2019-йил достонлари ҳақида

      22 марта кўрилган

Аввало, икки оғиз “достон” ҳақида.

Адабиётимиз ўтмишига сиртдангина назар ташлансаёқ жуда қадимда шаклланган достон халқ оғзаки ижодидаги жанрлар тизимининг гултожи мақомида бўлгани, мудом ривожланиш, ўсиш-ўзгаришда яшагани кўрилади. Худди шу хусусият унинг ёзма адабиётдаги ҳаётига ҳам хос: “Қутадғу билиг” ҳам,  “Муҳаббатнома” ҳам достон, “Ҳайрат ул-аброр”у “Фарҳод ва Ширин” ҳам… – ҳаммаси достон, лекин, маснавий шаклию аруз ўлчовларида эканини демасак, бошқа ҳеч бир жиҳати бир-бирини такрорламайдигандек. Ёки, ана, адабиётимизнинг янги даврини, ўтган асрда яратилган достонларни олайлик: “Кўкан” ҳам, “Ўч” ҳам, “Сурат” ҳам достон, “Руҳлар исёни”ю “Жаннатга йўл” ҳам – ҳаммаси достон. Буларнинг бирини бемалол лирик, иккинчисини эпик, учинчисини эса драматик турга мансуб этавериш мумкин. Хуллас, “достон” деган турғун қолип йўқ, достонга ҳам романга нисбатан айтилган “мудом шаклланишдаги жанр” (М.Бахтин) сифатини тақаш мумкин. Алалхусус, достон бугунги кунда ҳам яшаяпти ва яшаряпти. Яшаряпти деганим, чин истеъдод эгаларининг изланишлари самараси ўлароқ, достон бугунги кун ўқувчисининг эстетик диди, талаб-эҳтиёжларига жавоб бера оладиган шаклда янгиланяпти, деганидир.

Шундай самарали изланишлардан бири сифатида ҳеч иккиланмай “Ёшлик”нинг ўтган йил 10-сонида босилган Нодир Жонузоқнинг “Сўз” достонини кўрсатиш мумкин. Устозлардан бири уни “сўз мулкига сафар” деб таърифлабди, жуда топиб айтибди. Аввало, ғоят муҳим бир жиҳатни таъкидлаш жоиз: бундаги лирик қаҳрамон сафари ўз бошлича эмас, унинг йўл бошловчиси – “гид” бор ва шугина деталь “Сўз” достонини умумбашарий маданиятнинг узвига – вакилига айлантиради. Гапим бироз муболағага тортиб кетгандек кўринар, балки, бироқ мулоҳаза қилинса, айни ҳақиқатдир. Зеро, достоннинг бошланишидаёқ ўша умумбашарий маданият контекстидан хабардор ўқувчи хотирига беихтиёр Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васалламга Меърож сафарларида ҳазрати Жаброил йўл бошловчи бўлгани, Дантени эса Вергилий руҳи эргаштириб юргани келади. Шунинг ортиданоқ ҳар иккала йўл бошловчининг вазифаси шунчаки йўл кўрсатиш билан чекланмаслиги, ҳар иккиси ҳам мусофирга кўрганларини тушунтириш, англатиш, диққатини нарса-ҳодисанинг у ёки бу жиҳатига жалб этиш каби вазифаларни бажаришини ёдга олади… Хуллас, ўқувчи ўзи учун кутилмаган, ибратга лойиқ, теран таҳлилу мушоҳадаларни талаб қиладиган ҳолатларга дуч келишга руҳан ҳозирланади, созланади. Албатта, булар ижод онларидаёқ шоир шуурининг бир четида турган, йўқса, ижод жараёнининг бамисоли кўзгудаги акси деб қаралувчи мутолаа онларида ўқувчи кўнглида аксланиши мумкин бўлмас эди. Шуларни ўйлабгина айтдим юқоридаги муболаға бўлиб туюлувчи гапларни, зеро, умумбашарий маданий контекст бағрида етилган асар муқаррар равишда унинг вакилига айланади деб биламан.

