Адабий асар талқинига доир айрим қайдлар

      76 марта кўрилган

Масала юзасидан фикрларимизни бадиий коммуникация бирлиги саналувчи адабий асарни нутқий коммуникация бирлиги бўлмиш гап билан қиёслаган ҳолда баён қилиш кўп жиҳатдан ўнғай кўринди. Зеро, адабий асар – энг аввал, нутқ ҳодисаси: адабий асарнинг яратувчиси – нутқ ирод этаётган одам, шунга мос тарзда адабий асарнинг ўқувчиси – тинглаётган одам. Бундай дейишимизга асос, ёзмоқнинг моҳиятан тасаввурдаги ўқувчига гапирмоқ, ўқимоқ эса тасаввурдаги ёзувчини тингламоқ эканидир*. Биз тўхталмоқчи бўлган масала – талқин эса шу иккисининг орасидаги, аниқроғи, иккисига ҳам бирдек тааллуқли ҳодисадир.

  1. Аввало, талқин истилоҳини аниқлаштириб олишимиз зарур. Ҳозирги истеъмолда “интерпретация”нинг синоними сифатида қўлланувчи ушбу терминнинг истилоҳий маъноси ўзга томонидан айтилган гап ёхуд ёзилган асар (илмий, фалсафий, диний, бадиий ва ҳ.) мазмунини англаш, уни маълум яхлитликда тушуниш ва тушунтириш демакдир. Кўриниб турганидек, бу ўринда терминни соҳамиз, яъни адабиётшунослик доирасидан кенгроқ оляпмиз, бироқ, барибир, матн ҳудудидан четга чиққанимиз йўқ: мазкур маънода талқин деганимиз “матн герменевтикаси” чегарасида қолмоқда. Ҳолбуки, талқин (интерпретация) термини ҳозирда кўплаб фан соҳалари вакиллари илмий муомаласида ғоят фаол ва биз юқорида айтгандан анча кенг, яъни умуман бирон нарсани тушуниш ва тушунтириш амаллари маъносида ишлатилмоқда.

1.1. Илмий муомалада кенг қўлланувчи “бадиий талқин” тушунчаси билан “адабий асар талқини” тушунчаларини фарқламоқ керак (қулайлик мақсадида амалиётда уларнинг иккиси ҳам кўпинча битта “талқин” сўзи билан ифодалангани учун баъзан аксинча ҳол кузатилади). Негаки, ушбу тушунчаларнинг биринчиси ижод жараёни билан, иккинчиси адабий асарни ўқиш (уқиш) жараёни билан боғлиқ.

1.1.1. Бадиий талқин дегани предметни бадиий образ воситасида идрок қилмоқ (тушунмоқ) ва англаганини бадиий образлар орқали ифодаламоқ (тушунтирмоқ)дирки, бу амаллар ижод  – яратиш жараёнидан ташқарида мавжуд эмас. Аслида, бу амаллар бадиий санъатларнинг барига ҳам у ё бу даражада хос, бироқ бошқаларига қараганда билиш имкониятлари кенгроқ бўлган бадиий адабиётда яққолроқ намоён бўлади. Зеро, адабий-бадиий ижодга туртки берувчи асосий омиллардан бири билиш эҳтиёжидир. Масалан, Шукур Холмирзаевнинг 80-йиллар охирларидан бошлаб 90-йиллар ўрталаригача ёзган асарларига диққат қилинса, муаллифнинг жамият аъзолари онг-кайфиятида етилиб келаётган ўзгаришлар, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги янгиликларга турлича муносабатларига айрича эътибор бераётгани кўринади. Сабаби, одатланилган ижтимоий тартиботу муносабатларга дарз кетиб, эътиқоду қадриятларни қайта кўриб чиқиш тақозо этилаётган бир шароит – ўтиш даври унинг қаршисига қатор саволларни кўндаланг қилди. Адиб давр ҳаёти манзараларини чизаркан, ўзи яратган образлар ёрдамида шу саволларга жавоб излади (даврни тушунишга интилди), муайян хулосаларга келди ва асарларида ўша образларни англаганларини ифодалашга мос тартиб ва муносабатдорликда жойлаштирди (даврни тушунтиришга интилди).

