero, asarda zamondosh – yangi insonning ijtimoiy, ruhiy hamda maʼnaviy qiyofasi turli rakurslarda, yaxlit tasvirlab beriladi.

Maʼlumki, “Yangi inson” tushunchasi ilk bor Uygʻonish davri mutafakkirlari tomonidan oʻzlarini oʻrta asr kishilaridan farqlash maqsadida qoʻllanilgan. Lekin, aslida, bu tushuncha har qanday oʻtish davrida faylasufu ijodkorni oʻylantirgan boʻlishi tabiiy. Muhimi, muayyan davr vakili oʻtgan avlodlarni tanqid qilarkan, “Yangi inson” bilan dunyoni qayta qurishni orzu qiladi. Albatta, madaniyat tarixida bunga misollar juda koʻplab topiladi. Maʼrifatchilar, hatto, modernistlar ham “Yangi inson” siymosida nurli kelajakni bashorat qilishgan. Xoʻsh, endi-chi?! Nega bugun ziyolilarimiz “Yangi inson”ning oʻzini tanqid qilishga koʻproq ehtiyoj sezmoqda? Mana, sizning dostoningizda ham “Yangi inson” oʻzligini unutib, tubsiz jar yoqalab borayotgan zamondosh timsolida tasvirlangan. Nega “Yangi inson”ning badiiy funksiyasi bu qadar keskin oʻzgarib ketdi? Siz “Yangi inson” bilan dunyo kelajagini qanday tasavvur qilasiz?

U. Hamdam: Vaalaykum assalom, Saʼdulla! Toʻgʻri, “Yangi inson” siymosi butunlay yangi hodisa emas. U avvalgi davrlarda ham jamiyat kishilari onggida paydo boʻlib, oʻz vazifasini bajarib “ketgan”. Ammo har bir davr kishilari “Yangi inson”ga yangi maʼno yuklab, bu tushunchani yangitdan yashaydilar. Maʼnoni atayin yuklamaydilar, albatta. Uni har bir davrning mazmun-mohiyati, siyosiy, iqtisodiy va maʼnaviy shart-sharoiti belgilab beradi. Hozir ham taxminan shunday boʻlmoqda. Oʻtmishda “Yangi inson”ga asosan ezgu niyatlaru orzu-umidlarni yuklanishi tabiiy edi. Chunki u vaqtdagi “Yangi inson” xos odam edi. Tarixdan maʼlumki, xoslar (jamiyatning elita qismi) jamiyatni taraqqiyot sari yetaklagan. Hozirda butun dunyo jamiyatlarida paydo boʻlgan “Yangi inson” esa avom (omma) vakili. Buning maʼnosi shuki, yangi “Yangi inson” yeydi, ichadi, kiyadi, kezadi, ishratga beriladi va h.k… Yaʼni u tom maʼnoda isteʼmolchi. Uning bosh xususiyati isteʼmolchiligida. Aslo yaratuvchiligida emas. Ha, bugungi “Yangi inson” yaratuvchi emas. Eski “Yangi inson” isʼtemol qilish bilan birga yaratar edi, u yaratuvchi (bu oʻrinda “yaratuvchi” soʻzi yangiliklar kashf qilib, jamiyatni ilgarilashiga sabablar oʻylab topuvchi maʼnosida ishlatilmoqda) edi. Yangi “Yangi inson” esa sarflovchi, sovuruvchidir. Achinarlisi shundaki, sovuruvchi yaratuvchining oʻrniga keldi. Isteʼmolchi-avom bir vaqtlardagi hamma uchun namuna boʻlgan yaratuvchi-xosni chetga uloqtirib tashladi. “Taxti ravon”ga chiqib olgan isteʼmolchi-avomda yaratuvchi-xosning darajasidan, andak mubolagʻa bilan aytganda, asar ham yoʻq. Koʻrinib turibdiki, yangi “Yangi inson” bashariyatni taraqqiyot sari emas, balki jarlik, tanazzul sari sudraydigan mohiyatga ega. U shunday dasturlangan. Binobarin, kaminaning “Yangi inson” deb nomlangan dostoni bosh qahramoni salbiy qahramon, yaʼni aksilqahramon boʻlib, bu meni ijodkor sifatida xushyor torttiradi. Axir, shu choqqacha kaminaning barcha asarlari bosh qahramonlari ezgulik, yorugʻlik, adolat tomonida turib kurashgan, iztirob chekkan insonlar edi-da. Endi koʻringki, ishimiz aksilqahramonlarga qolib oʻtiribdi… Ammo dostonda aksilqahramon oʻz holiga tashlab qoʻyilgan emas. Aksilqahramonning yonida unga va unga ergashganlarga tanbeh berib, “bu yoʻlning davomida tubsiz jarlik bor!” deya ogohlantirib turguvchi roviy obrazi bor. Endi hamma gap roviyning ogohlantirishlariga quloq tutguvchi oʻquvchining bor-yoʻqligida qolyapti…

