“Ўтган кунлар”: мифопоэтик таҳлил тажрибаси

      59 марта кўрилган

Мифопоэтик таҳлил ёки мифопоэтик ёндашув адабий асарда қадимги мифларнинг изларини  топиш, унда қадим мифларга хос мотивлар, архетиплар қай йўсин трансформацияланган ҳолда акс этганини кўрсатиб беришни мақсад қилади. Тарихан бундай ёндашув илдизлари XIX аср Ғарб адабиётшунослигида шаклланган мифологик мактабга бориб тақалади. Ушбу мактаб вакиллари адабиётнинг келиб чиқишини мифлар билан боғлаган ҳолда мифни инсон ижодий фаолиятининг асосий омили деб тушунади. Шунинг учун ҳам улар адабиётнинг мифлар, умуман, халқ оғзаки ижоди билан алоқасини ўрганишга айрича эътибор берганлар. Кейинча, ХХ асрнинг 30-йилларида майдонга чиққан ритуал-мифологик мактаб уларнинг анъанасини давом эттириш билан бирга, масалага янада чуқурроқ қараш – К.Юнг таълимотига таянган ҳолда адабий асардан инсоният хотирасида “коллектив онгсизлик” маҳсули тарзида яшаётган архетипларни топиш ва тавсифлаш, асарни шу асосда тушунтириш йўлидан борди. Мифологик мактаб миф ва фольклор асарларида ижодий тасаввурга қанот берувчи манбани, ритуал-мифологик танқид унинг структурасини белгиловчи бош омилни кўрди, бу эса ҳар қандай асар структурасини архетиплар белгилайди деганидир. Шундан келиб чиқиб, улар ўз қарашларини энг қадимги асарлардан тортиб, то бугунги кунда яратилаётган асарларгача татбиқ этиш, яъни универсал дея мутлақлаштириш йўлидан бордилар.

Муайян илмий қарашни мутлақлаштириш, у ёки бу методни универсал санаш фикридан йироқ бўлганимиз ҳолда, мифопоэтик таҳлил методини қўллашни “Ўтган кунлар” мисолида тажриба қилиб кўришга жазм қилдик. Аждодлардан мерос оғзаки ижод намуналаридан оддий бир зиёли даражасида хабардор одам нигоҳига қуйидагилар илашди:

  1. Қаҳрамонга хос сифатлар.

1.1. Қаҳрамоннинг тилаб олинган, яъни узоқ вақт фарзанд кўрмаган хонадонда, яна аксар илоҳий кучлар аралашуви билан дунёга келган ёлғиз фарзанд экани. Ушбу мотив халқ оғзаки ижодида жуда кенг тарқалган бўлиб, кўплаб достон (мас., “Алпомиш”, “Рустамхон”) ва эртакларда (мас.: “Тоҳир ва Зуҳра”, “Олмос ботир” ) турлича йўсинларда талқин қилинади. “Ўтган кунлар”даги Отабекнинг “тилаб олинган”, яъни узоқ кутилган фарзанд экани ҳам матндан аниқ англашилади. Агарда “Ўзбек ойим элли беш ёшлар чамалиқ” экани, Отабекнинг эса, Ҳасанали айтишича, “бу йил ҳамдуна бўлса тўппа-тўғри йигирма тўрт ёшга қадам қўйиши”ни эътиборга олсак, Ўзбек ойим ўттизидан ўтиб фарзанд кўргани аён бўлади. Отабекнинг ёлғиз фарзанд экани сюжет ривожида ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Зеро, у Юсуфбек ҳожининг “бизнинг сандан бошқа умид нишонимиз, ҳаёт қувончимиз йўқ. Дунёда кўриб ўтатурған барча орзумиз, ҳавасимиз фақат сангагина қараб қолған” дегани айни ҳақиқат эканини теран англаб, ҳис қилиб турганидан чор-ночор таслим бўлади – иккинчи бор уйланишга розилик беради ва бу билан Ҳомиднинг фитналарига йўл очиб, Зайнабнинг қотилага айланишига замин тайёрлайди.