Мазкур жараённи адабиётшуносликда “Шукур Холмирзаев ижодида ўтиш даврининг бадиий талқини” деб юритамиз. Шунга ўхшаш, ижодкор бирон тарихий воқеа, шахс ё миллат тақдири, бирон туйғу, инсоний хусусият ва шу кабиларни образлар воситасида бадиий талқин қилавериши мумкин, адабиётшунослик эса мос ҳолда номлайверади: “Торобий қўзғолонининг бадиий талқини”, “мардикор воқеаларининг бадиий талқини”, “ижодкор шахснинг бадиий талқини”, “хиёнатнинг бадиий талқинлари” ва ҳоказо.

1.1.2. Аввалги банд (1.1.1.)да айтилганлардан келиб чиқсак, адабий асар талқини моҳиятан “талқиннинг талқини”дир. Зеро, ижодкорнинг бадиий талқини натижаси бадиий образ – белгиларда акс этган экан, энди ўқувчи (мунаққид)нинг уларга маъни бермоғи лозим бўлади. Яъни адабий асарни талқин қилиш учун бадиий образлар тилини мантиқ тилига кўчириш талаб этилади. Фақат ушбу амалнинг салмоғи ўқувчи билан мунаққид талқинида бир хил эмас: ўқувчи образнинг айрим маъно қирраларини “ҳис қилиш” даражасида қолиш билан қаноатлана олади, мунаққид ўша қирраларни ҳам мантиқан асосли тушунмоқни мақсад қилади.

  1. Адабий асар матн, ёзма манба сифатида яшайди. Ҳар қандай ёзма манба (матн) эса, замонавий герменевтиканинг асосчиси Ф.Шлейермахерга кўра, иккиёқлама табиатга эга: бир томондан, у тил тизимига нисбатан қисм, иккинчи томондан, муайян бир индивиднинг ижод маҳсулидир. Шунга кўра талқинчи олдида бир-бирига боғлиқ иккита вазифа туради: биринчиси – матндаги лисоний ифодани муайян тил тизимининг узви сифатида ўрганиш (“грамматик” талқин), иккинчиси – унинг ортида турган бетакрор субъектни англаш (“психологик” талқин). Мазкур вазифаларнинг иккаласини ҳам тўла уддалаш имкондан ташқарида, шунинг учун ҳам адабий асар талқини чексиз жараёндир.