“Yangi inson”ga madaniyat tarixida eʼtibor berilgan, deganingiz oriy rost. Uzoqqa bormaylik. XX asrda ispan esteti va faylasufi O.I. Gasset “Yangi inson”ni qaysidir maʼnoda “omma” deb atagandi. Eslang, uning “Omma qoʻzgʻaloni” degan katta tadqiqot-maqolasi bor. Talabalik paytlarimiz maqola bilan ilk tanishgan kezlarimizda, Gasset ilgari surgan ayrim fikrlar hayotdan, hech qursa, bizni qurshab turdan hayotdan ancha yiroq qarashlar maxsulidek tuyulgandi. Oradan hech qancha vaqt oʻtmadi, bor-yoʻgʻi chorak asr deng, natijada koʻrib turibmizki, atrofimizda maqolada taʼrifi keltirilgan “omma” paydo boʻlib ulgurdi. Ulgurdigina emas, maʼnaviy haqqi boʻlmagani holda, Gasset aytganidek, hamma joyga suqilib kirib, u yerdan munosib odamlarni – xoslarni quvib solmoqda. Xoʻsh, ommani kim yoki nima paydo qildi? Hayot, uning qonun-qoidalarimi? Ana shu qonun-qoidalar boʻyicha harakatlanayotgan kapitalistik munosabatlarmi?.. Albatta, shular. Bu munosabat paydo qilgan xilqatni men “Yangi inson” deb atadim. Omma u – hamma. Hammani birdaniga aniq qilib qoʻl bilan koʻrsatib boʻlmaydi. (Gasset bu bilan “Yangi inson”ning qiyofasizligiga urgʻu bergan, aslida). Men ommadan fardni ajratib oldim va unga “Yangi inson” deb nom berdim. Va uning sifatlarini birma bir sanab, “Mana shu yaramas – sensan!” deya yuziga koʻlimni bigiz qilib koʻrsatdim. Toki, atrofimizda paydo boʻlib, tobora urchib borayotgan, yoʻlida uchragan hamma narsani moʻri malaxdek yutib, sovurib borayotgan kas oʻzining kimligini, kimlarning oʻrniga kelib, qanday bemaza ishlar qilayotgani bilsin! Aslida, bu gapim chuchvarani xom sanashdek gap. “Yangi inson” hech qachon hech nimani bilmaydi. Qanday ham bilsin? Axir, u – “Yangi inson”. Uning isteʼmol qilishdek bitmas-tuganmas yumushi bor. U bundan ortmaydi. Uning ichida soat mexanizmidek raso ishlayotgan dastur izn bermaydi bunga. Uni “Yangi inson”ga aylanmagan ozsonli xoslar bilishi zarur, toki oʻzini “Yangi inson”ga aylanishdek halokatdan qoʻrisin. Agar qoʻlidan kelsa, albatta… Doston shu ezgu niyatda yozildi. Yana oʻtmishda “Yangi insonlik” qanchalik ilgʻor va muborak maqom boʻlgan boʻlsa, hozirgi kunga kelib, u, asosan, insoniyat tomonidan shu kungacha yaratilgan barcha yorugʻ amallarni, madaniyatlarni, munosabatlarni, sanʼat va adabiyot asarlarini sarflovchi, ularni oʻz jigʻildoniga hech bir andishasiz urib sob qilguvchi, alaloqibat, hammani tubsiz jarlik sari sudrovchi oʻta xavfli mutant maxluq ekanligini aytish uchun ham yozildi.