Яна бир ғоят муҳим нуқта – сафарга Сўз Соҳибидан изн сўралаётгани, қалам аввал Унинг мадҳига сурилгани, ниҳоят, сафарнинг “басмала”дан бошланаётгани – бари достонни миллий адабий анъаналар заминига  туташтиради. Муҳими, бу нарса шаклдагина намоён бўлган эмас, достоннинг  объекти бўлмиш СЎЗ тушунчаси тамом исломий талқин қилинган. Дарвоқе, бунда кўлам торайибди – умумбашарийдан исломийга ўтилибди деган ўйга бормоқ бориб турган хато бўлади. Зеро, “Аввалбошда Сўзни яратиб, Жило бердинг битталаб ўзинг” деб  бошланувчи ҳамднинг давомида:

Сўнг Одамни яратиб, йиғиб

Сўзларингни, бирма-бир бердинг.

Новвот каби солдинг тилига,

Шимсин, дея, билсин мазасин;

Нақш айласин Сўзни дилига –

Сўзга ҳаёт бериб яшасин…

дейилгани бежиз эмас: Сўзнинг исломий талқини атроф-жавонибидаги нарса-ҳодисаларнинг аксарини илк бор номлаган Одам алайҳиссалом орқали яна умумбашарий контекстга бориб туташади.

Достон фасл ё бобларга эмас, сўзларга бўлинибди: биринчи сўз, иккинчи сўз, учинчи… – жами йигирма беш сўз. Аслида бу ҳам “Очун” деб аталган иккинчи сўз бошланишидаги “Олам асли сўздан иборат” деган фикрнинг тасдиғига, Сўзнинг аҳамиятини таъкидламоққа хизмат қилади. Ҳамроҳ Сўз талқинида Одам билан Сўз қисматдош, худди инсон каби “Ҳар сўз мудом ўзини излар” ва маънига эга бўлолганигина ўзини топади – тирилади, очун эса тирик сўзга ташна: “Тирик сўзга ташна очунда, Маъносини топган Сўз қолар” – қолган бари йитиб кетади.

Масиҳнинг туғилишини Маънонинг туғилишига тамсил қилингани – бадиий топилма кўринди. Негаки, “халоскор Маъно” – чин қимматга эга маъно ҳам ғайбнинг иштирокисиз бинога келмайди, келолмайди – дилига солмаса қийин. Қизиғи, унинг қисмати ҳам Масиҳ қисматига уйқаш: уни ҳам жоҳил оломон хочга михлаши, “ҳавойи ҳислар” тортқилаши, “этагини тутганлар” сотиши ҳамиша эҳтимолда туради. Лекин шоир ишонадики, шу хатарларга бўй бермай ўтган сўзлардан “Каъба каби юксалар Маъни”, пок ҳам мағзи тўлиқ сўзлар кўнгил оламини яхлит этади ва ҳамма якдил “Якка ёлғиз Воиз каломин” англай бошлайди. Муҳими, топиб айтилган сўзлар ўқувчини ўзига сездирмайгина оламий миқёсдаги ўйловларга қўшиб, умумбашарий армонга ошно этиб қўяди.

Достонда “Мавлуд” сўзидан кейиноқ “Қотил” сўзи жой олгани бежиз эмас: Сўз мадҳидан энди муаллифни бир ижодкор сифатида ҳар кун қийнаб келаётган масалаларга ўтиляпти. Шоир сўз билан ишлашга масъул соҳаларда кузатилувчи айрим ҳолатлар ифодаси учун қулай рамзий-мажозий ифодалар топган. Жумладан, сўз сўйишни ўзига пинҳона касб қилган одам тимсолида иқтидордан мосуво “ёзғучи”ни кўрамиз. Қафас – асарларига сўзларни қамаб олган, уларни бир-бир аёвсиз бўғизлайди у. Шунча сўз бир-бир ўлгани ҳолда уларга на қабр бор, на биров уларга аза очади, ҳеч ким “оқ ё кўк киймайди”… қотил эса буни, яъни бу қилмишига жавобан ҳеч ким ҳеч нима демаслиги ва қилмаслигини билади – шу боис қилар ишида собит ва бардавом. Ушбу ҳолат ортидаги шоир изтиробининг бежиз эмаслигига эса минг-минглаб саёз китоблар урчиётгани, тилимизнинг ривожланиши ва ҳар жабҳада чинакам қадр топишини истаган кўнгилларни ранжитадиган ҳолатларнинг ҳамон мавжудлиги кафил. Ҳолат шундайки, сўзлар ўз жонига қасд қилар даражада. Образли ифода тиниқлигидан ўқувчи “Микрофондан баланд дор ясаб, Токли симга ўзини осган” сўзни ҳам, “Қирқ қаватли китоб томидан” ўзини пастга отган сўзни ҳам таниб олади. Албатта, шоир атрофида фақат “ёзғучи”ларни кўрмайди, асл ижодкорлар, оёқ остидан топган сўзларга янгидан оҳор бериб жонлантираётган, кўнгил дарёсидан сўз дурларини сабр-ла “ов” қилаётганлар ҳам бор. Шунингдек, сўзни ҳар кўйга солиб ўйнатишни санъат даражасида эгаллаган, бироқ шу аснода маънини, демакки, сўзни ўлдирувчи моҳир ҳуққабозлар ҳам йўқ эмас.