2.1. Адабий асарга, аниқроғи, адабий-бадиий асарга татбиқан “лисоний ифода” дейишнинг ўзи камлик қилади. Негаки, бунда лисоний ифода образ яратишга хизмат қилади, адабий-бадиий асарда ифоданинг ўзи икки қатламли. Мураккаблик шундаки, лисоний ифоданинг ўзи бевосита мазмунга эга, айни чоғда, бадиий мазмун ўша лисоний ифода яратаётган образлар орқали, яъни “образлар тили”да ифодаланади. Шунга кўра, тушуниш даражаси ҳам икки турли. Дейлик, лисоний ифода етказаётган мазмуннигина тушунган ўқувчи учун бадиият ҳодисаси мавжуд эмас. Масалан, “Ўғри”ни ўқиган бундай ўқувчи учун ҳикояда тасвирланган ҳаётий воқеа бор, воқеага ровий муносабати ва шундан келиб чиқадиган бевосита мазмун бор, холос. Бас, унинг учун ҳикоя воқелиги билан реал воқелик орасида фарқ йўқ, демак, реал ҳаётий воқеани мушоҳада қилиши билан ҳикояни мушоҳада қилиши орасида ҳам айтарли фарқ йўқ. Ҳикоядаги “образлар тили”да ифодаланувчи мазмуннинг юзага чиқишини гап қурилиши, умуман, тил қонуниятларга қиёсан кўриб ўтамиз. Аввало, ҳикоядаги асосий образларни аниқлаб оламиз, булар: Қобил бобо, амалдорлар, маҳалла аҳли; бошқа образлар (деталлар)нинг бари шуларга тобеланади: изоҳлайди, аниқлайди, тўлдиради. Қиёслаш учун бошланғич грамматик шаклдаги “ука”, “мактаб”, “бормоқ” сўзларини олайлик. Буларнинг ҳар бири алоҳида олинганида ҳам маънога эга, бироқ мазмун ифодалаш учун уларни бир-бирига муайян муносабатдорликда боғлаш талаб қилинади. Шу шарт бажарилса, масалан, “Укам мактабга боради” (ёки “Укамнинг мактабига бордим”, “Укам билан мактабга бораман” ва ш.к.) тарзидаги мазмунни ифодалаш ёки уқиш мумкин бўлади (акс ҳолда, масалан, қўлида инглизча-ўзбекча луғат, лекин инглиз тили грамматикасидан мутлақо бехабар одамнинг инглизча гап тузиши ёки шундай одамнинг инглиз тилидаги гапни ўқишига монанд ҳол юзага келади: сўзларнинг маъносини билади, лекин аниқ бир мазмунни ифодалаш ёки ифодланган мазмунни уқишга ожиз). Кўриб турганимиздек, мисолга олинган учтагина сўз воситасида турлича мазмунларни ифодалаш имкони мавжуд, сўзловчига шулардан биттаси керак, демак, у сўзларни ўша мазмунни ифодалашга мос тарздаги муносабатдорликда боғлайди. Лисоний ифодада сўзлар орасидаги муносабатни грамматик воситалар равшан кўрсатиб туради, образлар орасидаги муносабатларнинг эса бундай кўрсаткичлари йўқ, аниқроғи, улар лисоний ифодадаги каби равшан кўзга ташланмайди. Айни ҳол образли ифоданинг ҳамиша талқинталаб бўлишини белгилаб, уни матнга асосланган ҳолда контекст (муаллифнинг ижодий нияти, асар ёзилган даврдаги маънавий-руҳий ҳолати; давр ижтимоий-маданий шароити, етакчи ижтимоий кайфият ва б.)лар доирасида тушуниш заруратини келтириб чиқаради. Агар шу тарз ёндашсак, “Ўғри”нинг образлар тили омманинг томошабин мақомида тургани учун қатағон машинаси қаршисида ёлғиз қолган инсон фожиасини акс эттирган дейиш мумкин бўлади.

2.2. Ф.Шлейермахер грамматик талқиннинг энг муҳим шарти сифатида “муаллиф ва илк ўқувчилар учун умумий бўлган тил”ни кўрсатади. Агар тил мудом ҳаракатда, ўзгаришда бўлувчи ҳодиса эканини эътиборга олсак, ушбу шарт ҳақиқатан ҳам ғоят муҳимлиги аён бўлади. Дейлик, тилнинг тарихий тараққиёти жараёнида сўз маъносининг торайиши ё кенгайиши, сўзнинг тамом янги маънода қўллана бошлаши; ўзлашма сўз ўзлаштирган тилда ўзгача маъно олиши ёки луғавий маъноларидан фақат биттасинигина сақлаб қолиши; ўзга тилдаги сўзнинг турли грамматик шакллари ўзлаштирган тилда алоҳида мустақил сўзга айланиши каби ҳоллар объектив равишда мавжудлиги буни янада долзарб этади. Навоий асарларини тушуниш учун улар яратилган давр муҳитида араб ва форс тилларининг мақоми юксак бўлгани, шоирнинг ўзи ва илк ўқувчилари – даврнинг зиёли кишилари ҳар икки тилни мукаммал билганини эътиборда тутиш, яъни нафақат туркий, балки араб ва форс тилларининг ҳам ўша даврдаги ҳолатини билиш талаб этилади. Талқин қилувчиларнинг бу борадаги билимлари чуқурлашиши баробари Навоий асарлари мазмунининг ҳам янги-янги қирралари очилаверади.

