Инсон йўли

      23 марта кўрилган

Турмушдаги ўзгаришлар инсонни ўзгартирадими ё инсоннинг ўзгариши туриш-турмушимизни? Сезиб турибсиз, савол бамисоли “товуқ олдин пайдо бўлганми ё тухум?” қабилида қўйилди. Яъники, бир-бирига мутлақ зид жавоб берилган тақдирда ҳам ҳар икки томон ўзича ҳақ бўлиб чиқаверади. Хусусан, “Янги инсон” достонида Улуғбек Ҳамдам инсондаги ўзгаришларни урғуламоқда, уларни турмушдаги номақбул ҳолатлар сабаби, истиқболимиздан бехайр фол дея талқин этмоқда. Айтиш керак, шеъриятимизда анчадан буён бу қадар улкан муаммони бадиий мушоҳада қилишга жазм қилинмаган эди. Мен бу ўринда Абдулла Ориповнинг “Юзма-юз” шеърини назарда тутмоқдаман. Замонасининг моҳиятини англаш учун шоир башарият тонгига назар солган, ваҳший мамонтлар тўдасини янада ваҳшийроқ оломон маҳв этганини тасвирлагач:

 

Ўша кун бузилди азалий удум,

Уни инсон ўзи бузиб ташлади.

Кундузги ошкора ўғрилардай у

Ўлжасин уй-уйга торта бошлади.

Бизнинг бошимизни боғлаган зулмат,

Нотиқлар тутақиб сўккан зулм қон,

Дунёдаги неки ёмонлик, кулфат,

Барчаси бошланган эди ўша он…

 

деб ёзганди. Эҳтимол, кимларгадир бу ҳукмрон мафкура ўзагини ташкил қилган хусусий мулкка муносабатнинг акс садосигина бўлиб кўринар. Бироқ бундай тушуниш, назаримда, “ҳарфхўрлик” (буквоедство)дан бошқа эмас, зеро, сўз ва образ диапазони бениҳоя кенг: шоир ўз замонасидаги иллатлар илдизи МАНФААТдан сув ичишини таъкидлаётирки, шеърнинг азалий муаммога жўяли жавоблардан бири ўлароқ умрзоқлигини таъминлаётган омиллардан бири шудир, балки?!.. Гапни “Юзма-юз”га бурганим бежиз эмас: назаримда, “Янги инсон” достони “Юзма-юз” билан, умуман, А.Ориповнинг 60-70-йилларда ёзилган замондош ИНСОН мавзусидаги теран фалсафий шеърлари билан диалогик алоқада. Фақат шуниси борки, 60-йиллар авлодининг тийрак нигоҳию ўткир савқи табиийси элас-элас илғаган яралар бугун маддалаб етилган: шоирларимиз “До-од! Қоровул!” дея бонг урадирган ҳолат-у, ҳаммалари борига кўнган каби жим – “мангу мавзулар” тараннумию ажабтовур ижодий экспериментлар билан банддек. Худди шу вазиятда ўткир публицистик руҳ, ижтимоий пафос билан йўғрилган “Янги инсон” достонининг яралиши – кунимиз юзага келтирган эҳтиёжнинг англанаётганидан нишона. Шоядки, бу яна шеърият сўнгги йилларда тамом фаромуш этаёзган асосий миссияларидан бири – инсон қалби учун жавобгарликни ҳис эта бошлаганидан ҳам дарак бўлса…

Улуғбекнинг бугунги кун кишисига берган таърифлари бироз муболағали кўринса, эҳтимол. Ҳар ҳолда, бу таърифларни ўқиганингда, хаёлингдан энг аввал “Жуда бунчалик эмасдир-ов!” деган фикр ўтади беихтиёр. Ҳа, шундай фикр ўтади, лекин изсиз кетмайди-да: истасанг-истамасанг туриш-турмушинг шу таърифга озми-кўп мослигини ич-ичингдан ҳис қилиб турасан. Ахир, шоир таърифида “ўз юрагидан отилиб кўчага чиқиб кетган”, “вужуди ташқарининг жозибаси билан аллаланиб”, ташқарини келин уйидек безаган ва:

 

унинг отини КОМФОРТ қўйиб,

қаршисида тиз чўкди БУГУН,

ТАНГРИнинг пойида сажда қилган каби КЕЧА…

 