1.2. Қаҳрамоннинг фавқулодда куч-қудратга ёки ақл-заковатга эгалиги ва бу сифатларини болалигидаёқ намоён этиб барчани ҳайратга солиши ҳам достон ва эртакларда кўп учрайдиган мотивлардандир. Масалан, “Алпомишда” айтилишича, “етти яшар бола Ҳакимбек ўн тўрт ботмон ёйни қўлига ушлаб, кўтариб тортди, тортиб қўйиб юборди. Ёйни ўқи яшиндай бўлиб кетди. Асқар тоғнинг катта чўққиларини юлиб ўтди, овозаси оламга кетди”. Ёки, етти ёшли Гўрўғли Шохдорхоннинг биринчи полвони саналган “Бадкирнинг қўлидан ушлаб бир зўр билан қўлини яғрини билан юлиб олди. Қайтариб, ўз калтаги билан ўзини, елкасига бир ошириб солди. Бадкирнинг суяклари ерга нақш бўлди, баданлари айрон солган тулупдай майда-майда бўлди, серрайиб уппа-узун бўлиб, ўлиб қолди” (“Гўрўғлининг туғилиши”). “Ўтган кунлар”да ҳам ушбу кўҳна мотив излари бор, фақат романда у реалистик талқин қилинган. Шунга кўра, ҳаёт ҳақиқатига содиқлик талаби билан Отабекнинг атрофдагиларни ҳайратга солиш вақти кечиктирилиб, натижада достонлардаги таърифларга хос муболағавийликдан фориғ бўлинган. Адиб йигирма тўрт ёшли Отабекнинг “дунё кезиб” чиқарган хулосалари, Русия ва ва ўз юртидаги тартиботлар ҳақидаги муҳокамаларини тинглаётган ота қадрдонлари “бекнинг оғзиға анқайишиб қолган эдилар” деб ёзади.

1.3. Мутахассислар архетипик қаҳрамон харакетрига хос муҳим хусусиятлар сифатида бўйсунмаслик, жангарилик, ўжарлик кабиларни кўрсатишади. Айни шу хусусиятлари туфайли у мавжуд ҳолат билан келиша олмайди, зулм ва адолатсизликка қарши курашга ҳамиша сафарбар туради. Фикримизча, архетипик қаҳрамонга хос сифатлар соф ҳолича кўпроқ бола Гўрўғлида сақланган, у – тийиқсиз, стихияли қудрат мужассами. Гўрўғлининг бироз улғайгандан кейинги (у эса жуда тез улғаяди, масалан, Ёвмитга келгандаги ўзини тутиши, хусусан, отасини Урайхон ҳузурига боришга даъват қилиши етук, сермулоҳаза кишиларга хос) ҳаракатлари англанган, айни чоқда феълида бўйсунмаслик, жангарилик, ўжарлик  устуворлигича қолади. Бунда архетипик қаҳрамонга хос ўзак хусусиятлар тадрижининг моделини кўриш мумкин: вақт ўтгани сари улар ҳам реаллашиб, стихиялилик ўрнини англанганлик, мақсадлилик эгаллаб боради. Дейлик, шу жиҳат Алпомишда ўзига тенгдош пайтидаги Гўрўғлига қараганда устуворроқки, бу кейингисининг қадимийроқ экани билан изоҳланиши мумкин. Бадиий тафаккурнинг реализм томон тадрижи давомида архетипик қаҳрамон хусусиятларини реалистик адабиётнинг етакчи жанри – роман ўзлаштирди. Хусусан, Отабекда архетипик қаҳрамонга хос бўйсунмаслик (мас., Мусулмонқул билан тўқнашув саҳнаси), ўжарлик (мас., иккинчи бор уйланишга ўзи розилик бергани ҳолда яна Зайнабга жабр қилиши), жангарилик (аввал шахсий, сўнг юрт душманларига қарши майдонга чиқиши) каби хусусиятлар реалистик ифодасини топган.

  1. Сюжет мотивлари.

2.1. Халқ оғзаки ижодида сафар мотиви энг кўп тарқалган десак, асло муболаға бўлмайди. Чунки аксарият сеҳрли эртак ва достон қаҳрамонлари турли мақсад (ёки сабаб) билан сафарга отланадилар: Алпомиш Барчинни келтириш учун, Кунтуғмиш Ҳолбекани излаб, кенжа шаҳзода Булбулигўёни тутиб келмоқ қасдида, Ҳусанбой Ойпаридан тушининг таъбирини сўрагани, Олмос ботир вазирнинг қутқулари туфайли ва ҳ. Ҳаётий-маиший эртакларда қаҳрамон савдо ёки дунёни кўриш масадлари билан сафарга чиқади-да, шу сафар давомида бошқа саргузаштларни (мас., уйланиш) бошдан кечиради (“Уч авлиё”, “Ҳунарли йигит”). “Ўтган кунлар”даги сафар мотиви кейинги типга мансуб. Ҳасаналининг айтишича, Отабек “Бекларбеги мадрасасининг пешқадам муллабаччаларидан эди, лекин уч йилча бўлди, хўжамиз мадрасадан олиб савдо ишига қўйдилар”. Шунга ўхшаш, Ҳакимбек етти ёшга тўлганида, Бойбўрибий: “Энди ўғлим саводи чиқиб, мулла бўлди, ўғлимга энди шоҳлик, сипоҳилик илмини ўргатайин”, деб мулладан чиқариб олди. Яъни, ҳар икки ҳолда ҳам қаҳрамонлар етарли илмга эга бўлгач, доно оталари уларни бевосита ҳаётий фалиятга тайёрлаш зарур деб билдилар.