S. Quronov: Siz turk tilidan tarjima qilgan Jaloliddin Rumiyning “Ichindagi ichindadir” asari shu kunga qadar oʻn martaga yaqin qayta nashr qilindi. Umuman, Rumiy asarlari butun dunyoda, ayniqsa, Yevropa davlatlarida sevib oʻqilayotgani, doim eng xaridorgir kitoblar roʻyxatida peshqadamlardan boʻlib turgani maʼlum. Ammo koʻpchilik Rumiyni, faqat, mutassavvuf shoir sifatida koʻradi, oʻqiydi. Mavlononing insonshunoslik, ruhshunoslik va jamiyatshunoslik sohalaridagi qarashlari esa koʻplarga qorongʻu. Siz Rumiyni tarjima qilgan va oʻrgangan olim sifatida uning mazkur qarashlari zamonaviy dunyo uchun qanchalar ahamiyatli deb bilasiz?

U.Hamdam: Rumiy dunyoda juda mashhur siymo. Sharqning boshqa biror soʻfiy shoiri bu borada Rumiy hazratga teng kelolmasa kerak. Umuman, butun dunyoda uning panjasiga haqiqiy maʼnoda panja ura oladigan siymo juda kam. Rumiy haqida yurtimizda ham talay kitoblar, taqrizlar yozilgan. Lekin, shunga qaramay, bu teran ummonning tubiga hali biron zot yetib borolgani, uning duru javohirlarini insoniyatga koʻz-koʻz qilolgani yoʻq. Har holda, men shunday oʻylayman. Nari borsa, “Rumiyda manavinday rivoyat bor” deya “Maʼnaviyi masnaviy”dan va yohud “Ichindagi ichindadir”dan koʻp eslangan rivoyatni takror aytib, fikrimizni bir kuchaytirib olamiz, xolos. Bas, bundan chuqurroq tushishga koʻpchiligimiz jurʼat qilmaymiz. Qilolmaymiz chunki. Tafakkur kuchimiz yetmaydi. Holbuki, Rumiy asarlari birmuncha sodda koʻringani bilan, aslida, poyonsiz va tubsiz ummon. Buni yuqorida ham aytdik. Ummonning bagʻriga shoʻngʻib, hazratning oʻz taʼbiri bilan aytganda, undan bebaho marvaridlar terish imkoni bor ekan, bir chelak suv bilan kifoyalanish oʻta xunuk kamtarinlik boʻlur edi. Rumiy hikmatlar aytgan donishmand va yohud oʻtligʻ sheʼrlar bitgan shoirgina emas. U shogirdlariga maʼruzalar oʻqigan mudarrisdan ham iborat emas. Rumiy goʻzal sheʼrni ham, chuqur hikmatni ham, haroratli maʼruzalarni ham manzilga borish yoʻlidagi vositalar deb bilgan. Uning nazari hamisha mohiyatga qadalgan. Rumiyning oʻzi buni bot-bot takrorlaydi. Lekin mohiyat turli-tuman shakllarning qavat- qavat libosi ichra yashiringan boʻlganidan unga har kimning ham tafakkur ziyosi yetib borolmaydi. Rumiy ana shu shakllar krossvordini osonlik bilan yechib, asliyatga koʻz tikkan, buning uddasidan chiqa olgan, ham kechaning, ham bugunning va ham ertangi kunning mutafakkir shoiri, ustozidir.

Rumiyning siz aytgan sohalarga, umuman, fanning koʻpgina sohalariga qoʻshgan hissasi beqiyos. Uning qarashlari falsafada ham tamomila yangi bir qarashning tugʻilishiga turtki berganligini Gʻarb olimlari qayd etadi. Chunonchi, Gegel oʻzining dunyo yaratilishida ruhning birlamchi maqomga ega ekanligi haqidagi nazariyasini Rumiydan ilhomlanib ilgari surgan, deyishadi. Yoki XX asrda psixoanaliz otasi deb tan olingan Z. Freyd inson intilishlariyu xatti-harakatlarida muhim oʻrin tutgan jinsiy maylni markazga qoʻyib, butun boshli nazariy qarashlarini tizimga solgan edi. Freyd qarashlarida biryoqlamalik bor edi, albatta. Buni Fromm ham qayd etadi. Chunki inson tavrini nafaqat biologik, ayni zamonda, ijtimoiy va ruhiy ildizlar ham belgilaydi. Rumiy insonning ruhiy ildiziga ham juda katta ahamiyat beradi. Shuningdek, biologik mayl oʻrni va ahamiyatini ham inkor qilmaydi, bilʼaks, eʼtirof etadi. “Ichindagi chindadir”da “Qaysga tahammulidan ortiq ehtiros berilgani uchun u majnunga aylandi” deb yozadiki, bu fikr payiga tushsangiz, majnunlikning boisi nafaqat ruhiy bogʻliqlik, shu bilan birga, biologik omil ham boʻlib chiqadi. Gʻarb XX asrda tizimga solgan mazkur qarash Rumiyda XIII asrdayoq birgina jumla ostiga yashirib qoʻyilgan ediki, bu fakt uning naqadar nozik va naqadar kuchli insonshunos boʻlganligidan dalolatdir.

