“Гипотетик усул” ҳақида мулоҳазалар

      231 марта кўрилган

Сўнгги йилларда ХХ аср ўзбек адабиётининг йирик намояндалари – Чўлпон, Ғ.Ғулом, Ойбек, А.Қаҳҳор, Ҳ.Олимжон асарларини янгича талқин қилиш йўлида тажриба ўлароқ ёзилган мақолаларим баҳсларга сабаб бўлди. Хусусан, Ҳ.Олимжоннинг “Муқанна” драмаси ҳақида ёзганим мақола[1] ўз вақтида Н.Каримов, Ғ.Мўминов каби устоз адабиётшуносларда жиддий эътироз қўзғаганди. Албатта, баҳс ҳали тобида пайтлар кимдир каминани ёқлаб, ким эса мухолиф мавқеда тургани ҳам табиий. Бироқ ҳозир муҳими бу эмас, муҳими, илмий баҳснинг пировардида конструктив хулосага олиб келиши лозимлиги. Афсуски, зикр этилган баҳс бу миссияни бажара олмади, масала ҳамон очиқлигича қолаётир. Тўғри, “ҳар кимники ўзига ой кўринар…” деган гап ҳам бор-у, бироқ шунда ҳам адабий танқид баҳснинг принципиал жиҳатлари, рационал мағзига етарли эътибор қилмагандек туюлаверадики, каминани яна шу масалага қайтишга ундаган ҳам айни шу туйғудир. Демак, даставвал шу туйғуни юзага келтирган ва қувватлаб турган нуқталарга тўхталамиз.

Аввало, камина амалга оширган “Муқанна” талқинининг илмийликдан мутлақо йироқ деб топилгани. Жумладан, Н.Каримов фикрича бундай талқин Ҳ.Олимжонни “мустабид тузум билан мухолифатда бўлган Чўлпон ва Фитратлар даврасига ҳам яқинлаштириш йўлидаги саъй-ҳаракат”, “тарихий-адабий муҳитдан узиб олиб … бугунги қарашларимизга яқинлаштиришга уриниш”[2]. Н.Каримов талқинда зўрма-зўракилик борлигини силлиқлаброқ айтса, Ғ.Мўминов дангалини айтади қўяди: “Сиз “шўроларга бутун вужуди билан қарши бўлган” ясама қаҳрамон яратмоқчи бўласиз”[3]. Яна Ғ.Мўминов айтадики, айрим эпизодлар талқини асосида чиқарган хулосаларим “ғирт туҳматдан бошқа нарса эмас”; миямга “халқнинг миллий мустақиллигини бу адиблар (яъни шўро даврининг йирик ёзувчилари – Д.Қ.) орзу қилмаган бўлиши мумкин эмас” деган тасаввурни жойлаб олганман-да, шуни исботлаш учун “улар ижодини шағам ёқиб титкилаб”, “сохта ва беасос” тахминларни олға сураман. Кўриб турганингиздек, қай йўсин ифодаланганидан қатъи назар, иккала олим ҳам каминанинг талқинини “сохталаштириш” деб билади. Устозларни бу хил қарашда собит этган таянч  нуқтаси ҳам битта. Хусусан, Н.Каримов фикрига кўра: “Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор сингари забардаст адибларимизнинг совет даврида яратган асарларида мавжуд тузумда рўй берган даҳшатларни фош қилувчи ёки уларга шама қилувчи сатрлар бўлмаганидек, Ҳамид Олимжондан ҳам бундай, Сиз айтмоқчи, жасоратни топишга интилиш ўша тузумни ҳам, шу тузум даврида майдонга келган асарларни ҳам тушунмасликдан бошқа нарса эмас”. Худди шунга ўхшаш Ғ.Мўминов ҳам: “бу адиблар ўз юрти ва миллатининг содиқ фуқаролари сифатида шўролар сиёсатига, унинг ягона партияси шиорларига ва бу йўлда, айрим баландпарвоз оҳанглар, сохта кўтаринкилик ва таъзим маъносидаги сатрларни ҳисобга олмаганда, асосан астойдил, чин дилдан садоқат билан ижод қилганлар”, – деб билади. Кўряпмизки, иккала олим ҳам зикр этилган адиблар ижоди давр сиёсати ва мафкурасига жўровоз, ўзгача оҳанглар уларга буткул ёт деб ҳисоблайди. Каминанинг тасаввурида эса улар чинакам истеъдод эгалари, демакки, атрофида юз бераётган воқеа-ҳодисалар моҳиятини англаш ва шундан келиб чиқиб ШАХС сифатида ўз маънавий мавқеини эгаллашга қодир кишилардир. Яъни “Муқанна”ни тушунишимизда кузатилувчи фарқлар айни шу нуқтадан ўсиб чиққан.

