«Танқидда холислик бўлиши шарт»

      29 марта кўрилган

(Ёзувчи Н.Жалолиддин саволларига жавоблар)

Н.Жалолиддин: Мамлакатимизда кечаётган бугунги адабий жараён ҳақидаги фикрларингиз? Сизнингча, миллий адабиётимиз ўз салмоғи ва қамрови жиҳатидан олдинга кетяптими ёки?..

Д.Қуронов:   Назаримда, бугунги адабий жараённинг асосий хусусияти — турфалик. Унда саёз, олди-қочди воқеаларга тўлиқ ёзмалардан тортиб то жиддий бадиий изланишлар, топилмаларга бой асарларгача бор. Бу — эркинлик меваси. Зеро, ҳаммани, жумладан, ижод аҳлини ҳам бир хиллаштиришга интилган шўро даврида буни хаёлга келтириб ҳам бўлмас эди. Бироқ, «ҳар яхшининг бир ёмони бор» деганларидек, бунинг ҳам салбий томонлари кўзга аниқ ташланиб қолди. Жумладан, матбуот нашрлари сони кўпайгани, китоб чоп этиш имкониятининг кенгайгани кўпинча бадиий жиҳатдан бўш асарларнинг чиқишига ҳам изн бермоқда. Бошқа томони, бу табиий ҳол ҳам: талаб бор экан, таклиф бўлаверади, бозорнинг қонуни — шу. Бас, адабий жараёндаги мавжуд ҳолдан зорланиш эмас, яхши асарлар ёзиш билан ўқувчи учун курашмоқ керак. Шу ўринда «Нега энди яна «курашиш», кураша-кураша шу ҳолга келмадикми?» тарзида эътироз бўлиши мумкин. Бунга изоҳ зарур. Биласиз, адабиётнинг ривожи унинг жамият ҳаётидаги ўрни, омманинг китобхонлик даражаси билан эмас, балки бадиий тафаккурдаги ўсиш-ўзгариш билан бегиланади. Шу маънода, бугунги адабиётда, менимча, ўсиш бор: инсон ва у орқали жамият, умуман, мавжудлик моҳиятини чуқур идрок этиш, англанган ҳақиқатни яланғоч эмас, чинакам бадиий образларда ифодалашга интилиш шундан далолатдир. Афсуски, адабиётимизнинг яхши намуналаридаги бу ютуқлар оммалаша олмаётир, очиғи, баъзан бу янгиликларга эҳтиёжнинг ўзи йўқдай туюлади. Сир эмас, ҳозирда телевидение ва умуман, визуал санъатлар билан рақобатда бадиий адабиёт ўзининг мавқеини анча йўқотган. Ўтган асрнинг сўнгги чорагида юртимизда китобхонлик даражаси жуда юқори бўлган, сабаби, маънавий-руҳий, эстетик ёки информацияга бўлган эҳтиёжни қондиришнинг асосий манбаи китоб эди. Ҳозир ундай эмас: осонгина телевизор мурвати буралади, вассалом… Мен «курашиш» деганда шу ҳолни назарда тутдим. Бунда кўпчиликнинг бир ёқадан бош чиқариши зарур. Аввало, адиб ва шоирларимиз «менинг ишим асар ёзиш, уни тарғиб қилиш менинг ишим эмас» тарзидаги кайфиятдан фориғ бўлиб,  «маҳсулот»ларининг сотилиши ҳақида ҳам қайғуришлари керак бўлади. Иккинчидан, бозор шароитида адабий танқид «реклама» вазифасини юқори савияда уддалаши, оммавий ахборот воситалари ҳам бу ишга бош қўшишлари зарур. Учинчидан, таълим тизимида адабиёт ўқитишнинг бош мақсади ўқувчиларда адабиётга, сўзга меҳр уйғотиш орқали китоб ўқишга эҳтиёжни шакллантириш бўлмоғи лозим.

Н.Жалолиддин: Бугунги ўзбек насри ҳақида нима дейсиз? Қайси мавзулар, анъаналар, услублар ривож топаяпти-ю, қайсилари унутиб қолдириляпти?

Д.Қуронов: Юқорида бугунги адабиёт ҳақида айтганларим, асли, кўпроқ насрга тааллуқли. Анъаналар масаласига келсак, менимча, анъана ҳеч қачон унутилмайди, янги деб тақдим этилаётган нарсада анъанани кўрмаслик ёки ундаги айрим жиҳатлар анъана бўлганини унутиш мумкин, холос.

Н.Жалолиддин: Сизнингча, ўзбек адабиёти қачон том маънода жаҳонга чиқади? Улуғ устозларимизнинг ютуқларини, меҳнатларини инкор этмаган ҳолда, фалон тилда фалончининг иккита шеъри чиқди ёки битта ҳикояси босилди, дея ўзимизни алдашимиздан наф йўқ, назаримда…