Rumiy insonni juda yaqindan taniydi. Buni u aytgan, sharhlagan hikmatlardan, masallardan ham bilib olish mumkin. Ammo u oʻzigacha mavjud masalni aynan takrorlamay, ularga ijodiy yondashadi, oʻzgartiradi, masal va rivoyatlarning kutilmagan, taʼbir joiz boʻlsa, rumiyona maʼno qirralarini ochib yuboradi. Buning sababi Rumiy demoqchi boʻlgan maʼnoning salaflar masallarga joylagan maʼnodan boshqacharoq ekani bilan izohlanadi. Chunonchi, Ezopda echki va boʻri haqida bir masal bor. Unga koʻra, balandlikda turgan echki pastda yurgan boʻrini kutilmaganda soʻkib qoladi. Shunda boʻri echkiga yuzlanib, “seni gapirtirayotgan kuch – turgan joying, tepalik” deb javob beradi. Bundan anglashiladiki, echki xavfsiz yerda boʻlgani bois koʻngli tusagan nomaʼqulchilikni qilayapti. Rumiy “Ichindagi ichindadir” asarida masalga oʻzga toʻn kiydiradi. U aytadiki, shaharni yurt amiri aylanib yurgan edi. Tomboshiga chiqib olgan bir odam esa turgan joyidan amirni haqorat qila ketadi. Amir darhol uni tuttirib, zindonband aylaydi. Vaqtlar oʻtib esa oʻzini soʻkkan odam esiga tushadi-da, olib kelinglar-chi, deya buyuradi. Huzuriga kelganda amir soʻraydi: meni haqorat qilgan odam senmiding? Fuqaro: yoʻq, amirim, seni urushgan odam oʻsha tomboshida qoldi, hozir zindondan chiqib, qarshingda turgan odam butunlay oʻzga odamdir, deya javob beradi. Xoʻsh, ildizi bitta boʻlgan masal Ezopda nimaniyu, Rumiyda qay maʼnoni anglatyapti? Nazarimda, Ezopda martabasi baland, shu balandlik tufayli jazo olmasligiga ishongan echki (inson) ning oʻsha tepalikdagi kibrli holi bayoni bor esa, Rumiy bu nuqtada toʻxtab qolmaydi. Aksincha, davom etib aytadiki, amirni haqoratlagan kishi boshqa vaziyatga tushib, yaʼni zindonda bir muddat oʻtirgach, kayfiyati, holi, fikrlari oʻzgarib, tamomila boshqa odamga aylanadi. Chunki, bu oʻrinda, amirni haqorat qilgan odamning boshqa bir vaziyatda boshqa soʻzlarni, avvalgisiga tamomila zid gapni aytishida u tushib qolgan vaziyatga urgʻu berilyapti. Boshqacha aytganda, muhitning inson qarashlaridagi hissasi qayd etilyapti. Inson tabiatining yengil shabada taʼsirida u yoqdan bu yoqqa aylanib turgan yaproqdek oʻzgaruvchanligi hamda buning sabablari ochib tashlanyapti. Yaʼni inson qanday boʻlsa, shunday tushunilib, shunday talqin qilanyapti. Unga soxta va balandparvoz yorliqlar yopishtirilmayapti. Darhaqiqat, inson ruhiyati koʻpincha sharoitning, muhitning, vaziyatning ham mahsuli boʻlib oʻzini namoyon qiladi. Ulugʻ rus yozuvchisi Lev Tolstoy “Tirilish” romanida shunday toifa insonlar borki, ular oʻz hayotlari davomida qanchadir foiz oʻzining, qanchadir foiz oʻzgalarning qarashlariga suyanib yashaydi, deydi. Rumiy boʻlsa, nuktadonlik bilan insonning hatto oʻz qarashlarining ham turlanishi sababiyatiga kirib boryapti.