Кўриб турганингиздек, баҳс анчагина кескин тус олган, асосийси, ҳар икки томон ҳам ўз фикрида собит қолди[4]. Адабий танқид баҳсга, юмшоқ қилиб айтганда, эҳтиёткорлик билан, гўё “жанжал”га аралашишга истиҳола қилган каби муносабатда бўлиб, назаримда, унинг асосидаги масала моҳиятига эмас, юзада қалқиб турган томонларига эътибор берди. Жумладан, истиқлол даври адабий танқидчилигини махсус тадқиқ этган Қ.Қаҳрамонов томонларнинг асосий концепциясини мухтасар баён қилгач, баҳсда “асосий эътибор бадиий асарда ифодаланаётган ғояни очишга қаратил”ганини қайд этиш билан чекланади[5]. 2012 йилда чоп қилинган “Ўзбек адабий танқиди тарихи” дарслигида баҳсга ҳакам сифатида эмас, балки “янги босқич танқидчилик шаклланиши тадрижий такомилидаги методологик тамойилларнинг изланиши” деб қаралгани айтилган. Модомики, баҳсга анча муфассал тўхталинган экан, аниқ бир мавқеда турилса, фикримча, таълимий мақсадга мувофиқроқ бўларди. Афсуски, баҳс юзасидан чиқарилган хулоса мавҳумроқ бўлиб қолган. Негаки, дарсликда, бир томондан, танқидчиликда “шўро давридаги атоқли адиблар” асарлари “таг замирига зимдан яширилган истиқлол ғоялари ёки ҳеч бўлмаганда, шўро истибдодини фош этиш мақсади” борлигини кўрсатиш тамойили кузатилгани ва “бундай асарлар мавжуд бўлгани шубҳасиз” экани таъкидланади. Иккинчи томондан, “бундай мақсад ҳар бир асарга муносабатда зўрма-зўракилик ва сунъийлик билан амалга оширилмаслиги лозим” экани уқтирилади. Яна билмадим-у, каминага бу ўринда “сеники ҳам тўғри, буники ҳам тўғри” дейилаётгандек туюлди. Тўғри, бунинг давомида айтилган фикрлар муносабатга бирмунча аниқлик киритади: “Ният нечоғлик яхши бўлмасин, бундай сунъийлик бадиий асарни нотўғри баҳолашга олиб келиши мумкин. Танқид ва адабиётшуносликдаги гипотетик усул ўзининг аниқ ва изчил таянч нуқталарига эга бўлгандагина оқлайди, акс ҳолда, асар баҳсида юзаки тахминчиликни олиб келадики, у наинки бундай фикрни илгари сураётган мунаққид, балки, умуман танқидчиликка ҳурматни сусайтиришга олиб келиши мумкин”[6]. Кўрамизки,  биз қўллаган талқин йўсини “гипотетик” (фаразий)  деб тушунилиб, унинг танқид этикасига путур етказиш эҳтимолидан огоҳ қилинмоқда. Энг муҳими, бундай тўхтамга орадан ўн йилдан зиёд ўтгач – баҳс руҳи сўнган, яъни энди субъективлик эҳтимоли кесилиб, объектив илмий хулоса чиқариш имкони туғилган вақтда келинмоқда. Айни ҳол яна мавзуга қайтиш, каминанинг талқинлари гипотетик (баҳс контекстида ушбу истилоҳ “хаёлий” маъносини касб этаётгандақ туюлмайдими сизга?) эмаслигини, бинобарин, унинг “таянч нуқталари”ни яна бир карра кўрсатиб ўтиш заруратини туғдирди.