Д.Қуронов: Бу саволда, хусусан, «қачон жаҳонга чиқамиз» дейилганда, менимча, ўзимизни бироз камситиш, паст олишга мойиллик бордек кўринади. Биз шундоғам жаҳондамиз, яъни, ўзбек адабиёти ҳам жаҳон адабиётининг бир бўлаги. Айтайлик, дунёда машҳур асарларнинг кўпчилиги ҳали ўзбек тилига ўгирилмаган, ўзбек китобхонининг маънавий мулкига айланмаган. Шуни деб уларни «жаҳон адабиётига чиқмаган» деса бўладими?! Яъни, «жаҳонга чиқиш» деганда сара асарларимизнинг жаҳондаги бошқа тилларига таржима қилиниши ва суюб ўқилиши назарда тутилиши мумкин, бироқ бу дегани бизда ҳали «жаҳон талабалари» даражасидаги асарлар йўқ дегани эмас. Биласиз, ҳозир бозорларда турли мамлакатлардан келтирилган сархил мевалар сотилмоқда. Қизиғи, уларнинг кўпи ўзимизда ҳам етиштирилади. Хўш, нега улар «жаҳонга чиққан»-у, бизникилар чиқмаган? Ахир, меваларимизнинг мазаси, табииийлиги улардан устун бўлса устун, кам эмас-ку?! Демак, буни «жаҳон»га англатиш, маҳсулотни чиройли қилиб етказиб бериш керакки, бунда оқсоқланаётганимиз ачинарли. Шунга ўхшаш, бизнинг асарларимизни ҳам биров «жаҳонга олиб чиқмайди», «ўзинг учун ўл етим» деганларидек, ўзимиздан яхши таржимонлар етиштиршимиз лозим. Тўғри, Сиз айтмоқчи, айрим асарлар бошқа тилларга ўгирилган. Бошқаларини билмадим-у, лекин, мен рус тилига қилинган таржималарни кўриб айтаманки, улар жуда ожиз. Демак, биринчи масала «кимнинг асарлари таржима қилинмоқда» тарзида эмас, «қандай таржима қилинмоқда» тарзида қўйилиши лозим.

Н.Жалолиддин: Шу маънода адабиётимиздаги қайси асарларни таржима қилиб, жаҳонга кўрсатиш мумкин, деб ўйлайсиз?

Д.Қуронов: «Ўтган кунлар»ни, Чўлпон ва Ойбекнинг 20-йиллардаги айрим шеърларини… Саноқни давом эттириш мумкин, лекин шартми?! Муҳими, таржималар бирон-бир ижодкорни танитишга эмас, миллий адабиётимизнинг юзини кўрсатишга хизмат қилсин.

Н.Жалолиддин: Менимча, бизнинг танқидчилигимизда холислик етишмайдигандек. Гоҳо баъзи танқидчиларимиз тарафкашдик қилаётганликларини ҳам сездириб қўйишади. Умуман, сизнингча, ёзувчининг шахси биринчи ўринда туриши керакми ёки асари?

Д.Қуронов: Танқидда тенденциозлик бўлиши табиий, чунки ҳар кимнинг диди, бадиий-эстетик талаблари ўзига хос. Лекин танқидда холислик, самимият бўлиши, адабиётнинг фойдаси нуқтаи назаридан фикр юритилиши шарт. Шу пайтгача кўп олимлар билан баҳслашишга тўғри келди, ҳар вақт шу принципларга таянишга ҳаракат қилдим. Лекин, беайб парвардигор дейдилар, баҳс қизиғида баъзан бироз чалғиган бўлишим мумкин. Сиз ҳақсиз, афсуски, айрим ҳолларда тарафкашлик бўлаётгани, танқидчи муносабатини асарнинг ўзи эмас, бошқа омиллар белгилаётгани сезилиб қолади.

Н.Жалолиддин: Танқидчиликдаги мавжуд ҳолни тузатиш учун нималар қилиш керак деб ўйлайсиз?

Д.Қуронов: Бадиий асар турли кишилар томонидан ҳам, турли даврларда ҳам турлича тушунилиши мумкин, бас, биз асар ҳақида билдираётган фикр субъективликдан ҳоли эмас, у ҳақда ўзгача фикр ҳам мавжуд ва у яшашга ҳақли деган оддий ҳақиқатни тан олиш; танқиднинг вазифаси бадиий дидни тарбиялаш орқали адабиёт равнақига хизмат қилиш эканлигини назарда тутган ҳолда фикрлашнинг ўзи, назаримда, кифоя қилади.

Н.Жалолиддин: Адабиёт бир бутун. Уни фалон вилоятга ёки бошқа ҳудудга дахлдор ҳисоблаш мумкин эмас. Зўр санъаткорона асар бор ва ҳаваскорона машқлар бор. Асосий эталон шу. Шундай бўлса ҳам вилоятимиз ижодкорлари томонидан яратилаётган, ёзилаётган асарлар ҳақида нима дейсиз?

Д.Қуронов: Яхши айтдингиз — «адабиёт бир бутун». Бироқ «вилоят миқёсидаги адиб ё шоир» бўлиб юрган, асарлари, А.Қаҳҳор айтмоқчи, «Тўйтепадан нарига ўтмаётган» ижодкорлар қанча? Мен вилоят ижодкорларини камситмоқчи эмасман, асло. Фақат уларнинг ўша «бир бутун» адабиётга жўровоз бўлишларини, умуммиллий адабиётимиз пардасида ижод қилишга ҳаракат қилишларини истардим. Афсуски, айрим ижодкорларга журъатдан кўра «биз вилоятданмиз-да» дея ўзини овутиш, тасалли бериш қулайроқ кўринади чоғи. Ҳозирги адабий жараёнда андижонлик ижодкорларнинг мавқеи у қадар баланд эмаслиги шундан бўлса, эҳтимол. Ҳолбуки, истеъдодлар бисёр, журъат ва меҳнат етишмаётганга ўхшайди…

Н.Жалолиддин:  Ижодий режаларингиз?

Д.Қуронов: Режалар ҳам бисёр. Афсус, уларни амалга оширишга вақт доим ҳам етмайди, аниқроғи, кейинги вақтда ўзимга шундай баҳона топишни одат қиляпман шекилли. Асли, бироз дангасароқ, ҳафсаласизроқ бўлиб қолганга ўхшайман. Яқинроқ режалар ҳақида айтсам, Абдулла Қодирий бадиий фалсафаси ҳақида рисола, адабиёт назариясига оид қўлланма тайёрламоқчи бўлиб турибман.

 

2010 йил