Xullas, aytilganlar xamir uchidan bir patir, xolos. Rumiyning jamiyatshunos, insonshunos va ruhshunos ekanligiga bagʻishlangan chinakam tadqiqotlar hali oldinda, deb oʻylayman

S. Quronov: Yuqorida bir oʻrinda “hamma gap roviyning ogohlantirishlariga quloq tutguvchi oʻquvchining bor-yoʻqligida qolyapti…” dedingiz. Adabiyotning taqdirida, uning qandayligi va qaysi tomonga ketishida oʻquvchining oʻrni shu darajada muhimmi?..

U. Hamdam: Oʻquvchi, uning saviyasi masalasi adabiyotda juda muhim, deb oʻylayman. Kuzatishlarim shunday oʻylashga turtki beradi. Bir paytlar, aytaylik, 80-yillarda E. Vohidov, A. Oripov, O. Matchon, H. Xudoyberdiyeva kabi shoirlarimizning sheʼrlari koʻpchilik oʻquvchilar uchun tushunarli edi. Yaʼni oʻsha paytdagi oʻquvchilar asosiy qismining badiiy-estetik darajasi bugungi kunda badiiy didi yetarlicha kamol topgan aksar oʻquvchilar uchungina tushunarli boʻlgan shoirlarimizning sheʼrlarini hech bir qiyinchiliksiz qabul qila olardi. Xoʻsh, bugun-chi? Bugun ahvol butunlay boshqacha. Bugun oʻsha umumiy daraja bir pogʻona pastga tushgandek tuyuladi. Chunki 25 yil avval zoʻriqishsiz tushunilgan, sevilgan adabiyot bugungi kunda, ne ajabki, asosiy oʻquvchilar ommasi uchun qoʻl yetmaydigan yuksaklik boʻlib qolmoqda. Holbuki, badiiy asarni maʼnaviyat mahsuli deb olsak, uning oʻz vazifasini tom maʼnoda bajarishi uchun oʻquvchiga va uning badiiy-estetik saviyasiga koʻp jihatdan bogʻliq. Masalaning bu tomonini koʻpincha unutib qoʻyayapmiz. Oʻquvchini unutayapmiz. “Yaxshi asar yozing!” deya yozuvchiga murojaatlar qilamiz. Lekin uni hazm qilib, qadriga yetguvchi oʻquvchini tarbiyalash hech kimning aqliga kelmaydi. Oʻzbek nasrida, xususan, hikoyachiligida 10-15 ta shunday hikoyalar yaratildiki, ular oʻzining badiiy-estetik va falsafiy qimmatiga koʻra eng ilgʻoradabiyot namunalaridir. Lekin oʻshalarni tushunib, magʻzini chaqib beradigan oʻquvchi – anqoning urugʻi. Bu noyob urugʻning soni, nari borsa, shu hikoyalar miqdori qadar, tamom-vasalom! Zero, adabiyotning toʻlaqonli sistema boʻlishi uchun ijodkor, asar va oʻquvchi uchligi lozim. Oʻquvchisiz adabiyot oʻz maqsadiga erisholmaydi. U bir qanoti singan qushdek gap: parvoz haqida faqat xayol surishi mumkin. Ayni damda, oʻquvchida ham oʻquvchi borligini yodda tutmoq kerak. Har bir xalqning oʻziga munosib rahbari boʻlganidek, u yoki bu mamlakatning ijodkori ham oʻquvchisiga yarasha boʻladi. Hayotiy bir misol keltiraman: Uyimga sentexnik chaqirdim. U rus millatiga mansub edi. Bir necha kun ishlagani bois, har xil mavzularda suhbatlashib qoldik va u kaminaning yozuvchi ekanligidan xabar topib, “ruschada nimang chiqqan?” deya soʻradi. Men unga “Bunt i smireniye” degan romanimni oʻqishga berdim. Ikki kun oʻtar-oʻtmas rus santexnigi ish asnosida men bilan roman toʻgʻrisida bahslasha ketdi. Joʻyali bahs qildi oʻziyam. Bu yerda gap kimning haqli boʻlib, kimning nohaqligida emas, yoʻq, men eʼtiborni boshqa tomonga qaratmoqchiman: bahslashayotganlarning biri oʻrta maʼlumotli oddiy rus millatiga mansub santexnik edi, ikkinchisi esa oliy maʼlumotli, filologiya fanlari nomzodi, yozuvchi, shoir va adabiyotshunos, yaʼni kamina edi. Men XIX va XX asrlarda rus adabiyotining nega bunchalar baland parvoz qilganiyu Pushkin, Dostoyevskiy, Tolstoy, Chexov, Gogol kabi adiblarning paydo boʻlishi sabablaridan birini, oʻta jiddiylaridan birini hayotim misolida tushungandek boʻldim oʻshanda. Hatto santexniklar orasida badiiy asar va unda koʻtarilayotgan muammolar haqida baland mubohasalarga qodir mana shunday oʻquvchilar bor ekan, bu xalqqa munosib yozuvchiyu shoir ham tugʻilaveradi, shakllanib yetishaveradi. Ajab, ushbu fikrdan teskari fikr ham kelib chiqar ekan: oʻquvchining saviyasi qancha past boʻlsa, xuddi shunday saviyadagi shair yo yozgʻuchi ham har qadamda tirjayib qarshingizdan chiqib turadi.

