Зулфия мероси: рецептив муаммолар

      48 марта кўрилган

Юртимиз тарихида, маданиятида шундай сиймолар борки, уларнинг номлари миллий тафаккуримизда муайян тушунчаларни, мавҳумотларни ифодаловчи белгига – эмблемага айланиб қолган. Худди мумтоз шеъриятда Юсуф алайҳиссалом номи “гўзаллик”, Аюб пайғамбар номи “сабр” белгисига айлангани каби. Шундай сиймолар қаторига ҳеч иккиланмасдан Зулфияхонимни ҳам қўшса бўлади. Зеро, унинг номи миллий тафаккуримизда вафо ва садоқат белгисига айлангандир. Албатта, бу халқнинг Зулфияга юксак эҳтиромидан далолат, айни чоғда, у  туфайли шоира ижодининг қабул қилинишда муайян муаммолар ҳам келиб чиқади. Шулардан назаримизда энг муҳимларига тўхталиб ўтамиз.

Биринчиси. Энг аввал Зулфия номининг “вафо ва садоқат” белгисига айланиш жараёнини кузатайлик. Зулфияхоним пешонасига, бир томондан, шоирлик, иккинчи томондан, юрагида ҳижроннинг чўнг дардию севгисидан ёдгор фарзандларига бор меҳрини бағишлаб яшаш қисмати битилган экан. Зулфияхоним тақдири ва шеър дегани моҳиятан шоирнинг тақдир йўлидаги минглаб катта-кичик бекатлардан биридаги кўнгил ҳоли ифодаси эканини эътиборга олсак, туйғулари “мангулик ҳижрон” ва “фарзандлар билан боғлиқ умидлар” орасида кечгани, бас, вафо ва садоқатдан баҳс этувчи шеърлари кўп бўлиши табиий. Яъни аввал шундан келиб чиқиб Зулфияга “вафо садоқат куйчиси” сифати бериляпти, сўнг шу сифат асосида Зулфиянинг ўзи “вафо садоқат” тимсоли – белгисига айланади. Мактаб таълими, турли маданий-маърифий тадбирлар, оммавий ахборот воситалари таъсирида онгимизда Зулфиянинг белгилик хусусияти мустаҳкамланиб боради. Натижада оммавий ўқувчининг шоира ижодига стереотип асосида ёндашиш, унда Зулфия ижоди ҳақида анчайин тор, биргина “вафо ва садоқат куйчиси” деган тасаввур ҳосил бўлиши эҳтимоли ортади. Ҳолбуки, “вафо садоқат куйчиси” дегани Зулфия ижодининг бир белгиси (сифати, хусусияти маъносида), белги эса нарса-ҳодисани тўла қамраб ололмайди, чунки унинг яна бошқа қатор белгилари ҳам бор. Хусусан, Зулфия шеърияти мавзу эътибори билан ғоят ранг-баранг, “вафо ва садоқат” мавзусида битилганлари бир қисм, холос.