Шоир ўзига яқин давра – қалам аҳли доирасида қолмайди, умуман жамият миқёсида кузатилиб турган Сўзга муносабат, сўздан фойдаланиш бобидаги ҳолатларни қаламга олади, миллий тил ривожланиши билан боғлиқ қатор ички муаммоларни ҳам ўртага ташлайди. Жумладан, тилимиз сўз захирасининг ички омил ўрнига ажнабий сўзлар ҳисобига бойитилаётгани (“Жиноят”), маънавий бойлигимизга бефарқлигимиз сабаб аждодларимиз қўллаган сўз дурлари қадимшуносларгагина маълум бўлиб қолаётгани (“Кўмчу”), “ўзга лисондан кириб келган сатанг” сўзлар соф ўзбекча сўзларни сиқиб чиқараётгани (“Ғамгин ҳикоя”) ва б.

Сафарнинг бир ҳикмати бор: манзилга етганида йўлчи ўзгарган одам бўлади. Бизнинг йўлчимиз иқрор қиладики: “Мен ҳис этдим, нима учун Сўз олиб чиқмиш мени сафарга – у истайди: мендаги кам­кўст йитсин, кирай масрур сафларга…” Масрурлар сафида эса озод сўзга ошно ҳур инсонлар жой олган. Шундай кишиларгина сўздан дибос киядиларки, “Ўзгарса-да баҳор, қиш, куз, ёз – Ўзгармайди унинг кийими”. Тангри қошига борганда ҳамма яланғоч-ночор қолса, озод сўздан тикилгани учун ҳам унинг либоси яшнаб туражак. Достон финали озод ва ҳақ сўзга даъват ўлароқ янграйди десак, шунчаки қизил гап эмас. Зотан, лирик қаҳрамон ҳам ҳайқириқлардан йироқ: якунда сўзнинг таъмини сездиргани, бир қургина бўлса ҳам сўздан либос кийдирганию эгри таъбини расо, озод сўзга ҳамроз этгани учун Сўз Соҳибига шукрлар келтираётган ҳолатда қолади.

Айтилганларни хулоса қилсак, Н.Жонузоқнинг “Сўз” достони, менинг назаримда, бугунги ўқувчининг диди, талаб-эҳтиёжларига жавоб бера оладиган, бадиий жиҳатдан пишиқ бир асардир. Ҳали анча-мунча совигач, муаллиф уни яна бир кўздан кечирар-да, таассурот янгилигидан ҳозирда бизнинг назаримиздан ҳам қочиб турган удур-будурларини силлиқларки, ўшанда асар замонавий ўзбек достончилигида ўзига муносиб ўрин эгаллайди деган умидда қоламиз.

“Ёшлик”нинг 11-сонидан Вафо Файзуллоҳнинг “Одамий” достони ўрин олибди. Моҳиятан, у ҳам лирик-фалсафий достон. Достон муаллифи Одам алайҳиссаломдан то бугунга қадар кечган ўтмишнинг исталган нуқтасини эслатган ва унинг мазмун-моҳиятига таянган ҳолда инсон табиати ҳақида лирик-фалсафий мушоҳада юритади. Лирик қаҳрамон ўй мушоҳадалари неча қайталаб йўлдан адашганига қарамай ҳанузам осонгина шайтонга алданиб келаётган Одам қавми ҳақида, изтироблари эса инсон боласини бир пайтлар олис аждоди қувилган маъвога муносиб кўриш истагидан туғилади. Ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, шоир чин маънодаги катта шеъриятга муносиб мавзу танлаган, ўзида уни бадиий талқин қилишга қодир ижодий қувват  сезади – имконларини тўғри чамалаганига ҳам шубҳа йўқ. Бироқ ҳозир бунга эмас, муаллиф кўзлаган эзгу ниятнинг тўла намоён бўлишига ҳалал берган омилларга диққатни қаратмоқчиман. Токи катта шоир мисолида айтилажак гаплар кўпроқ бошқаларга ибрат бўлсин.