Oʻquvchi muhim. Baʼzan boʻlajak mutaxasislarning saviyasiga qarab turib, xafa boʻlib ketasan, kishi. Aslida, ular ham bir necha yil muqaddam oʻquvchi boʻlishgan. Demak, umuman, oʻquvchi haqida gapirsak boʻlaveradi. Bir necha yil muqaddam xuddi shunday oʻquvchilar, yaʼni boʻlgʻusi filologlar Erkin Vohidovdek shoir bilan uchrashuvga shigʻir yozadigan shairning kitobini koʻtarib borganiga nima deysiz?!… Voqeani bayon etay: kunlardan bir kun ikki talaba oldimga sheʼru maqola koʻtarib kelishdi-da, kuni kecha fakultetda boʻlib oʻtgan uchrashuvni aytib qolishdi. Unga koʻra, Oʻzbekiston xalq shoiri, yurt qahramoni Erkin Vohidov bilan uchrashuv boʻladi. Unda filolog talabalar ishtirok etishadi. Bilasizmi, Erkin Vohidovdek zamonamizning ulugʻ shoiri bilan uchrashuvga talabalarning aksari kimning kitobini koʻtarib borishadi? Navoiyning deysizmi? Qani edi. Adashdingiz. Shigʻir yozuvchi bir shairning kitobini!.. Demak, boʻlgʻusi adabiyotchilar shoir bilan shairni farqiga bormaydi. Ertaga bitirib chiqqandan keyin yosh avlodga ham shairlarni targʻib qiladi. Natijada ularning taʼsirida ulgʻaygan millatdoshlarimizning saviyasi shairlarning darajasidan koʻp-da uzoqqa bormaydi. “Men sevaman, sen sevasanmi?” deya oʻtadi. (Mening shigʻirchiga va uning kabi yozadiganlarga zarra gʻarazim yoʻq. Mening dardim oʻquvchi va uning saviyasida. Ana shu jiddiy muammo! Shigʻirchilar kelib ketishaveradi… Darvoqe, shundaymikin? Ular chindanam ketisharmikin… Nazarimda, bu oʻquvchiga, uning saviyasiga bogʻliq hol).

Men avlodlar dunyoqarashi oʻrtasida, didlar oʻrtasida katta farqlar boʻlishi mumkinligini yaxshi tushunaman. 90-yillarning oʻrtalarida bir yosh shoir men yoqtirib oʻqigan anʼanaviy sheʼrlardan (mas.,“Oʻksib oʻksib axtaraman nur, Qorongʻuda boʻlgayman ado. Qoʻngʻiroqlar sadosi kelur, Qanday mashʼum bu goʻzal sado!”) uncha mutaassir boʻlmasligini, aksincha, qofiyasiz, ohangi buzilgan, lekin kuchli maʼnoni bagʻriga yashirgan sheʼrlardan zavq tuyishini aytgan edi. Misol uchun deya “Koʻzlarimda ikkita shovqin…” degan misrani aytgan va uni berilib tahlil qilgan edi. Men yosh doʻstimni tushungan, qabul qilgan va oʻqigan sheʼri (misrasi)dan badiiy-estetik zavq tuygan edim. Nima boʻlganda ham, u oʻqigan sheʼrda chindan-da zalvorli yuk bor edi. Shularni eʼtirof etgan holda, yosh doʻstimga eʼtirozlarimni ham bildirgan edim: yaxshi asar barmoqda ham, aruzda ham, sochmada ham yozilishi mumkin. Uni shakli tufayli yoqtirish yoki yoqtirmaslik sanʼatdagi turfalik mohiyatini, shakllar oʻyinini tushunmaslikdir. Nafaqat hayotdagi, ayni damda, sanʼatdagi tolerantlik ham ulugʻ neʼmat. Binobarin, badiiy asar qaysi izm yo shaklda yozilgan boʻlmasin, uning taqdirini isteʼdod hal qiladi. Biz badiiy asarni shu pozitsiyadan turib baholashni oʻrganishimiz kerak…