Эҳтимол, ушбу мулоҳазалар бу кунги тантаналар руҳига мос эмасдек, хулосаларим шунчаки ваҳимадек туюлар. Ҳукм чиқаришга шошмасдан, яқин ўтмиш тажрибасини эслаб кўрайлик. Ўз вақтида Ҳамзадан “ўзбек шўро адабиётининг асосчиси” деган белги яратилган. Тўғри, фаолиятининг маълум бир даврида шоирнинг шўро руҳида ижод қилгани бор гап. Бироқ, ақлга тайинки, жадид маърифатчиси бўлмиш Ҳамза бир юмалаб “шўро шоири” бўлиб қолган эмас, у шўронинг жадидчилик руҳига яқин ғоя ва амалларини тараннум этган: хотин-қизлар озодлиги, хурофотни танқид қилиш, маданият, санъат ва маърифатни ривожлантириш каби. Деганим, Ҳамза тўнтаришдан сўнг ҳам унга қадар қилиб юрган ишини давом эттираверган, балки, “ўзбек шўро адабиёти”га асос қўяётирман деб ўйлаб кўрмаган ҳам чиқар. Биргина айби, шўро мафкурачиларининг тарғибий-ташвиқий ишларида зарур белгини яратиш учун қулай биография ва шўроча руҳда ҳам талқин қилса бўладиган шеърлари борлиги. Оқибат эса маълум: ҳаёти ва ижоди “ўзбек шўро адабиёти асосчиси” деган белги нуқтаи назаридангина ўрганилди, талқину тарғиб этилдики, ўрта мактабни битирганки одам “Бой ила хизматчи” драмасию “Яша Шўро”, “Ишчилар уйғон” сингари шеърлар муаллифи бўлган Ҳамзани билди. Ҳа, яқин-яқингача Ҳамза ҳақидаги тасаввуримиз мактабда қулоққа кириб қолган битта-иккита гапдан нари ўтмаса-да, Ҳамзани билишимизга асло шубҳа қилмай юрдик. Шу тариқа белги ўзининг ҳақиқий Ҳамзадан айро мустақил ҳаёти билан яшай бошлади, амалда иккита Ҳамза пайдо бўлди. Яъни оммавий ўқувчи белгинигина таниди, Ҳамзани танимай қолди…

Юқорида мухтасар кузатилган жараён қонуният мақомида, худди сўзнинг ўз мотивациясидан узилиб тобора абстраклашиб бориши каби. Масалан, ҳозирда Аюб пайғамбарнинг сабр тимсоли эканлигини биламиз, лекин аксарият кўпчилик шунга асос бўлган ривоятни билмайди. Яъни, улар учун “Аюб пайғамбар” дегани билан абстракт тушунчани ифодаловчи “сабр” сўзи ҳеч фарқ қилмайди. Иккинчи томони, Ҳамза мисолида кўрилган қисмат тарбиявий, ташвиқий ва ё бошқа мақсадда номи қайта-қайта такрорланадиган ижодкорларга у ёки бу даражада хосдир. Ҳеч шубҳасиз, Зулфиянинг ҳаёти ғоят ибратли ва ёшларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашда улкан аҳамият касб этади. Шу маънода шоира ҳаёти ва ижодини тарғиб қилиш борасида қилинаётган кенг кўламли ишларни ҳар жиҳатдан маъқуллаш, қўллаб-қувватлаш даркор. Айни чоқда, ушбу хайрли ишлар юқоридаги каби номақбул натижаларга олиб келиши мумкинлиги эҳтимолини ҳам назардан қочирмаслик зарур бўлади.

Иккинчиси. Маълумки, шоирнинг сийрати – маънавий қиёфаси бутун ижоди контекстидагина тўла намоён бўлади, зеро, алоҳида олинган шеърда ижодкор қалбининг оний лаҳзалардаги ҳолати суратланади, холос. Яъни ҳар бир конкрет шеърда акс этган ҲОЛ ижодкор сийратининг муҳим чизгиси, бас, усиз маънавий қиёфа тўкис бўлолмайди. Агарки шеър жавҳари бўлмиш ҲОЛ қалбнинг оний лаҳзалардаги сурати экан, унинг қолипини ясамоқ имкондан ташқарида. Афсуски, буни ҳар доим ҳам ёдда тутмаймиз. Масалан, Зулфияхоним шеъриятидаги муаллифига “вафо ва садоқат” куйчиси номини олиб берган шеърларни олайлик (бундай шеърлар эса шоира меросида анча салмоқли ўрин тутади). Хатто шу шеърларга ҳам муаллифи “вафо ва садоқат” тимсоли эканидан келиб чиққан ҳолда ёндашиш тўғри бўлмайди. Негаки, ҳар қандай қолип шеър мазмун-моҳиятини торайтиришга олиб келади. Чунки қолип онгимизда шоир ҳақида турғун тасаввурни яратиб қўяди, инсон қалби эса асло статик ҳодиса эмас, у мудом ҳаракат-ўзгаришдаги хилқатдир. Шеърда шу ҳаракат-ўзгаришнинг бир лаҳзаси акс этади, холос. Шеър идроки энг аввал айни шу лаҳзани (ҲОЛни) қалбда қайта яшатмоқ, яъни лирик қаҳрамон кечинмаларини кўнгилда кечирмоқ, “шеърнинг мавзуси, шеърнинг ғояси” дейдиганларимиз эса шундан ўстириб чиқарилади. Агар шеърга қолип асосида ёндашсак, бунга батамом тескари йўлдан борган, гўё математик мисоли берилган теоремани исботлаган бўламиз – мутолаамиз бадиият ҳодисасидан йироқ тушади.

