Лирик қаҳрамон термини ҳақида

      94 марта кўрилган

Лириканинг назарий масалаларини атрофлича ўрганган Л.Гинзбург бундан қарийб ярим асрлар муқаддам «лирик қаҳрамон» термини ўзининг терминлик хусусиятини йўқотганини таъкидлаган эди. Олиманинг фикрича, бунинг сабаби терминнинг суиистеъмол қилингани, лирик асарда автор онгини ифодалашнинг турли шакллари «лирик қаҳрамон» термини билан аталаверилгани билан боғлиқдир[1]. Кейинроқ адабиётшунос Б.Корман олиманинг мазкур фикрларини қувватлаб, лирик қаҳрамон термини «оммавий адабиётшунослик» мулкига айланиб қолганини айтади[2]. Яъни бу ўринда Б.Корман лирик қаҳрамон ўзининг илмий категория сифатидаги хусусиятини, фақат аниқ бир тушунчани ифодалаш хусусиятини йўқотганини назарда тутади.

Аслида лирик «қаҳрамон термини» илмий муомалага ўтган асрнинг 20-йилларида адабиётшунос Ю.Тинянов томонидан рус шоири А.Блок ижодига татбиқан киритилган бўлиб, бунда шоирнинг лирик ижоди (ёки шеърий туркуми) бағридан ўсиб чиқувчи образ, тасаввур қилинадиган шахс назарда тутилади. Яъни бу маънода «лирик қаҳрамон» тушунчаси маълум даражада шартли бўлиб, уни алоҳида олинган шеърга нисбатан эмас, балки шоирнинг бутун ижоди, ижодининг бирон-бир даври ёки  яратган бирон-бир туркумига нисбатан қўллаш мумкин бўлади. Масалан, А.Ориповнинг 1964 – 1967 йилларда ёзилган «Юзма-юз», «Ўйларим», «Баҳор», «Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси», «Чол ва коммунизм қиссаси» каби шеърларини олиб қарайлик. Уларни ўқиганда, болалик ва ўсмирлик йиллари шаклланган қарашлари катта ҳаёт билан тўқнаш келганида парокандага учраган, энди ўша қарашларини аёвсиз тафтиш қилиб, ўзини қуршаган ижтимоий ҳаётнинг моҳиятини англашга, ўзининг ҳаётдаги мавқеини белгилаб олишга интилаётган изтиробли маънавий-руҳий изланишлар бағридаги кишини тасаввур этамиз. Ёки Э.Воҳидовнинг «Донишқишлоқ латифалари» туркумига кирган шеърлари ортида ҳаётдаги тескариликларни мушоҳада қилиб, уларнинг устидан кўз ёши аралаш кулаётган донишманд бир шахс намоён бўлади. Яъни иккала ҳолда ҳам шеърлар ортида турган кечинма эгаси бир қадар бутунлик (мавзу-муаммолар доираси, ўй-қарашлар бирлиги, барқарор руҳий-психологик белгилар, биографик чизгилар) касб этадики, ўқувчи алоҳида бир шахс (қалб)ни муайян даражада яхлит ҳолда тасаввур эта олади.

Фикримизча, қўйилган масалага ёндашишда энг аввал терминнинг маъно томонига эътибор бериш тўғри бўлур эди. Равшанки, «қаҳрамон» дейилиши муайян даражада объективлашувни тақозо этадики, бунда ўша  қаҳрамонни реал мавжуд нарса мисоли «кўриш» имкони бўлиши керак. Ҳолбуки, субъектнинг нопластик образини яратиши лириканинг адабий тур сифатидаги белгиловчи хусусиятларидан бири дея эътироф этилади. Кўриб турганимиздек, «лирик қаҳрамон» атамасининг маъно томони билан лириканинг табиати ўртасида мантиқий зиддият юзага келмоқда. Зеро, лирик қаҳрамон эпос ёки драмадаги характер сингари объектга айланмайди, у воқеликка нисбатан ҳам, ўзига нисбатан ҳам ҳамиша субъектлигича қолади.