Ammo bugungi kun oʻquvchisi yoqtirib oʻqiyotgan sheʼrlarning katta bir qismini sheʼr deb boʻlmaydi. Ularda na maza bor, na matra. Bu nimadan dalolat? Sanʼatning inqirozidanmi? Didlarning oʻtmaslashishidanmi? “Yangi inson”ning shakllanib borayotganidanmi? Omma qoʻzgʻalonidanmi?.. Afsuski, aytilganlarning hammasida jon bor. Qidirilsa, muammoning yana oʻnlab sabablari ham topiladi. Xoʻsh, chora bormi, chora?.. Bu, menimcha, koʻpchilik ziyoli qatlamning yurak-bagʻrida yashab kelayotgan hayqiriq-savol boʻlsa, ajabmas. “Laʼnati savollar” degan savollar paydo boʻlgandi oʻtgan asrlarda. Adashmasam, javobi yoʻq savollarni shunday atashardi. Oʻylashimcha, chorasizlikdan yaxshiroq chora ham bor. Lekin u insonlardan qurbonlikni – chinakam sanʼatu adabiyot yoʻlida umrlarni fido etishni talab qiladi. Javob soʻz bilan emas, bardosh va yuksaklik bilan yashaladigan umr ila beriladi. Shundagina nimadir yaxshi tomonga, toʻgʻri tomonga oʻzgarishi mumkin.

Quronov: Jamiyatda avlodlar almashinuvini estafetali yugurishga qiyoslash mumkin. Bu oʻyinda estafeta tayoqchasini qabul qilib olayotgan oʻyinchi tayoqchani jamoadoshidan shunchaki tortib olmaydi, balki tezlik olgunicha u bilan birga yuguradi. Marraga yetib olish uchun esa jamoaning har bir oʻyinchisi teng masʼul. Mana, siz oxirgi yillarda pedagog sifatida faoliyat yurityapsiz. Yoshlar bilan ishlash jarayonida ularning oʻy-xayollari, yumushlari va maqsadlari haqida yaqindan boxabarsiz. Xoʻsh bugungi yosh avlod haqida nimalar deya olasiz? Ular tayoqchani qabul qilib olish uchun qoʻllarini vaqtida uzatisharmikan? Sizning avlodchi – tayoqchani vaqtida, ziyon zahmatsiz olib kelayotganmikan?