дейилган одам сизу биз эмасми?! Эсларсиз, ўз вақтида Абдулла Орипов кундалик турмуш ташвишларига хитобан “Биз сендан баландроқ тура олсайдик, Биз сендан баландроқ юра олсайдик, Балки ўнғаярди дунё ишлари” дея ёзғирган эди. Орада ўтган вақт давомидаги ўзгариш шунчаки, бугунги кун одамини елиб-югуртирган омилни “турмуш ташвишлари” десак айни муболаға қилган бўламиз. Зеро, оталаримиз “кун кечириш” ташвишини қилган бўлсалар, бизлар “чиройли яшаш” ташвишига андармонмиз. Эҳтимол эътироз қилинар: “Хўш, бунинг нимаси ёмон? Ахир, “чиройли яшаш” ҳам, шундай яшашни орзулаш ҳам айб эмас-ку?!”  Шундайку-я, лекин бунинг учун бераётганимиз эваз-чи? Ўйлаб қаранг-а, гарчи “турмуш ташвишлари” дея бир хил атасак-да, оталаримизни елиб-югуртирган эҳтиёжлар билан бизники орасидаги фарқ еру осмонча эмасми? Шундай, чунки улар озми-кўпми меъёрни сақлаган, оталаридан нималарнидир ўзига юқтирган эдилар. Оталари эса, яъни боболаримиз бугуннинг ташвиши билан “Эртага худо раззоқ!” дея умр кечирганлар. Йўқ, улар эртани кўролмайдиган калтабин эмас, билъакс, нигоҳлари сизу биздан чандон узоққа – охиратга қаратилган, кўнгилларида Аллоҳга собит эътиқод яшаган… Худи шу ўринда минг-минглаб нигоҳлар – бирида қаҳр, бошқасида қўрқув, тағин бирида андиша, хуллас, турфа-туман ҳиссий ифодалар акс этган нигоҳлар ўзимга қадалганини ҳис этаман, жўровоз янграган хитоб қулоқни кар этгудек: “Биз-чи!? Бизда-чи!?..” Ҳақиқат-ку бир Ўзигагина маълум, аммо атрофга назар солсам, ким учундир эътиқод ҳам ўша КОМФОРТ унсурига айлангандек, кимдир уни Аллоҳга шерик қилаётган, кимдир эса билиб-билмай унгагина топина бошлагандек… Шуларни ўйлаганда достон муаллифининг ташвишини асосли топасан киши:

 

Янги Инсон

ўз юрагидан ташқарига чиқиб кетди,

майли,

мен бунгаям розилар бўлдим…

Фақат,

фақат у

ўша кўчани юракларга бошлаб келмасин,

бошлаб келиб,

инсоннинг бу дунёдаги бирдан бир қароргоҳи –

кўнгилни ғорат этмасин!

 

Ташвишни асосли топишимиз боиси шуки, ташқари ғорат ва ё ишғол этган кўнгилда ҳамма нарса – НАРСА, холос. Яъни унда эътиқод, имон, инсоф, муҳаббат, меҳр, оқибат каби тушунчалар автомобиль, юмшоқ мебель, чангютгич, компьютер ва ҳоказолар қаторида туради – булардан кам бўлса бордир, асло ортиқ эмас. Билмадим, бир пайтлар  А.Орипов инсон қалбини қўриқхонага айлантириш керак дея бонг урганида, балки, кимларгадир шоир ваҳимани бироз оширгандек туюлган, кўпчилик астойдил қулоқ ҳам тутмаган чиқар?! Аттанг! Оқибатга – ҳозирги ҳолатга қараганда, шоирларга қулоқ тутиш керакка ўхшайди. Оқибатни бор бўйи билан кўриб турган Улуғбек Ҳамдам талқинида кўнгил – инсонни ҳайвондан фарқловчи асосий жиҳат (шунинг учун у “балки ташқарига чиқиб кетган кишининг исми Одаму ичкарида қолганники Инсондир?..” деган саволни қўяди. Бу ҳам бежиз эмас: англанган нарса номланмоғи керак, шундагина у онг фактига айланади). Ҳазрат Навоий “инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин” деганлар, сўнг замонлар инсон ҳайвонотдан онги билан фарқланиши урғулаб келинади. Албатта, бу иккиси ҳам ҳали фарқловчи жиҳат сифатида аҳамиятини буткул йўқотганича йўқ, аммо сўзловчи қўғирчоқлару турфа ақлли машиналар замонида яшаётганимиз, олимлар “сунъий онг” яратиш бобида фаол изланаётганлари ҳам бор гап. Баски, кун келиб кўнгил инсонликнинг асосий белгисига айланмоғи ҳақиқатга рост кўринади. Шунинг учун ҳам достон муаллифи

 

кўчанинг жинкўчаларида ҳайвонга эврилаёзган одам

кўнглига қайтса агар,

яна инсонга айлангуси, –

 

дея қатъий ишонади. Фақат бунинг учун инсон кўнгли дахлсиз қолмоғи, уни ташқарининг хуружларидан қўриқлаш шарт қилинади.