Шунга ўхшаш, лисоний ифодадаги неологизмлар ҳам “муаллиф ва илк ўқувчилар учун умумий бўлган тил”га эътибор қаратишни талаб қилади. Масалан, Чўлпоннинг “Бу дунё деб у дунёни баҳосиз пулга сотдим-ку” мисрасида “баҳосиз пул” бирикмаси неологизмдир. Негаки, то биринчи жаҳон уруши йилларига қадар пулнинг қадрсизланиши тушунчаси халқимизга ёт бўлган: қадрсизланиш қоғоз пулга хос, бундай пул эса бизга чор истилоси билан кириб келган ва то биринчи жаҳон урушигача подшолик пули қадрсизланган эмас. Шеър ёзилган давр (1920) кишиларига “баҳосиз пул” бирикмаси Керенский ҳукумати муомалага киритган ва тезда шиддатли равишда ўта қадрсизланган пулни англатган. Яъни “илк ўқувчилар”га ушбу бирикма алоқадорлик асосида 1917 йил февраль инқилоби ва юртдаги тараққийпарвар кучларнинг у билан боғлиқ орзу-умидларини эслатадики, Чўлпон шунга таянган ҳолда “февраль инқилоби туғдирган умидларга алданиб, у дунёлигимга зиён етказдим” қабилидаги изтиробини изҳор қилади. Лисоний ифоданинг мазмунини анг­лаб олгач эса биографик контекстдан бу изтироб асосини тушуниб етамиз: таҳликали замонда шоирнинг отасини ўғлининг сиёсий фаоллиги ташвишга солган, унинг ёлғиз ўғли ўз ёнида, хавф-хатардан йироқ бўлишини исташи табиий. Кураш шавқига берилган ўғил эса отани ташвишга қўйиб, норозилантириб бўлса-да, ўз билганидан қолмайди. Орада маълум вақт ўтгач, умидлари саробга айланган Чўлпон энди отасини норозилантирганига ўкинади, қилмишини “у дунёни баҳосиз пулга сотмоқ” деб билади. Аён бўляптики, лисоний ифодани тушуниш образли ифодани идрок қилишнинг асоси, зеро, бусиз образларни тўлақонли тасаввур қилиш, уларни бир-бирига боғлаб турган ғоят нозик ришталарни илғаб олиш маҳолдир.

  1. Аввалги бандда ҳам кўрдик, аслида, грамматик талқин билан психологик талқиннинг ажратилишида муайян шартлилик бор. Зеро, грамматик талқин объекти бўлмиш матн айни чоқда субъектни англашнинг илк асоси ҳамдир. Негаки, матн муаллифнинг ижод онларидаги маънавий-руҳий ҳолатини ўзида акс эттиради, демак, субъект ҳақидаги илк тасаввур ҳам матннинг ўзидан олинади ва шу тасаввур кейинча контекстлар орқали тўлдирилиб, аниқлаштириб борилади. Айтилганлар айрим мутахассислар “образли табиати”ни инкор қилувчи “изҳор шеърияти”да яққол кўринади. Билганлар майли, ҳозирча муаллифини айтмай ЎзССР ташкил бўлганининг 10 йиллиги муносабати билан ёзилган шеърдан бир бандни олайлик:

 

Диёрим, каттакон рўзғорда бир тансан,

Қандай жой, нима иш – хўп яхши билгансан,

Дунёга янгидан туғилиб келгансан,

Ўн йилда янгидан ясанди тарихинг.

 

Синчков ўқувчи банднинг иккинчи мисраси, яъни Ўзбекистонга қарата “Қандай жой, нима иш – хўп яхши билгансан” дейилгани шеърнинг мадҳ руҳига у қадар сингишиб кетмаётганини дарҳол сезади. Чунки оҳанг шундайки, бутун бошли мамлакатга ёш болага уқтирган каби “жойинг мана бу ер, вазифанг мана бу” дея кўрсатиб қўйилгандек таассурот қолади. Мумтоз шеъриятда мадҳ қилган бўлиб ҳажв қилмоқ ва, аксинча, ҳажв қилган бўлиб мадҳ этмоққа асосланган ифода санъатлари борлигини билган ўқувчи бунда ҳам шу йўлдан борилмаганми деган андишага бориб, беихтиёр  шеърга синчиклаброқ қарай бошлайди. Хуллас, лисоний ифода ўқувчига муаллифнинг ижод онларидаги маънавий-руҳий ҳолати ҳақида тасаввур берди, унинг мавжуд ҳолатдан қониқиб-қониқолмай турганини ҳис қилдирди. Муҳими, агар ўқувчига шеър муаллифи ким экани маълум эмаслигини ёдга олсак, унинг тасаввури бевосита матндан, лисоний ифодадан ўсиб чиққанини таъкидлаш мумкин. Энди шеър Чўлпонники эканлиги маълум ҳолатни тасаввур қилайлик: ўқувчиларнинг аксарияти Чўлпон ҳақидаги тасаввуридан келиб чиқиб аввалбошдан юқоридагича мазмунни излашга мойил бўлади, бошқа бир қисми эса “Мана, Чўлпон ҳам шўрони мадҳ қилган-ку!” деган иддаоси билан қолади. Иккала ҳолда ҳам субъективлик устувор: биринчи тоифа матндаги юқоридагича талқинни асословчи нуқталарнинг керагидан ортиғини топади, иккинчи тоифа эса уларни мутлақо кўрмайди. Кўриб ўтилган ҳоллар адабий асар талқинида, энг аввал, лисоний ифодани атрофлича чуқур ўрганиш, шундан сўнггина матнни бошқа контекстлар доирасида олиб қараш мумкин деган фикрнинг ишончли исботидир.