U. Hamdam: Tayoqcha ikki avlod oʻrtasida bir emas, bir necha bor yerga tushib ketib, uni qoʻlga olish uchun ancha muncha vaqt yoʻqotib boʻlindi. Bu narsani men, avvalo, ziyoli sifatida aytayotirman. Qolaversa, ham adabiyotshunos olim, ham filolog-pedagog sifatida. Yozuvchi sifatida 2001-yilda “Yosh kuch” jurnali muxbiri bilan qilingan “Adabiyotga eʼtibor – insonga eʼtibor” nomli suhbatda “Yoʻqotilgan avlod” iborasini qoʻllaganman. Chunki mustaqillikning dastlabki murakkab yillarida inson eʼtibori asosan moddiyatga qaratildi. Har qancha saʼy-harakatlarga qaramay, tarozining maʼnaviyat pallasi havoda muallaq qoldi. Natijada yangi avlodning toʻlaqonli avlod boʻlib shakllanishi qiyin kechdi. “Muvozanat” shu tufayli yozilgandi. Men tengi avlod ana shu qiyinchiliklar girdobida katta hayotga qadam qoʻydi. Shu maʼnoda mening avlodim tegirmon ichiga bir tushib chiqdi. Tegirmondan butun chiqdimi yo mayib, buning javobi ogʻir. Har holda, bir muncha toʻzigan, parchalanganlar oramizda talay. Chunki sohaning haqiqiy mutaxassisi boʻlishi kerak qanchadan qancha avloddoshlarimiz tirikchilik koʻyida butunlay boshqa sohalarga ketib qolishdi. Ammo, bundan qatʼiy nazar, zamon tegirmonidan omon chiqqan ozsonli tengdoshlarim ham borki, ularning har biri butun bir avlod amalga oshirishi mumkin boʻlgan ishlarga qodirdir, deb oʻylagim keladi. Chunki zamon, uning murakabliklari avloddoshlarimni shunday tarbiya qildi, tobladi. Badiiy ijod, odatda, shunday ziddiyatli davrlarda qaddini tiklaydi. Demak, mazkur mulohazalar badiiy ijod bobida oʻylaganlarimdir. Ilm va pedagogikada ahvol sal boshqacharoq. Bu sohalardagi yetishmovchilik, uzilish yaxshi natijalarga olib bormaydi. Chunki yangi avlodni yetishmovchilik va kamchiliklar ichida butun qilib tarbiyalash mumkin emas. Shu maʼnoda men tengi avlodning sizga berishi kerak boʻlgan estafeta tayoqchasining yerga tushib ketishi tabiiy edi. Birgina adabiyotshunoslik ilmini oling. Keksa avlod mavjud va u hamon safda. Ammo ular ham ketib borishayapti. Endi yangi avlodni tarbiyalaymiz, deya harakat qilayapmiz. Bu yaxshi. Lekin qani orada turgan, keksa avlodga munosib, yosh avlodga esa ibrat boʻlgulik oʻrta avlod? Oʻrta avlodni topish qiyin boʻlsa, yangisini qanday tarbiyalaymiz? Ilmga muntazam ravishdagi, yetarli darajadagi moddiy-maʼnaviy eʼtiborni boʻlmaganligi, ilmiy daraja olishda yillar davomida hukm surgan tuturiqsiz tutimlar avlodni mana shunday mayib qilib qoʻydi. Bugungi kunda ilmiy kengashlar jamoasi ancha gʻarib holga tushib qolganligi mazkur achchiq haqiqat bilan izohlanadi. Men bir narsani tushunmayman: oʻzi shusiz ham bir ahvolda boʻlgan ilm ahli qarshisiga sunʼiy toʻsiqlarni kim qoʻyyapti? Nega qoʻyyapti? Bundan koʻzlangan maqsad nima? Yangiliklar, oʻzgarishlar bunday qilinmaydi-ku, axir!.. Lekin hozir ham kech emas. Ilm sohasida har yili, har oyda oʻzgarishlar qilmasdan, jamiyatni, soha vakillari hayot tarzlarini, kerak boʻlsa, oʻy-xayollarini tartibga solishga, hayotni ham, xayolni ham ilmga, faqat ilmga yoʻnaltira oladigan, uzoqni koʻzlaydigan oqilona siyosat yurgizish kerak, deb oʻylayman. Tinimsiz oʻzgarishlar ichida qolish insonni baxtsiz qilishini hisobga olsak, har bir sohada muayyan yillarga yaragulik tizimlarni haqida bosh qotirishimiz kerak boʻladi. Bugun bunday, ertaga unday jadvalni toʻldirish bilan uzoqqa borib boʻlmaydi. Aksi taqdirda, oʻzga millatlarning kitoblarini tarjima qilib, sharhlar yozishdan boshqasiga yaramaydigan avlodlarni yetishtiramiz, xolos.

Yosh avlodning orasida koʻzlari chaqnab turgan, bilimga, yangilikka oʻch yigit qizlar koʻp. Mening ulardan umidim katta. Endi ularni adolatsizlik, byurokratiya, qogʻozbozlik va korrupsiya degan ogʻir toshlarning ostida ezib qoʻymasak bas, yangi avlod qaddini rostlab, oʻz kuch-qudratini namoyish eta oladi. Faqat shundagina yosh avlod estafeta tayoqchasini oʻz vaqtida, munosib tarzda navbatdagi boʻgʻinga bera oladi. Eng muhimi, yerga tushirmasdan…

Tafakkur, 2017-yil, iyun