  1. I. Аввало шуки, “Муқанна” талқини заминида тарихий-биографик асос ётади. Фақат, бунда, биринчидан, тарихий-биографик материалга Ҳамид Олимжоннинг ижод онларидаги маънавий-руҳий ҳолатини тасаввур қилишга ёрдам берувчи восита сифатидагина қаралди; иккинчидан, восита экани ва кўпчиликка маълум бўлгани боис уни умумлаштирилган ҳолда эслатиш билан чекланилди. Масалан, мақолада дастлаб шоирга таъриф тарзида мана бу биографик маълумот берилган: “мурғак ёшиданоқ шўро таъсирида шаклланган, ўзига сингдиргани ёлғон ҳақиқатларга чин ҳақиқат дея юракдан ишонган ва ўсмирларга хос ўжар фидойилик билан даврнинг зиддиятли ғоявий курашлар майдонига кирган фаол шахс[7]

Ушбу маълумот Ҳ.Олимжон ижодида тенденциозлик бўлиши муқаррар ва табиийлигини асослаш учун эслатилган эди. Ҳа, эслатилган эди. Негаки, мақолада қўйилган масала бошқа, уни ёритиш учун бундан ортиғи кўплик қилади, асосий мақсаддан чалғитиш эҳтимоли бор. Иккинчидан, бу таъриф ўқувчи илгари ўқиган-билган маълумотларни хотирада тиклаши лозим эди. Модомики, бундай бўлмаётган экан, бу ишни биргаликда амалга оширишга зарурат бор, шундай қиламиз:

1) Ҳ.Олимжон 1909 йилда туғилган, яъни олам тартиботини ағдар-тўнтар қилган инқилоб юз берганида у атиги саккиз ёшда эди; тўққиз ёшидан шўро мактабида, ўн тўрт ёшидан пед билим юртида таҳсил олди… Яъни шоир оила шароитидан тўппа-тўғри шўро ғоялари ҳукмрон муҳитга кўчганки, “мурғақ ёшидан шўро таъсирида шаклланган” деганимда шу фактларга таянаман;

2) муҳит таъсирида шоир “ўзига сингдиргани ёлғон ҳақиқатларга чин ҳақиқат дея юракдан ишонган”, бундай дейишимизга педбилим юртида ўқиб юрган кезлари ёзган қатор шеърлари етарли асос беради. У ўзини “йўқсил эл қўриқчиси” (“Комсомоллар”) ҳис қилади, инқилоб туфайли “Менга ҳеч эрк бермаган золим бойлар йўқ бўл”ди (“Шодлик кун”), “Хўрликлардан қутулдик, Эзувчини йўқотдик” (“Биз ким?”) деб билади; ёшлар қатори ўзини “ленинизм қиличи” санайди, “Ленин йўли энг қимматли йўллардандир бизларга, Биз ёдлаймиз унинг йўлин чин юракла ҳар ерда” (“Ҳозирланамиз”) дея эътироф этади. Ҳ.Олимжон бу шеърларини 16-17 ёшларида ёзган, бас, бизга ёқиш ё ёқмаслигидан қатъи назар, уларнинг чин дилдан айтилганига шубҳа қилиш ўринсиз;

3) таърифдаги учинчи нуқта – “ўсмирларга хос ўжар фидойилик билан даврнинг зиддиятли ғоявий курашлар майдонига кирган фаол шахс…” Қалбини инқилобий кураш романтикаси чулғаган ўсмир – бўлғуси шоирнинг ғайрати ичига сиғмайди, майдонга талпинади. Эсланг: ўн бешида комсомолга кирди, ўн олтисида билим юртида чиқадиган деворий газета ва ойлик журнал редактори; ўн еттисида инқилобий ёзувчилар шўъба мажлиси иштирокчиси, “Зарафшон” газетаси бўлим бошлиғи; ўн саккизида Ўзбекситон зиёлилари иккинчи қурултойида вакил; ўн тўққизида ўзбек янги алифбоси марказий қўмитаси котиби; йигирма ёшида бутуниттифоқ деҳқон ёзувчилари съездига делегат… Буларнинг бари шоирнинг ўқувчилик ва талабалик йилларига тўғри келишини ҳисобга олинг-да, ижтимоий фаоллик даражаси нечоғли юқори бўлганини тасаввур қилинг! Бундай фаолликка қувват бериб турган манба, шубҳасиз, ленинизм ғояларига бешак ишонч эди. Энг муҳим жиҳати, ўсмир Ҳ.Олимжон ғояни формал қабул қилган, яъни унинг онгини “соф ғоя” – ҳали ҳаётий тажриба билан тобланмаган абстракт ғоя бор, холос. Айни ҳол ғояни мутлақлаштириш, уни бирдан-бир тўғри ғоя сифатида тушунишга олиб келади. Ҳ.Олимжон шундай фаоллик, шу руҳ билан шеъриятга кириб келди, илк ижодида “кураш мотиви” етакчилик қилгани шундан, зеро, улар ижтимоий фаолиятнинг давоми ўлароқ яратилгандир.