  1. Нутқ жараёнида айтилган гап (диалогдаги реплика)да сўзловчи онгида айни пайт (нутқ моменти)да кечаётган ҳолат, адабий асарда эса санъаткорнинг ижод онларидаги маънавий-руҳий ҳолати муҳрланади. Ўша гап айтилган нутқий вазият ҳам, сўзловчининг айни пайтдаги руҳий ҳолати ҳам бетакрор – иккиси ҳам вақт дарёсида оқиб кетди. Бу ўринда “битта дарёга икки бора шунғиб бўлмайди” қоидаси амал қилади. Шундан келиб чиқсак, бетакрор нутқий вазият ва бетакрор руҳий ҳолатда айтилган гапнинг ўзи ҳам том маънода бетакрордир. Айтилган фикрлар ижод онлари, санъаткорнинг ижод онларидаги маънавий-руҳий ҳолати ва адабий асарга ҳам бирдек тааллуқли.

4.1. Нутқ моментидаги руҳий ҳолатда сўзловчи шахсияти (инсоний фазилат ва нуқсонлари, феъл-хўйи, интеллектуал савияси, маънавий қиёфаси ва ш.к.) муҳри бор. Бироқ сўзловчи шахсияти репликада тўғридан-тўғри эмас, нутқ моментидаги лингвистик ва экстралингвистик омиллар приз­масидан ўтиб аксланади. Демак, реплика мазмуни уни ким ва қандай вазиятда айтаётганига боғлиқ ҳолда конкретлашади. Шунга ўхшаш, адабий асарда акс этувчи ижод онларидаги маънавий руҳий ҳолатда ҳам, шубҳасиз, муаллиф шахсияти – унинг ҳаёт йўли билан боғлиқ характери, дунёқараши, орзу-интилишлари ва ш.к.лар муҳри бор. Бироқ булар ҳам адабий асарда тўғридан-тўғри эмас, ижод жараёни кечаётган вақтдаги шароит (ижтимоий ва шахсий ҳаёт, маданий муҳит, маърифий ҳолат ва ш.к.)дан келиб чиқувчи кайфият фокусидан ўтган ҳолда аксланади. Демак, адабий асар мазмуни ҳам уни ким ва қандай вазиятда ёзганига боғлиқ ҳолда конкретлашади. Бу икки омилни – ким айтгани ва қандай вазиятда айтганини асло бир-биридан ажратиб бўлмайди.

4.1.1. Гап (адабий асар) мазмунини тўғридан-тўғри ким айтгани (ёзгани)га боғлаб қўйиш хато, бу ҳолда сўзловчи (ёзувчи) ўзгармас, қотиб қолган махлуқ сифатида тушунилган бўлади. Ҳолбуки, яшаётган одам мудом ўсиш-ўзгаришда, ташқи олам билан муносабати таъсирида унинг руҳ-кайфияти турланиб, турфаланиб туради. Гап (адабий асар)да эса замонда узлуксиз кечаётган айни шу жараённинг – силсиланинг бир ҳалқаси акс этади, холос. Шунга кўра, “бу одамнинг унақа дейиши асло мумкин эмас” ёки “ушбу ёзувчи бунақа мазмунни кўзда тутган бўлиши мумкин эмас” қабилидаги даъволар асоссиздир.