Кўнгилни тарк этган одам ўз наздида ташқарига ҳукмрондек, ҳақиқатда эса унинг ўзи ташқаридаги нарсаларнинг бирига айланиб бўлган. Нарсадан эса фойдаланилади! Шуни ўйлаб шоир бугунги дунёда кечаётган жараёнлардан хавфсирайди, бани башарнинг “дунёнинг қайси бир кунжига ўрнатилган ягона комьпютер” бошқарувчи тўдага айланиши эҳтимолидан огоҳлантирмоқчи бўлади. Билмадим, балки, бу ҳам ортиқча ваҳимадек кўринар. Лекин дунёни маънавиятга ҳуруж, ўзгача турмуш тарзини ёйиш орқали эгалламоқни режа қилган кучларнинг борлиги ҳақиқат эмасми?! Ҳақиқат бўлганда қандоқ! Достон муаллифи бу кучларни “манфаат бандалари”, “шайтонлар”, “дажжоллар” деб атайдики, исмлар амалларига мос. Амаллари эса бир мақсадга – кўнгилни тарк этган инсонга турфа тузоқлар қўйиб ортга қайтармаслик чорасини қилишга, қайтар манзилини – кўнгилни ғорат этишга қаратилган. Кўнгилга элтувчи йўллар эса боболардан маълум: кўз, қулоқ, томоқ, қўл ва оёқлар. Хўп, ана, томоқ йўлини олайлик. Боболар “луқмаи ҳалол” ақидаси билан, ногоҳ халқумлари булғаниб қолишидан ҳазир бўлиб яшаганлар. Янги инсонга қўйилган тузоқдаги хўрак эса “Инсон, ҳайвон ва ўсимлик геномаси бўтқасидан бино этилган гени ўзгартирилган маҳсулот – сунъий емиш…” Сунъий бўлса-да кўриниши ва мазаси табиийсидан авлороқ! Хўрак шунчалик бўлади-да: гени ўзгартирилган маҳсулот охир-оқибат мутацияга олиб келиши мумкин деган хавотирларни эшитар қулоқлар том битган. Ё ҳалқумларимиз булғанмаётганига кафолат бормикан?!.. Ёки қулоқ йўли. Дажжоллар қулоққа “хуш ёқадиган мусиқаларни пештоқи зарҳалли гипермаркетларда чалдириб қўймоқда” ва

 

куй қўйнида ботинга иниб,

руҳни аллалаб элитмоқда,

она алласидан фарқ қилиб эса,

бу мусиқа

ақлларни аллалайди…

 

Ўзлигини дахлсиз сақловчи қўрғон – кўнгилни тарк этган инсон хўракка осонгина алданади, зеро, энди унинг тафаккури мудроқ. Энди у кўзига чиройли кўрсатилган, қулоғига ёқимли эшиттирилган, тилию танглайига тотли этилган неки бор ямламай ютади, истеъмолчига – “Бўлгандаям юҳодек Истеъмолчи”га айланади. Достонда топиб айтилгани каби, “энди у қаршимизда, шундоқ рўпарамизда, пешонамиздаги ойнада турибди савлат тўкиб…” Ҳа, юзимизга тутилган кўзгудаги аксни танимай турган бўлсак бордир, балки, ақл кўзимиз хиралашгани боисдир, балки, кибрдан, яъни ўзимизга берган баҳоимиз баландлигидан ва танишни истамаётганимиздан. Лекин, нима бўлганда ҳам у акс, демак, унинг қайсидир чизгилари бизда мавжуд-да…

Улуғбек Ҳамдамда илдизга назар солишга мойиллик кучли: достонда ҳам у ўзини қийнаган муаммоларга жавобни азалдан излайди, Одам Атонинг “ман этилган мевага узатилган қўли ичкаридан ташқарига солинган илк йўл бўлгандир балки” деган тахминларга боради. Ривоят бағрида ботин маъноларни изларкан, шоир онамиз Момо Ҳавонинг Одам Ато қовурғасидан бино бўлганини эслатади ва бунда буюк ҳикмат кўради: “Биринчи Одам чинакамига ёрдамга муҳтож бўлиб, ўзини бахтсиз ҳис этганда, Роббимиз чорани ботиндан олиб кўрсатмадими?” Шундай, шоир ҳам сизу бизни Яратган йўлидан боришга, чорани ботиндан излашга ундайди:

 

Зеро,

Инсон Йўли

Одам Атонинг олмага узанган қўлидан

ташқарига  солинган йўл эмас,

балки олмадан

Одам Атонинг ботинига –

кўнглига қараган йўл эди…

 

Ҳа-ҳа,

у ўша йўл эди

ва ҳамон ўша ЙЎЛдир!..