  1. Инсонда ҳаётий тажриба ортиши баробари дунёқараши ҳам ўзгариб, конкретлашиб боради. Айниқса, Ҳ.Олимжон каби истеъдодли, демак, ўткир нигоҳ ва теран фикр эгасида ўзи топинган ғоя билан реаллик муносабатини идрок этиш, ҳаққонийлик даражасини “синовдан ўтказиш” эҳтиёжининг туғилиши муқаррардир. Инсон психологияси ва ақлий ривожланиши билан боғлиқ мазкур жиҳатлар ҳамда Ҳ.Олимжон ҳаёти ва ижодидаги ҳолатлардан келиб чиқиб мақолада: “… маълум вақт ҳаёт қозонида қайнаб, замонасини ва ўзини четдан мушоҳада қилиш имконига эга бўлгач, амин бўлаётирки, «эртак бошқа, ҳаёт бошқа» экан. Бу атрофида содир бўлаётган ижтимоий ҳодисалар большевикларнинг ваъдаю даъволарига мувофиқ келмаётганини, тил бошқаю дил бошқалигини кўрган, англаган одам хулосаси, ҳукмидир”,- дейилган. Шундай ўйлашга асос берувчи нуқталарни кўриб ўтамиз:

1) мукаммал асарлар тўпламининг биринчи жилди мундарижасидан  шоир уч йил давомида (1932-1934) атиги тўрттагина шеър ёзганини кўриш мумкин. Шу уч йилда яна 9 та мақола, 1 та тақриз, 1 та очерк ва 1 та достон ёзган, 2 та асарни таржима қилган. Балки, бу тарз статистика эриш туюлар, лекин диққатингизни ижодий маҳсулотнинг жанр томонига қаратиш учун шундай қилдим. Қаранг, ҳиссий муносабатни ифодаловчи лирика салмоғи ўта камайган, аксинча, мантиқ ва тафаккурга асосланувчи жанрлар салмоғи тўла устуворлик касб этган. Фикримизча, мазкур ҳол Ҳ.Олимжонда тафаккур қилишга мойиллик кучайганидан дарак берадики, бунинг замирида англаш эҳтиёжи ётади. Айни эҳтиёж мушоҳада объектини мудом кенгайтириб, охир-оқибат тафаккур қувватини жамиятда юз бераётган ҳодисалар моҳиятини англашга йўналтириши муқаррардир;

2) биринчи жилд мундарижаси таҳлилида давом қилсак, шоирнинг 1935-1938 йиллар лирик ижоди, асосан, интим, пейзаж ва фалсафий лирика намуналаридан иборат эканлигини кўрамиз. Зеро, айни шу йилларда ёзилган шеърлар унга “бахт ва шодлик куйчиси” номини олиб берган. Ўтган асрнинг 80-йиллари охири 90-йиллари бошларида – мудҳиш 30-йиллар ҳақиқати кенг кўламда ошкор бўлган бир шароитда, шоир шунчалар даҳшатли йилларда “бахт ва шодлик”ни куйлаганини тушунолмай, қабул қилолмай қолдик. Ўша йиллари Чўлпон хотирасига ўтказилган йиғинда бир улуғ шоиримиз ўз сўзида ўғрилар тўдаси билан шериклик қилган карнайчилар гуруҳи ҳақидаги ривоятни келтирганди: эмишки, улар карнай-сурнай чалиб, ўйин-кулги билан одамларни чалғитиб туришган, бу вақтда эса ўғрилар бехавотир томтешарлик билан машғул экан. Нотиқ Ҳ.Олимжон мансуб авлодни шу карнайчиларга менгзаганди: улар шўрони мадҳ этиб одамларни чалғитиб турган, НКВД эса миллатимиз гулларини битта-битта териб кетган. Начора, давр кайфияти шу эди-да, аксариятимиз шундай фикрда собит эдик. Шунчаларки, “ахир, бир умрлик муҳаббатини учратиши, уйланиши, оталик бахтини туйиши – хуллас, ҳаётининг энг бахтли дамлари шу йилларга тўғри келган ва кўнглидагини самимий ифодалаган бўлса – шоирда нима айб?” деган андиша хаёлга яқин йўламаган. Фикримча, Ҳ.Олимжоннинг “карнайчилар” сирасида кўрилиши онгимиздаги хронологик силжиш туфайли, яъни у қатағон авжига минган 37-йилда ҳам айнан илк ижодида кузатилган руҳ-кайфиятда бўлган дея янглиш ўйлаймиз. Ҳолбуки, бу вақтда шоир “кураш романтикаси”дан чекиниб, оддий ва сокин инсоний бахтидан масрур, шу боис ижодида муҳаббат ва табиат гўзаллигини тараннум этиш, инсоннинг инжа туйғуларини ифодалаш устувор бўлган эди. Айни ҳол фикримиз мантиғига зиддай. Зеро, унга кўра шоир бу босқичда англаш эҳтиёжини қондириш йўлидан бориши керак, ҳақиқатда эса, аксинча, ижодида яна лирика салмоқдор бўлди. Ушбу эҳтиёжнинг заруратга айланмагани, бизнингча, шоирнинг “ўз олами”да яшагани билан изоҳланиши мумкин. Реалликка нисбатан мухторият мақомидаги бу оламда Ҳ.Олимжон бахтли эди, шу оламдан туриб реалликда ҳам ўзи каби бахтли одамларни кўрди – бахт ва шодликни куйлади;