Биласиз, ижод жараёнига хос ғалати бир жумбоқ бор: ҳислар нечоғли қуюқ ва теран, драматизмга бой бўлса, ифодаси шунчалик мураккаб, қийин бўлади. Сираси, асл шеърнинг туғилишини тўлғоқ азобига менгзашнинг маншаи шунда. Ёмон тарафи шуки, ҳиссиётларнинг теран ва бутунлиги боис шоир ифодадаги кемтикларни доим ҳам кўра олмайди: назарида кўнглида бори тўкис ифода этилгандек, чунки ёзганларини ҳали ўқиб улгурмасиданоқ кўнглида ижод онларидаги ҳислар жонланаверади. Фақат шунси борки, “шоир ўзи учун ёзади” деганлари – чала ҳақиқат, унинг ёзганлари ўзга кўнгилда ўша ҳисларни уйғотмоғи лозим. Чамаси, В.Файзуллоҳ ҳам тавсифлаганимиз каби ҳолатда бўлган кўринади, достонида ифода жиҳати эътироз уйғотадиган айрим ўринлар қолган. Масалан, мана бу тарзда:

 

Нуҳ қавмиман,

Билмадим-ку ер ўзи уммон…

Кўзимни ҳам чўктирди тилсиз.

Шайтон рамзи ўйнаган қароқ…

Меҳргамас, тошларга ёрон

Йўлсиз, йўлсиз, чўкканча йўлсиз

Сўнгги дам ҳам кемага чиқмаган

Гумроҳ Канъон бўлдим кўнгилсиз.

 

Одатда, асардаги бошқа бир матнга ишора имкон қадар унинг энг кенг оммалашган нуқталарига қаратилади. Хўп, бундаги ишора хос ўқувчиларга  мўлжалланган деб ҳам қарайлик, унда постмодернга хос интертекстуал ўйин кузатиляпти ҳам дейлик. Рости, ўзимга “бунда чуқур маъни бор-у, сенинг тишинг ўтмаётибди, ҳаётдан орқада қоляпсан” деб ҳам кўрдим, ишонтириб бўлмади. Хўп, сўз воситасида яратилаётган образни-ку, тушунмаслигим ҳам мумкиндир, лекин сўзларнинг ўзаро боғланишидан келиб чиқадиган маънони тушунишим керак эмасми?! Масалан, “Меҳргамас, тошларга ёрон” деганидан шу ҳолида бир маъно чиқадими? Адашмасам, “ёрон” дегани тожик тилида “ёр”нинг кўплигини англатарди. Матнда эса “мен” тавсифланмоқда, “мен меҳргамас, тошларга ёрман” дейилмоқчига ўхшайди, лекин дейилмаган. Шунақа экан, бу ерда “ёрон” сўзи “уммон”га қофия учунгина керак, деган фикр юзага келади. Аслида эса ундай эмас, “меҳрни” (Отаси билан бирга кетишни) танлаш ўрнига тоғ-тошларга чиқиб кетган Канъон назарда тутилмоқда, “ёрон” сўзининг кесимлик шаклини олмагани буни англашга ҳалал беради, холос. Ёки давомидаги “Йўлсиз, йўлсиз, чўкканча йўлсиз Сўнгги дам ҳам кемага чиқмаган” деганда қандай маъно бор? Канъон йўлсизликдан чўкяптими? Бу ривоят мазмунига хилоф бўлади. Ё “йўлсиз” сўзи “чорасиз” маъносидами? Ривоятда Канъон чорасиз эмас, ўзи шу йўлни – кемага чиқмасликни танлаган эди. Бундан ташқари, мантиқан “чўкканча кемага чиқмаслик” мумкин эмас: “чўккани туфайли чиқмаслик” ёки “чўкса ҳам чиқмаслик” мумкин, холос. Давомида “Гумроҳ Канъон бўлдим кўнгилсиз” жумласидаги “кўнгилсиз” сифати ҳам ривоятдан таниганимиз Канъонга ҳеч ёпишадиган эмасдек: уни “имонсиз” деса бўлар, “итоатсиз” дейиш мумкиндир, лекин… Лекин “кўнгилсиз”нинг “йўлсиз”га бинойидек қофияланиши рост. Хуллас, келтирилган парчага Нуҳ алайҳиссалом қиссасини эслаганимизгина мазмун беряпти, холос.