4.1.2. Гап (адабий асар) мазмунини тўғридан-тўғри у айтилган нутқий вазият (асар ёзилган давр шароити)га боғлаб қўйиш ҳам тўғри эмас. Негаки, сўзловчи (ёзувчи)нинг айтганлари ҳамиша вазият моҳиятига мувофиқ бўлиши шарт эмас: у гоҳи вазиятга тамом зид келадиган гап қилиши, гоҳ ўша вазият устидан кулиши, гоҳ эса “ўзининг олами”да (яъни руҳан узлатга чекиниб) яшагани ҳолда вазиятга буткул алоқасиз гап айтавериши мумкин. Дейлик, ножўя ишимиз учун койиш ўрнига “Баракалла!” эшитганимиз; Афандининг сомсахонада “Гўшт-гўшт дейсан, энағар, гўштсиз ҳам бинойидай сомса қилса бўларкан-ку!” дея хотинни сўккани; хаёлга чалғиб кетган жойимиздан қайтибоқ суҳбат мавзусидан йироқ гапни ўртага ташлаб қўйиб кулгига қолганимиз – булар юқоридаги фикрларни етарлича далиллай олади. Шулардан келиб чиқсак, масалан, Ҳ.Олимжонни “зулм авж олган вақтда бахт ва шодликни куйлаган” дея маломат қилиш тўғри эмас. Маълумки, шоирга “бахт ва шодлик куйчиси” номини 30-йилларнинг ўрталаридан бошлаб ёзган шеърлари олиб берган. Унинг умрлик муҳаббатини учратиши, уйланиши, оталик бахтини туюши – хуллас, ҳаётининг энг бахтли дамлари шу вақтга тўғри келади, табиийки, ижодида ҳам ижтимоий-сиёсий лирика ўрнини интим лирика эгаллайди. Мазкур ҳол моҳиятан юқорида келтирганимиз суҳбат чоғи ўз хаёлига чўмиб умумий мавзудан чиқиб қолган суҳбатдош ҳолига ўхшаш. Агарки суҳбатдошнинг ҳолини табиий деб биларканмиз, шоирнинг мазкур ҳоли ҳам шундай ҳисобланиши керак. Демак, аксинча, шоир ижодидаги мазкур фактнинг “айб” сифатида талқин қилиниши ғайритабиий, ғайриилмий деб тушунилмоғи керак. Хулоса қилиб айтганда, адабий асарнинг ўзи ёзилган давр билан муносабатлари турли кўринишларда бўлиши мумкин, улар бевосита ижодкор маънавий-руҳий ҳолати билан боғлиқ, талқинда буни назарда тутиш шарт қилинади.