3)  эҳтиёжнинг қондирилмагани унинг йўқ бўлгани эмас, албатта, у бор, қондирилиш вақти кечиктирилди, холос. Юқорида айтилганлардан шоирнинг реалликка қайтгиси келмай қолгани яққол кўринади. Негаки, “ўз оламида” хатарлардан паноҳ топадигандек ҳис қилади ўзини. Зеро, маълумки, қатағон шамоли Ҳ.Олимжонни четлаб ўтмаган, кўпчилик қатори у ҳам муттасил таҳликада яшаган, Н.Каримов айтмоқчи, “1937 йилдан аранг омон қолган”[8]. Машъум 1937 йил арафасида – 1936 йил 29 декабрда ёзилган шеърида ўлимга қарата: “Сени қандай кутар эканман, Учрашармиз қайси бир ерда?” дегани шундан. Йигирма етти ёшли навқироннинг мудом ўлим хаёли билан яшаши, “Ўйлаганда сени (ўлимни – Д.Қ.) доимо, Юрагим орқага тортади Ва босади муздай совуқ тер, Сесканаман, ғамим ортади” дея эътироф этишидан унинг маънавий-руҳий жиҳатдан нечоғли оғир шароитда эканини тасаввур қилиш мумкин. Шу боис ҳам шоир “ўз олами”га қочади, бахтига бурканиб яширинмоқчи бўлади гўё. Бироқ шунда ҳам беҳавотир бўлолмайди, чунки елкасида машъум шарпа нафасини ҳис қилиб туради. Ҳавотирнинг зўридан душман эмаслигини эслатмоққа, душманлардан фарқини таъкидлаб, ўзини улардан ажратмоққа шошади. Хусусан, 1937 йилда ёзилган “Ўлка” шеърида “Билсинларким, йўлдошим бўлмас Кўзда ёши билан кулганлар” дея хитоб этади. Шеърнинг ўртасидаги ушбу мисраларни урғулаганимиздан сўнг бошланишидаги мана бу сатрлар ҳам, бизнингча, фикримизни қувватлашга хизмат қилади:

Мен дунёга келган кунданоқ,

Ватаним деб сени уйғондим.

Одам бахти биргина сенда

Бўлурига мукаммал қондим.