2.2. Эртак ва достонларда хат (мактуб) мотивининг турли кўринишлари анча кенг учрайди. Жумладан, хатнинг адресатдан яширилиши (“Алпомиш”), хат мазмунининг муайян мақсад билан ўзгартирилиши (“Ҳунарли йигит”), ғаним хатини қўлга тушириш (“Аҳмад Сардорнинг ўлимга буюрилиши”) каби мотивлар сюжетнинг у ёки бу тарзда ривожланишига жиддий таъсир этади. Маълумки, “Ўтган кунлар”да Отабекнинг омонатига хиёнат ўлароқ сохта талоқ хати битилгани ва Кумушга етказилгани сюжет воқеларини янги ўзанга буради.

2.3. “Рустамхон” достонида Хуройимни бадном қилиш учун кундошлар ёллаган мастон кампир тўрт муллага тўрт юз тангани бериб хат ёздиради. Буюртмачининг талаби эса мана бундай: “ўқиганда бир-бирига тўғри келгидай, ўқиган одам маъносини билгидай, битган арзанг Султонхон қошида мўътабар бўлгидай бўлсин”. “Ўтган кунлар”даги Ҳомид ҳам хатни ўзгага (кимлиги айтилмаган, фақат тахмин қилиш мумкин) ёздирган. Ким ёзган тақдирда ҳам, Ҳомид хатнинг ишонарли ва таъсирли бўлиши ҳақида ўйлаган, бас, шу ишни уддалайдиган одамни (“қаловини”) топган. Кумушнинг жавоб хатидан “ўзининг биринчи мартаба юборған хиёнатномасини фавқулодда бир муваффақият билан натижаланганлигини” билиб қаноат ҳосил қилади ва ишонч билан “Илгариги гал ёздириб берганимдек ўз режамизга мувофиқлаб Отабек тилидан яна бирини ўмартириб бераман”, дейди, “Эндиги хатни ниҳоятда эҳтиёт билан нусхага қараб ёздиришни кўнглидан ўтказади”. Иккала асарда ҳам ҳаётда мавжуд ҳолат акс этган, зеро, Рустамхон замонида ҳам, Худоёрхон даврида ҳам пул учун мастонлару ҳомидлар хизматига шай муллолар бўлган.

2.4. Дор остидан қайтиш мотиви. “Рустамхон” достонида Ҳуройим туҳмат билан дорга осиладиган бўлди, шунчаларки, бечора дорга дардини айтганида, “дор шиқирлаб, жойидан қўзғалиб кўтарилди. Дор ҳам энди бу туҳматдан ҳазар қилди”; ҳар не қилиб ўлдиришга чоғланган жаллодлардан шўрликни ўғли Рустам қутқариб олади. “Кунтуғмиш”да эса аввалдан ҳукм қилиб қўйилган Гуркибой билан Моҳибойга меҳри товлаб, Қаландархон бир нима қилиб ҳукмини бекор қилишга уринади, ночор қолган пайтида Гуркибойнинг гапидан ўз болаларини таниб қолади. Отабек билан қутидорнинг дор остидан қайтишлари моҳиятан “Кунтуғмиш”га яқин. Зеро, қушбеги ҳам Кумуш келтирган хатдан Юсуфбек ҳожи билан Отабекни “таниб олади” ва ҳукмни бекор қилади.

2.5. “Тоҳир ва Зуҳра” эртагининг Тоҳир оқиб келган сандиқ тутиб олингандан кейинги сюжет ривожи: “Подшоҳ кичик қизининг айтганини қилиш учун, Тоҳир розилик бермаса ҳам, қирқ кечаю қирқ кундуз тўй-томоша қилибди. Қизнинг чиройи ҳам Зуҳранинг чиройидан қолишмас экан. Лекин Тоҳир Зуҳрага берган ваъдасини эслаб, қизга гапирмас, қизнинг саволига жавоб ҳам бермас экан”. Кўриб турганимиздек, “мажбурият орқасида уйланиш” ва севгилисига садоқати боис шаръий хотинни “бойкот қилиш” мотиви “Ўтган кунлар”да трансформацияга учраган ҳолда такрорланган. Фарқли жиҳатлар эса: 1) эртакда қизнинг отаси мажбурлаб куёв қилса, романда Отабек мажбурият орқасида уйланади; 2) эртакда Хоразм шоҳининг қизи Тоҳирга кўнгил берган, романда эса Зайнаб тўйга қадар Отабекни умуман танимаган.