  1. Модомики, адабий асарда санъаткорнинг ижод онларидаги бетакрор маънавий-руҳий ҳолати акс этар экан, унинг мазмун-моҳиятини англашда ўша ҳолатни тасаввур (ҳис қилиш) ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Тамсил қилсак, мазкур тасаввур (ҳис қилиш)нинг уруғи матн (лисоний ифода)ни ўрганиш давомида сочилади, лекин фақат контекстлар доирасидагина унади. Ижод онларидаги маънавий-руҳий ҳолатнинг яқин контекстлари қуйидагилар: 1) муаллиф ҳаётининг асар яратилган вақтни ўз ичига олувчи босқичи; 2) муаллиф шу босқичда яратган бошқа асарлар; 3) жамият ҳаётининг муайян бир даври ва ундаги етакчи ижтимоий кайфият; 4) шу давр адабиёти. Яъни талқинчи ўзининг ихтиёрида мавжуд воситалар (матн, ижодкор биографиясига доир фактлар, шу даврда яратган асарлари, давр ҳаёти ҳақидаги маълумотлар ва б.)га таяниб ўша бетакрор маънавий-руҳий ҳолатни ҳис (тасаввур) қилмоғи лозим бўлади. Табиийки, матнни ҳис қила олиш даражаси ҳам, контекстларга оид билимлардан хабардорлик ва уларни талқинга татбиқ эта олиш иқтидори ҳаммада бир хил эмас. Айни ҳол адабий асарнинг турлича талқин қилиниши, талқин имконларининг чексизлигини таъминловчи асосий омиллардандир.
  2. Инсон ўйлаб ва ё ҳис қилиб турганини сўз билан тугал ифодалашга ожиз, ўйидаги билан тилидаги фарқ қилади. Ифода ҳамиша сўзловчи ифодалашни истаганидан кўра тор, чала, тугалланмагандир. Тингловчи буни ҳис қилади ва ифодадаги кемтикларни (экстралингвистик омилларга диққат қилиш, сўзловчи билан муносабатлари контекстини хотирга келтириш ва, қисман, тасаввурини ишга солиш кабилар асосида) тўлдириш пайида бўлади. Шунга ўхшаш, адабий асарда ҳам муаллиф айтмоқчи бўлганини тўла ифодалай олмайди, бундаги кемтиклар ўқувчининг ижодий тасаввурни тўла ишга солиши ҳисобига тўлдирилади. Бошқа томони, адабий асардаги имплицит сўзловчи нутқини тушунишнинг жонли мулоқотдагидан кўра мураккаблиги шундаки, бунда қатор экстралингвистик омиллар (ритм, темп, тон, умуман интонация) ҳам матн асосида қайта яратилиши зарур. Табиийки, бунга қобиллик ҳам, ижодий тасаввур имконлари ҳам ўқувчиларда фарқли, айни ҳол талқинлар турличалигининг яна бир омилидир.
  3. Айтилган гап (эълон қилинган адабий асар)ни турли-туман талқин қилиш имкониятлари ҳамиша мавжуд. Негаки, ўзаро нутқий мулоқот (бадиий коммуникация)да биз бир-биримизга фикр (мазмун) эмас, балки унинг ифодаси учун шакллантирилган гап (матн)ни етказамиз. Тингловчи (ўқувчи), ўз навбатида, ўша гап (матнни)ни фикр (мазмун)га айлантириши лозим бўлади ва шу тариқа нутқий мулоқот (бадиий коммуникация) амалга ошади. Кўриб турганимиздек, тингловчи (ўқувчи) шунчаки ахборот қабул қилувчи эмас, балки мазмун яратувчи субъектдир. Шунга кўра, сўзловчи етказмоқчи бўлган (ва ўз наздида етказган) мазмун билан тингловчи англаган мазмун айнан бир нарса бўлолмайди. Адабий асар мисолида эса мазмун яратувчи субъектлар сони (ёзувчи + асарни ўқиган ҳар бир ўқувчи) ғоят кенг, бас, талқинлар сони ҳам шунга мутаносибдир.

7.1. Мулоқот предметидан хабардорлик даражасининг фарқ қилиши туфайли муайян вазиятда айтилган гап суҳбат иштирокчиларига турлича мазмунларини етказиши мумкин. Масалан, суҳбат иштирокчиларнинг бари танийдиган одам ҳақида “Аҳмад ака хўроз-да!” дейилди.  Тингловчиларнинг ҳаммаси буни маъқуллади, фақат уларнинг бири “Аҳмад ака тез, жанжалкаш одам”лигини, иккинчиси “Аҳмад ака аёлларга ўчроқ, “юрадиган” одам”лигини, учинчиси “Аҳмад ака – мард одам” эканини билади ва ҳар бири ўз билганидан келиб чиққан ҳолда сўзловчини маъқуллади. Ҳолбуки, сўзловчи “Аҳмад ака аёллар бригадаси бошлиғи” эканини назарда тутган, холос. Тингловчилар англаган мазмунларда субъективлик устувор, бироқ улар объектив асос – айтилган гапдан ўсиб чиқяптики, уларни инкор қилиб бўлмайди. Шунга ўхшаш, адабий асар талқини ҳам муаллиф назарда тутгандан тамом бошқача бўлиши мумкин ва бунга табиий деб  қарамоқ жоиз. Бу ўринда фақат биргина талаб ўринли: талқин матндан ўсиб чиқиши шарт.

7.2.  Турлича тушуниш имконияти сўзловчи томонидан атайин яратилиши ҳам мумкин. Масалан, баҳорда қайтариш шарти билан қарз берган одам иштирок этаётган суҳбатда “Мана, баҳор ҳам келди!” дейилса, буни қарздор “Қарзни қайтариш вақти келди!” маъносида, бошқалар ўз маъносида тушунадилар. Шунга ўхшаш, адабий асар ҳам муаллифнинг хос ўқувчисига бошқа, оммага бошқа мазмунни етказиши мумкин. Чўлпон “Соз” тўпламининг биринчи шеърини “Бир неча йил қантаргач, Яна олдим созимни. Энди айтиб йиғламас, Кўнгилдаги розимни” сатрлари билан бошлайди. Бу билан у, бир томондан, шўроча тарбия топган ўқувчига “энди шўродан нолиб йиғлоқи шеърлар ёзмайман” дея ваъда беради; иккинчи томондан, хос ўқувчисидан “созим энди кўнгил розини айтолмайди” дея узр сўрайди.