Юқоридагилардан аён бўладики, аслида, алоҳида олинган шеър доирасида лирик қаҳрамон ҳақида гапириш тўғри бўлмайди. Шунга қарамай, ўзбек адабиётшунослигида бу одатий ҳолга айланган: исталган битта шеър ҳақида фикр юрита туриб «шеърнинг лирик қаҳрамони» бирикмасини қўллаш бизда аллақачон меъёрга айланган. Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, ўзбек адабиётшунослигида ҳам, Л.Гинзбург рус адабиётшунослигини назарда тутиб айтгани каби, «лирик қаҳрамон» бирикмаси ўзининг терминлик хусусиятини йўқотгандир. Шунинг учун ҳам ҳозирда лирик асардаги ҳар қандай кечинма эгаси – лирик субъект «лирик қаҳрамон» деб аталади. Ўз-ўзидан савол туғилади: терминдаги маъно силжишининг сабаби нимада? Албатта, бунда адабиётшуносликка оид тадқиқотлар, айниқса, адабий танқидий чиқишларда терминологик аниқлик доим ҳам етишмаслигининг ҳиссаси йўқ деб бўлмайди. Иккинчи томондан, Б.Корман айтмоқчи, «оммавий адабиётшунослик» – кенг ўқувчилар оммасига қаратилган адабий танқидий чиқишларда ўқувчи учун қулай ва тушунарли бўлган «лирик қаҳрамон» терминидан фойдаланиш мақбулроқ кўрилганини ҳам тушуниш мумкин. Лекин, бизнингча, терминдаги маъно силжишининг сабаби шунинг ўзи билангина изоҳланса тўғри бўлмайди. Зеро, ҳақиқатда бу силжиш адабий-назарий тафаккурдаги янгиланишлар билан муқобил равишда юз берган.

Маълумки, бадиий характер, характер ва конфликт муаммолари ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб собиқ Иттифоқ адабиётшунослигида марказий ўринни эгаллаган эди. Албатта, характер ва конфликт муаммоси ҳар қандай адабий асарга ҳам тааллуқли. Бироқ шуниси борки, мазкур категорияларнинг аҳамиятини барча адабий турлар учун бирдек деб бўлмайди. Масалан, характер бадиий проза учун ҳал қилувчи аҳамият касб этса, драматик асар учун конфликт шундай аҳамиятга эга. Яъни бу ўринда таҳлил қилинаётган асар табиати билан боғлиқ ҳолда улардан бири (албатта, бошқаларини инкор қилмаган ҳолда) устувор мавқега эгалигини эътиборда тутиш лозим. Шундайликка шундайку-я, лекин муайян давр илмий тадқиқотларида бирон-бир «мода»нинг ҳукм суриши мумкинлиги ҳам сир эмас. Айтмоқчимизки, ярим асрлар илгари бадиий характер, характер ва конфликт масалаларини ўрганиш кенг урф бўлган, жумладан, улар лирикага татбиқан ҳам кенг қўйилган эди.

Айни шу урф таъсирида бўлса керак, икки жилдлик «Адабиёт назарияси» муаллифлари лирикани адабий тур сифатида тавсифлашга бағишланган бўлимга «Лирикада характер, конфликт ва қаҳрамон» номли фаслни киритганлар. Жумладан, унда қуйидагиларни ўқиймиз: «Лирик характер ўзига хос лирик конфликт кўзгусида намоён бўларкан, албатта, муаллақ тарзда гавдаланмайди, унинг ортида, тўғрироғи, унинг замирида муайян шахс нафас олади, яшайди, ҳаракат қилади. Гап лирикада қаҳрамон масаласига бориб тақалаётир»[3]. Кўриб турганимиздек, бунда лирик асар табиати эпик ёхуд драматик асарларга монанд талқин қилинмоқда. Хусусан, муайян конфликтларда намоён бўлаётган характер ва шу характер эгаси бўлган қаҳрамоннинг алоҳида категориялар сифатида кўрсатилаётгани шундай дейишга асос беради. Ҳолбуки, лирикада характер яратилмайди, бунда характерга хос айрим қирраларнинг оний лаҳзалар имкон берган даражада намоён этилиши ҳақида гапириш мумкин, холос. Зеро, лирика шахснинг оний лаҳзалардаги кечинмаларини ифодалаш билан чекланади. Иккинчи муҳим нуқта шуки, лирикада конфликт аксарият ҳолларда асардан ташқарида қолади, конфликт фақат ҳис қилинади, англанади. Модомики шундай экан, лириканинг табиатини ёритиш учун мазкур категорияларни марказга чиқариш, бизнингча, мақбул эмас.