2.6. Кўпгина эртак ва достонлар сюжетида лаҳм ковлаш мотиви муҳим ҳалқани ташкил қилади. Жумладан, “Булбулигўё”да кенжа шаҳзода учун маймун ковлаган лаҳм нақд маликанинг равоғи остидан чиқади; Қилич ботир лаҳм ковлаб Оқбилак ойимнинг оти охури ёнидан тешик очади; Зиёд ботир лаҳм ковлаб Қамарни қутқаради. Эртаклардан фарқли тарзда, “Ўтган кунлар”да лаҳмни қаҳрамон эмас, унинг рақиби – антагонист ковлатади. Айни пайтда, 1) лаҳм қизни олиб қочиш учун ковланаётгани; 2) нақд Кумушнинг ётоғи остидан, унинг, Отабек кейин ёзганидек, “хафиф тин олғандағи латиф ухлаған товшини” эшитарлик бир жойдан чиқишида анъанавийлик сақланади.

2.7.  Ёр учун душман билан олишув мотиви. Эртак ва достонларда қаҳрамон ёрга етиш ё уни қутқариш учун душман билан мардона олишиши, жанг қилишига тўғри келади. Эртакларда қаҳрамон гоҳ девлар, гоҳ ялмоғиз, гоҳ сонсиз лашкар билан олишса, Гўрўғли парилар талабида девлар билан, Алпомиш эса Барчин учун тўқсон алп билан курашади. Отабекнинг Кумуш учун уч душман билан мардона курашга кириши ҳам айни мотивнинг реалистик йўсиндаги талқинидир.

2.8. Халқ оғзаки ижодида юрти (уйи)дан чиқиб кетган қаҳрамоннинг кўп йиллик сарсон-саргардонликдан сўнгина қайтиши мотиви жуда кўп учрайди. Бунинг ёрқин мисоли – Кунтуғмишнинг саргардонликлари. Алпомишнинг етти йиллик асирлигини ҳам шу мотивнинг бир кўриниши деб ҳисоблаш мумкин. “Ўтган кунлар”даги Отабек ҳам уйидан чиқиб кетган (Зайнабга қарамайди, ота-онасидан хафалиги тарқамаган, гўё мақсадсиз тез-тез Марғилонга қатнайди, бўзахоналарда ўзига таскин излайди; Марғилонда бўлса – “ҳайдалган”) каби, саргардонлиги икки йиллаб давом қилади.

2.9. Ўзни танитиш мотиви. Фольклор асарларида, кўпинча, вазиятдан келиб чиққан ҳолда  қаҳрамон ўзини танитмай ҳаракат қилади ва ҳамма муаммолар бартараф этилгандан кейингина аслида кимлиги маълум бўлади. Алпомиш юртидаги аҳволнию Ойбарчиннинг кўнглини билай,  дўст душманни таний деб Бойсунга ўзини танитмай қайтади, вазиятни обдон ўргангачгина ишга киришади. Ҳайдалган Отабекнинг уста Алимга ўзини Шокирбек деб танитиши ва шу исм остида икки йиллаб Марғилон қатнашлари замирида, айтилмаган ва балки тўла англанмаган бўлса ҳам, ҳақиқий аҳволни билиш, дўст-душманни таниш мақсади ётади.

  1. Ҳолат, баҳо, персонажлар ва бошқа ўхшашликлар.

3.1. Халқ оғзаки ижоди ишқни дард, ошиқни касал деб талқин қилади. Шу боис аксар эртак қаҳрамонлари ёрни кўриб беҳуш йиқилади, ишқ ўтининг зўридан ранги рўйи сарғайиб, кўкрагини захга бериб ётади. Достонларда ҳам шундай: Кунтуғмиш Холбека ойимни тушида кўриб ошиқ бўлган эса, суратини кўргач, “бир ишқи юз бўлиб, тоқат келтиролмай, беҳуш бўлиб йиқилди”. Қорахон ҳар не даво тадбирини қилди – бўлмади, Зангарга юборишдан ўзга чора йўқ. Шунга ўхшаш, Отабекдаги ўзгаришни кузатиб Ҳасанали  аввал “Бек оғриқ” деб ўйлайди, кейин, иситма ичида каби алаҳсирашларини эшитиб, аниқ ташхис қўяди: “Бек ошиқ!” Албатта, романда ошиқ ҳолати реалистик тасвирланган, лекин анъана излари яққол сезилади, ҳолат анъана контекстида қабул қилинади.