7.3. Моҳиятан 7.2. банддаги каби, фақат сўзловчи ихтиёри билан эмас, мажбурият орқасида юзага келувчи ҳолатлар нутқий мулоқотда кенг учрайди. Зеро, нутқий вазият сўзловчига доим ҳам ўйидагини эркин ифодалаш имконини бермайди: гоҳ ижтимоий-сиёсий шароитни ҳисобга олиб, гоҳ миллий ё маданий анъаналар ҳурматидан, гоҳ суҳбатдошлар андишасини қилиб битта гапдан қолишига тўғри келади. Аксинча, айни ҳол сўзловчидаги айтиш эҳтиёжини кучайтиради ва у бир йўлини қилиб – киноя, қиёс, мажоз каби воситалар орқали фикрини ифодалашга интилади. Айтиш керакки, бу тарз айтилган гапга сўзловчи юклаган мазмун диалог контекстидагина тушунилади. Шунга ўхшаш, адабий асар ҳам яхлит киноя (мас., А.Орипов. “Чол ва коммунизм қиссаси”), қиёс (мас., А.Қаҳҳор. “Даҳшат”) ё мажоз (мас., Ойбек. “Наъматак”)га айланиши мумкин. Бундай асарларга муаллиф юклаган мазмун ҳам фақат контекст (асар яратилган даврдаги шароит, етакчи ижтимоий кайфият, муаллиф дунёқараши ва ш.к.) доирасида англашилади.

  1. Мақолда айтилган гапни отилган ўққа қиёс қилинадики, бунинг бир маъноси “айтиб бўлган гапингнинг эгаси эмассан” демакдир. Масалан, сўзловчи айтган гап бировга озор етказди, у эса буни чиндан-да истамаган. Лекин энди кеч, чунки айтилган гап моддийлашиб бўлди: эшитувчи уни ўз талқинида тушунишга ҳақли. Сўзловчи ҳар не куйиниб “ундай эмас, бундай демоқчийдим” десин, эшитувчи кўнглини озордан тамом фориғ этолмайди. Негаки, айтилган, яъни товушларда моддийлашиб бўлган гап унингча талқин қилишга ҳам изн беради. Шунга ўхшаш, эълон қилинган адабий асар ҳам энди муаллифники эмас, ўқувчи уни ўзича тушунишга ҳақли, муаллиф талқини охирги инстанция бўлолмайди, чунки у ҳам имкондаги талқинлардан бири, холос. Демак, гоҳ-гоҳ учраб турадиган муаллифнинг танқидчиликдаги талқинларга қарши чиқиши ёки мунаққиднинг асар ҳақидаги муаллиф сўзларига бешак далил сифатида ёпишиб олиш ҳоллари тўғри эмас.

 

***

Адабий асар талқини масаласидаги мулоҳазаларимни гап билан қиёсан баён қилишга жазм этганим танқидчиликдаги айрим баҳсли нуқталарга ойдинлик киритиш, яна ҳам аниқроғи, ХХ аср ўзбек адабиёти намуналаридан айримларини янгича талқин қилиш йўлидаги уринишларимга нисбатан билдирилган фикрларга жавоб беришу шу баҳона қарашларимни бутлаш ва тартибга келтириш нияти билан боғлиқ. Албатта, хали етарли асосланмаган айрим хулосалар, батафсилроқ ёритиш  зарур бўлган жиҳатлар борлиги шубҳасиз. Шунга қарамай, адабий асар талқини борасида тўплаган тажрибам ва ўқиб-ўрганганларим асосида баён қилганларим мутахассисларда қизиқиш уйғотар ва улар билдирган фикрлар қарашларимни яхшироқ тартибга солишим, сайқаллашимга ёрдам берар деган умидда қоламан.

 

2013 йил