Нима демоқчи бўлаётганимни соддароқ йўсинда изоҳлашим зарурга ўхшайди. Зулфия 1945 йилда, ҳали ҳаётидаги улкан йўқотишга йил тўлмаган бир пайтда ёзган “Не балога этдинг мубтало” шеърини “Бирга қолиш учун сен билан Куяману, бўлмайман адо” мисралари билан якунлаганки, бу унинг Ҳамид Олимжондан кейинги бутун ҳаёти дастури десак янглиш бўлмайди. Зеро, бу сатрлар умрбод ёр ёди билан яшашга қасамдек янграйди. Қаранг, лирик қаҳрамон “бирга қолиш”, яъни ёр ёди билан яшаш учун “адо бўлмай куйиш” – умрбод азобда яшашга ҳозир. Энг муҳими, мазкур қасам мисралар азобнинг қанчалар эканини ҳис этган ҳолда айтилган. Шеърдан териб олинган қуйидаги мисралар буни ёрқин ҳис қилдиради:

 

Кўз очгани қўймайди алам,

Бошим қўйсам куйдирар болиш.

 

Бардош бермас ирода, идрок,

Тамоман лол ақл, тушунча.

 

Тоғдай бор деб билган юрагим

Қуш бошича қолмади чоғи?

 

Мазкур мисраларда акс этган ҲОЛни шоира “Сени бирдан жонсиз кўрдим, Жоним чиқди менинг-да” дегани ўша машъум кундан то умрининг охирига қадар турли даража ва кўринишда муттасил яшаб ўтганини назарда тутсак, “Ўтди ойлар ғам билан оқиб, Дил топмади зарра тасалло” дея бутун ҳаётига нисбатан ҳам айтишга ҳақли экани аён бўлади. Айтмоқчиманки, “вафо ва садоқат” белгисига айланиш заминида йўқотишнинг беадад алам-изтироблари, атрофдаги дўст-душману мурғақ фарзандлардан яширинча тўкилган кўзёшлар, қиёматга қадар қондирилмаслиги муқаррар соғинч ҳисси кабилар ётади. Яъни Зулфия “вафо ва садоқат” тимсоли деган гапни шунчаки тўти мисол такрорлаб эмас, шеърларида акс этган ҲОЛни ҳис этиш асосида айтмоқ жоиздир. Акс ҳолда, Зулфияга яқинлашиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ҳақиқатда ундан узоқлаштириб, шунчаки “кумир” яратилишига олиб келади, холос…

Юқоридагиларни хулосалаб айтиш мумкинки, адабиётшунослик илми ва адабий таълим тизими Зулфия номи ўқувчи омма онгида шунчаки белги бўлиб қолмаслиги учун масъулдир. Бунинг эса биргина йўли бор – ўқувчини Зулфия ижодига чинакам яқинлаштириш, уни шоира шеърларида акс этган улкан ҚАЛБга ошно этиб, онгида у қолдирган бой мерос ҳақида имкон қадар тўлароқ тасаввур ҳосил қилиш.