3.2. Душман юртига келган Равшанхон (“Равшан”) ўзни танитмаслик учун шоҳона либосларини ечиб, “бир камбағал, етим бола” бўлади. Бироқ унга меҳри тушиб ўғил қилиб олмоқчи бўлган кампир “қадди бастига қараб” ўйлайдики, бу “ё бир подшонинг боласи, ё бир катта бекнинг боласи, ё бир асилзода, бир оқсуяк эшоннинг боласи, албатта, бу бола безот, ноасил одамнинг боласи эмас”. Шунга ўхшаш ҳолат кўплаб фольклор намуналарида кузатилади: қаҳрамон гоҳи атай, тақдир ҳукми билан ўта аянч аҳволга тушиб қолади, бироқ шунда ҳам жулдур кийим-бош ичида асилзодани таниб олувчилар бўлади. Фольклорда, айниқса, достонларда аслзодаларга айрича ҳурмат билан (гарчи “синфий онг”имиз ривожланган даврда бу нарса тўла инкор қилинган бўлса-да) муносабатда бўлинади. Табиийки, инсонга баҳо беришда насл-насаб муҳим мезон саналган, мақтовга келганда “келбатинг шаҳзодалардек”, “тарзинг бекзодалардек” каби иборалар ишлатилгани шундан. Яъни Зулхуморнинг канизлари Равшанхон ҳақида “Шундай йигит лойиқ шоҳнинг қизига” деганлари ҳам, шу анъана ва миллий менталитет ўрамида Отабекка берилган “Хон қизига лойиқ бир йигит” таърифи ҳам юксак баҳодир.

3.3. Маълумки, фольклорнинг ўз персонажлар галереяси бор ва ҳар бир асарда улардан бир қисми муайян комбинацияда иштирок этади. “Ўтган кунлар”нинг персонажлар тизимига ҳам шундай комбинациялардан бири сифатида қараш мумкин: мард, жасурлигу ақл-заковатда тенгсиз ошиқ қаҳрамон – Отабек; гўзаллигу латофатда беқиёс маъшуқа – Кумуш, қаҳрамонни ҳамиша асраб-авайлаб, ёрдам ва маслаҳат бериб турувчи ҳомий – Ҳасанали; қиёматлик содиқ дўст – уста Олим; ашаддий рақиб – Ҳомид; рақибнинг пул учун ҳар нега ҳозир шотирлари – Содиқ ва Мутал ҳамда ёвуз ишларидаги кўмакчиси жодугар – Жаннат.

 

Албатта, биз юқоридаги каби муштарак нуқталарнинг кўпига тўхталмадик, айримларини кўра олмаганимиз ҳам ҳеч шубҳасиз. Зеро, ҳар ишнинг ўз эгаси томонидан қилингани дуруст, каминага мутахассис фольклоршунос нигоҳи етишмади, иш бошлашдан аввал туғилган андиша бежиз эмас экан. Иш давомида эса яна бир андиша туғилди: хўп, ўхшашликлар бор экан, уларни топишу тавсифлашдан муддао нима? Назаримда, ўхшашликларни излаб топишдан мақсад излаб топишнинг ўзи бўлиб қолаётгандек, яъни, Афанди айтганча, “бизга шақирлаши қолаётгандек”. Илгарироқ бошқа бир муносабат билан “Ўтган кунлар”нинг муваффақиятини таъмин этган омилларга тўхталиб, “Романнинг “тез шуҳрат топиб қўлма-қўл ўқилишига сабаб бўлган бош омил, бизнингча, унинг том маънода миллий адабий анъаналар заминида турганидир”, деб ёзгандим. Ўйласам, бу фикрни эскитдан турли шаклларда айтиб келаман экан-у, унга исботланиши шарт бўлмаган аксиомадек қарар эканман. Мифопоэтик ёндашув эса, масалан, мазкур фикрни илмий асослаш имконини яратар экан. Айтмоқчиманки, адабиётшуносликка оид ишларда ушбу таҳлил усулидан қўшимча сифатида фойдаланиш мавжуд кемтикларни тўлдиришга ёрдам беради. Шуни ўйлаб, фольклоршунос дўстларимиз биз йўл қўйган камчиликларни тўлатиб, мифопоэтик таҳлил имкониятларини тўлиқ намойиш этиб берадилар деган умидда қоламиз.