Фикримизча, аввал “кўзда ёши билан кулганлар”нинг душманлар, яъни “совет воқелигини қабул қилолмаганлар” эканини, сўнг шоир ўзини уларга қарши қўйганини эътиборга олсак, бу ерда гап “социалистик Ватан” ҳақида бораётганига шубҳа қолмайди. Шундай экан, “одам бахти биргина сенда” сатрини “одам Ватандагина бахтли бўлади” деб эмас, “инсон социалистик Ватандагина бахтли бўлади” маъносида тушунган тўғрироқ бўлади. Негаки, шоир худди шундай эканига “мукаммал қондим” дейиш билан ўзини “кўзда ёши билан кулганлар”га зид қўйиб, мухотибига “ўзиники”лардан эканини кўрсатмоқда. Охирги банддаги “қайга десанг қайтмай кетурман” мисраси ҳам содиқлик қасамидек жаранглайди. Дарвоқе, шеър Ватанга мурожаат шаклида бўлса-да, асл муҳотиб бу эмас. Асл муҳотиб мавҳум (“Билсинларким…”) қолгандек, лекин ҳақиқатда садоқат изҳори айнан унга – инсонлар тақдирини ҳал қилиш ваколатини ўзига олган, қатағон машинасини юргизган кўринмас ёвуз кучга қаратилгандир. Мундай қараганда, Ҳ.Олимжон сиёсий жиҳатдан “айбсиз” бўлгач, хотиржам юраверса бўладигандек. Жумладан, ўша мудҳиш йилда ёзилган бир шеърида “Йўлдан озганларга ҳеч бир бўлмадим мен қайғудош … Шул сабабдинким Ватанда бўлмадим илҳоми хор” деганидан ўзини ҳақиқатан ҳам “айбсиз” билиши яққол кўринади. Лекин у қатағон машинаси қандай ишлаши, ёвуз куч хўлу қуруқни баравар ёндираверишини ҳам билади-да. Шу боис “илҳоми хор” дея қатағон қилинган ижодкорларни назарда тутгани ҳолда, уларга илк ижодидаги каби кескин муносабатда эмас, атиги ўзининг улардан эмаслигини айтмоқчи, холос. Негаки, энди у ёвуз куч қаршисида ўзининг нечоғли ожизлигини, ўша “илҳоми хор”лар каби лаҳзада қурбонга айланиши ҳеч гап эмаслигини, яъни моҳиятан уларга қисматдош бўлиб қолганини теран ҳис этиб турибди. Тўғри, Ҳ.Олимжон уларни “ғоявий душман”и деб билган, бироқ энди, қатағон нафасини ўз танасида синаб кўргач, ғояга қарши ғоя билан курашиш бошқа, инсонни жисман махв этиш бошқалиги, кейингиси инсонийликка зид эканлигига имон келтирган. Айни ҳол юз бераётган ижтимоий ҳодисалар моҳиятини англаш ва уларга нисбатан  ўзининг аниқ маънавий мавқеини белгилаш эҳтиёжини кучайтириб, унинг қондирилишини зарурат мақомига кўтаради.

III. “Муқанна” талқинида нафақат юқорида баён қилинган тарихий-биографик асослар, балки ижод психологияси хусусиятларига ҳам таянилган. Уларга ҳам тартиби билан батафсил тўхташга ҳаракат қиламиз.

1) мақолада истеъдоднинг чинакам санъат асарига дўниши учун ижодкор ҳаётни гўё «четдан» эстетик мушоҳада (эстетическое созерцание) қила олиши, бошқача айтсак, руҳан «узлат» ҳолатида бўлиши даркор”,- дейилган. Қулайлиги учун бўлса керак, мутахассислар бу ҳолатни ўйинга қиёслаб тушунтиришади. Дейлик, футболчи матч вақти ўйинни мушоҳада эта олмайди – у ўйнайди, мушоҳада қилиш учун четдан кузатиш керак (шу боис ҳам ишқибозларнинг ўзларини футболни ўйинчилардан кўра яхшироқ биладигандек тутишлари жудай-ла асоссиз эмас). Демак, масалан, агар у танаффус пайтида ё ўйин тугаши билан интервью берса, айтганлари, бир томондан, ўйин ҳақида атиги конкрет бир амплуа нуқтаи назаридан чиқарилган фикр (яъни, объектни жуда тор қамраган); иккинчи томондан, ўйин чоғидаги фикр ва эмоцияларнинг бевосита давоми (яъни, субъектив ва тенденциоз). Ҳолбуки, ўша футболчи маълум вақт ўтиб матчни видеоёзувда томоша қилса, ўйинни ва ўйиндаги ўзини бир бутунликда кўради: энди унда объектни тўла қамраш ва объектив мушоҳада қилиш имкони бўлади.