«Адабиёт назарияси»да лирик қаҳрамон тавсифи қуйидагича давом эттирилади: «Лирик қаҳрамон масаласи лирик шеъриятда ҳаётни тас­вир этиш спецификаси масаласидир. Лирик қаҳрамон характери ўзига хос марказ бўлиб, объектив воқелик лавҳалари, кишиларнинг ўзига хос образлари ана шу марказ атрофига уюшади. Ҳамма гап унинг оригиналлиги, индивидуаллиги, жонлилик ва жўшқинлик даражасидадир. Ўқувчи ҳар бир янги шеърни қўлга олар экан, унда қандай янги мазмун тажассум топгани ва қандай янги ғоя олға сурилганини билишга интилиш билан чекланиб қолмайди, балки ана шу мазмун ва ғоя қандай ҳаётий характер призмасидан ўтиб келганлиги билан ҳам қизиқади»[4]. Аввало, бу кўчирмада ҳам лирикага ёндашишда ўзга адабий турлар мезонлари асос қилиб олинаётганини қайд этиш лозим. Зеро, биринчидан, «ҳаётни тасвир этиш» лириканинг спецификаси эмас; иккинчидан, характернинг оригиналлиги, индивидуаллиги ҳақида эпик ё драматик асарларга татбиқан гапириш мумкин: «ўқувчи қўлга олган ҳар бир янги шеърда» – лирик асарда тўлақонли характер намоён бўлмайди. Хўш, унда бу ўринда гап нима ҳақида бораётир? Эътибор берилса, кўчирмадаги «лирик қаҳрамон характери» бирикмаси лирик субъект, яъни шеърдаги лирик кечинма эгаси маъносида қўлланаётганини кўриш қийин эмас. Чунки лирик асар марказида лирик субъект туради. Лирик субъект ҳақиқатан ҳам ўзига хос марказ, фақат у «объектив воқелик лавҳалари»ни уюштиради дейилишига қўшилиш қийин (биз бу ўринда «лавҳа» сўзи «эпизод» маъносида тушунилиши мумкинлигидан келиб чиқмоқдамиз). Лирик асарда объектив воқелик лавҳалари эмас, балки унинг лирик субъект кечинмаларига туртки берган ёхуд уларни ифодалаш учун зарур парчаларигина иштирок этади.

Юқоридагилардан аён бўляптики, лирик қаҳрамон терминидаги маъно силжиши ва унинг терминлик хусусиятини йўқотиши кенг оммага мўлжалланган адабий танқидий чиқишлар таъсиридагина юз берган эмас. Бунда адабиёт назарияси соҳасида амалга оширилган ишларда давр илмий изланишларидаги «мода»га берилиш ҳамда тадқиқотларда терминологик аниқлик талабига қатъий амал қилмасликнинг ҳам каттагина ҳиссаси бор.

 

2012 йил

[1] Гинзбург Л. О лирике. Изд. 2-е, доп. – Л., 1974. – С.155.

[2] Корман Б.О. Избранные труды по теории и истории литературы. – Ижевск, 1992. – С.87.

[3] Адабиёт назарияси. Икки томлик. II том (Адабий-тарихий жараён). – Тошкент: Фан, 1979. – Б.238

[4] Ўша жойда