Мақолада “Ҳ.Олимжонда бундай имконият кам бўлган”и, “Муқанна”га қадар унинг кўпроқ “ўзи ичида қайнаб ётгани ҳаёт ҳақида ундан узилолмаган ҳолда ёзган”и таъкидланган. Ушбу хулосага келишимизнинг асоси шоирнинг илк ижодини (1925-31) социализм ғоясини байроқ қилган ўсмир ижтимоий фаоллигининг давоми, ижодий фаолиятидаги биз ажратган учинчи босқични (1935-38) бахт қучоғидаги инсон кўнгил изҳорлари, ўртада кузатилган (1932-34) тафаккур қилишга мойилликни эса кўпроқ ёш билан боғлиқ, яъни табиий ҳодиса деб билишимиздир. Айтиш керакки, биз “кам бўлган” деган ҳоллар шоир нигоҳи давр воқелиги ва шахсий ҳаётидан ўзга объектга қаратилганда кузатилади, чунки нарса-ҳодиса эстетик объектга айланиши учун субъектнинг ундан узилиши – четлашиши талаб этилади. Шундай ҳолни, масалан, “Офелиянинг ўлими” шеърида кўриш мумкин. Шоир ўлмас трагедия воқелигидан ташқарида, айни чоқда, трагедия воқеалари шоирдан ташқарида, бас, персонажлар тақдири унинг учун автоматик тарзда эстетик мушоҳада объектига айланади. Шу боис у фожеа моҳиятини идрок қилишга интилади ва англаганларида ўз тақдирига уйқаш нуқталарни кўради. Негаки, эстетик объект ижодкор ҲОЛидан келиб чиқиб ва унга мувофиқ англанади, айни чоқда, ижодкор ўзини эстетик объект орқали теранроқ англаб боради. Мазкур фикрлар Ҳ.Олимжоннинг “Пушкин”, “Куйчининг хаёли”, борингки, тағин битта-иккита шеърига нисбатан муайян шарт билан айтилиши мумкин, холос. Таҳликали замонда “ўз олами”да паноҳ топган шоирдан бундан ортиғини кутиш инсофга хилоф. Сираси, ҳозир муҳими бу эмас, муҳими, мазкур мулоҳазалардан Ҳ.Олимжоннинг юқорида айтганимиз англаш эҳтиёжини қондиришга интилгани ва ўз даври шароитида шунга қулай имкон берувчи объект топиш йўлида излангани кўринади. Бас, шоирда Муқанна ҳақида асар ёзиш нияти анча илгари туғилган (С.Азимов) экан, бунинг шу изланиш доирасида содир бўлгани эҳтимолдан йироқ эмас;

2)  демак, гарчи ёзиш нияти илгари пайдо бўлса ҳам, “Муқанна” йиллаб ёзилмай турган. Нега? Эҳтимолдаги сабаблар сирасида қатағон йиллари камина талқин қилган тарзда тушунилиши мумкин бўлган асарнинг ёзилиши бошни қиличга тутиш билан баробар бўлганини ҳам кўрсатиш зарур. Шу жиҳатдан қарасак, уруш “Муқанна”нинг ёзилишига имкон яратди дейиш ҳам мумкин, чунки уруш шароити уни “ижтимоий буюртма”га мос этди қўйди. Яъни уруш даврининг ижтимоий-маънавий эҳтиёжларига қаратилган қатлам муаллифнинг ўтмиш орқали замонаси ва ундаги ўзини бадиий идрок этишга қаратилган қатламни пардалади. Эътиборли томони, иккала қатламда ифода этилаётган мазмун ҳам чин дилдан, иккиси ҳам мустақил ва бир-бирига ҳалал бермайди;

3) асарга танланган материал табиати шундайки, муаллиф “тасвир предмети – ўтмишдан автоматик тарзда узилган, яъни, ўтмиш унинг учун биринчи галда эстетик мушоҳада объекти”. Аввало, ўтмиш замона орқали идрок этилиши қонуният мақомидаги ҳол эканини таъкидламоқ керакки, буни мухтасар изоҳлаб ўтамиз. Асарни ёзишга тайёргарлик жараёнида Ҳ.Олимжон қўзғолонга оид тарихий манбаларни ўрганган. Табиийки, бу манбаларда фактлар қайд этилган, холос, тарихий мавзудаги адабий асарда эса ўтмишни тўлақонли гавдалантириш, ўша фактларни жонлантириш тақозо этилади. Буни амалга ошириш учун эса унда биргина йўл бор – замонасидан андоза олиш. Зеро, у ўтмишда яшаб кўрмаган, ҳаёт ҳақидаги, инсон ва  инсонлараро муносабатлар ҳақидаги тасаввурлари замонасида шаклланган. Айни шу тасаввурлар, умумлаштириб айтсак, ҳаётий тажрибани проекция қилиб ўтмиш жонлантирилади – шу тариқа ўтмиш замона орқали идрок этила бошланади. Модомики, тарихий фактлар асосида ўтмишдаги ҳаётий ҳолатлар, тўқнашувлар, турфа тақдирларни ижодкор замонасидан андоза олган ҳолда қайта яратаётган экан, айни чоқда у ўтмиш орқали замонасини ҳам идрок этаётган бўлади. Бошқача айтсак, замона билан аналогия асосида бадиий акс эттирилган ўтмиш аналогия асосида замона моҳиятини англашга ёрдам беради. Шуларни эътиборга олган ҳолда мақолада : “фактлар шахс орқали, яъни, унинг кайфияти, ҳолати, қарашларига боғлиқ ва уларга мос ҳолда жонланади; иккинчи томондан, жонланган тарих шахснинг ҳолати, кайфияти, қарашларига зарур таҳрирлар киритади. Демак, шахснинг тарихга «мурожаат»и моҳиятан иккиёқлама жараён – мулоқот экан. Шахс онгида жонланган фактлар фаоллашгач, унинг ўзини руҳий фаолликка – ўхшашлик асосида (метафорик тарзда) замонасини мушоҳада қилишга ундайди, ўз даврини теранроқ англашига асос бўлади”,- дейилган. Агарки мазкур психологик жиҳатлар тарихни бадиий идрок этиш жараёнига хос экан, “Муқанна”даги айрим персонажлар, кўриниш ва драматик ҳолатларни асар яратилган давр ё муаллиф шахсияти билан боғлаб талқин қилиш асло бугунги кунга мослаштириш ва ё сохталаштириш бўлмайди.

 

“Ҳамид Олимжонни биламизми?” номли мақолам чоп қилинганидан бери ҳам мана ўн икки йилдан ошди. (Дарвоқе, шоир ижоди билан озми-кўп шуғулланганки одамга мақола номи эриш туюлган, балки, бироз малол келган бўлса ҳам мумкин. Рости, журнални қўлга олибок кўнгилда шунинг андишасини туйганман. Негаки, бу номни журналдаги дўстлар қўйганлар, биласиз, матбуот шунга ўхшаш “сенсация”ли номларни хушлайди, камина уни “Тарих сабоқлари” деб номлагандим.). Ўтган вақт давомида “Муқанна” талқини хусусида эшитганим фикр-қарашлар турли-туман, ҳатто бир-бирига мутлақо зид: “Кашфиёт-ку!” дея алқаганлар ҳам, “Сохталаштириш-ку!” дея ёзғирганлар ҳам бўлди. Эшитганда иккала томон ҳам оғмаслик – ҳовлиқиб ҳам кетмаслик, руҳни ҳам чўктирмаслик ҳаракатида бўлдим. Энди, баҳс руҳидан фориғ бўлиб, масалага совуққон нигоҳ билан қараркан, камина амалга оширган талқин тарихий-биографик ва ижодий-руҳий асосларга эга деган фикримда қатъийлашаман. Шундай экан, “Муқанна”га ёндашувимизни “гипотетик” деб ҳисоблаш ҳам у қадар тўғри эмас, зеро, бизнинг талқинни инкор қилувчилар ҳам айни шу асосларга таянмоқда.

 

 

[1] Қуронов Д. Ҳамид Олимжонни биламизми? // Шарқ юлдузи.- 2002.- №2

[2] Н.Каримов. Ҳамид Олимжонни биласизми? / Ўзбекистон адабиёти ва санъати.- 2003.- 18 апрель

[3] Ғ.Мўминов. Изланишларимдан қатралар.- Т., 2006.- Б.163-174

[4] Қаранг: Қуронов Д. Мен не дейдирман / Ўзбекистон адабиёти ва санъати.- 2003.- 16 июль

[5] Қаҳрамонов Қ. Адабий танқид: янгиланиш жараёнлари. – Т.,2009.- Б.116-117

[6]  Назаров Б. ва бошқ. Ўзбек адабий танқиди тарихи.- Т., 2012.- Б.228-229:

[7] Бундан кейин “Ҳамид Олимжонни биламизми” мақоласидан олинган парчалар курсивда ажратилади.

[8] Н.Каримов. Ҳамид Олимжонни биласизми? / Ўзбекистон адабиёти ва санъати.- 2003.- 18 апрель