Айтганларим жуда кескин, бироз ошириб юборган кўринмаслиги учун яна бир парчани келтирай:

Ҳеч нарса керакмас менга

Қадрни қадрлашдан,

Биродарга қиёматли салом йўллашдан,

Изҳори Ёр,

Беморларга шифо тилашдан

Онамни олдидаги қарзимни,

Ўзининг ҳузуридаги арзимни,

Фосиқ, фожир, итоатсиз, аждаҳоларга

Наво янглиғ узатсайдим нарзимни.

Аввало, мабодо ўқувчилик пайтимиз шу каби жумла тузгудек бўлсак, ўқитувчимиз “бунингнинг бош-кети қани” дея дакки бериши тайин бўлар эди. Ҳозирги туришида парчанинг ҳаммаси битта гапдек: илк мисрадан то охиригача фикр тугалланмайди, охиридагина битта нуқта бор. Бироқ ундай десак, биринчи мисрадан бешинчи мисрагача битта мазмуний бутунлик ҳосил бўлиши керакдек, фақат бунинг учун фикрни бир сўз, масалан, “бошқа” сўзини қўшиш билан тугаллаш керак бўлади. У ҳолда ҳам иккинчи қисм мантиқсизлигича қолаверади. Аслида-ку, онанинг олдидаги қарзни “фосиқ, фожир, итоатсиз, аждаҳоларга наво янглиғ узатсайдим” дея орзулашни мантиқсизлик деб аташ жудай-ла юмшоқлик қилиш бўлади. Хуллас, достон матнида тил нуқтаи назаридан ҳали ишланиши, силлиқланиши керак бўлган жойлари жуда кўп, бу жиҳатдан у жиддий қайта ишланиши керак.

Яна бир мулоҳаза достоннинг қурилиши билан боғлиқ. Гап шундаки, достоннинг танасини тутиб турадиган умуртқа поғонаси, скелети бўлиши зарур. Агар эпик достонда бу вазифани сюжет бажарса, “Одамий” каби лирик достон асосини тематик композиция тутиб туриши керак. Яъни достон марказига қўйилган мавзу-муаммо изчил ривожлантириб борилиши зарур бўлиб, унинг ҳам Арасту сюжетга нисбатан айтган “бошланиши, ўртаси ва охири” бўлмоғи керак. Токи мутолаа давомида ўқувчи ҳам шуни ҳис қилиши, муаллиф изҳор этаётган фикр-ҳис оқимига туша олиши талаб қилинади. Афсуски, “Одамий”нинг композицион қурилиши мазкур универсал талабга жавоб бермайди. Шу боис ҳам бир қисмини ўқиётганингиз маҳал аввал ўқилган қисми эсингиздан чиққандай туюлаверади, хотирам заифлашяптими деган андишага борилиши ҳам мумкин. Аслида эса ҳамма гап қисмларнинг ўзаро узвий алоқаси бузилгани – маржон мисол бир ипга тизилмагани, хуллас, асар композициясининг бўшлигида.

Хуллас, ифодадаги камчиликлар “Одамий”даги кўпчиликка юқиши ва бани башар тақдири ҳақида ўйлатиб қўйиши мумкин бўлган ҳис-кечинмалар қувватини сусайтириб, достон потенциалидаги бадиий-эстетик имконларнинг тўла рўёбга чиқишига ҳалал берган.

“Шарқ юлдузи”нинг ўтган йилги илк сонидан ўрин олган Сирожиддин Рауфнинг “Видо” достони композицияси пишиқ асар бўлибди. Бунинг сири ҳам оддий: шоир ўқувчига нима демоқчилигини аниқ билади, шу боис ҳам демоқчи бўлганини қандай етказиш устида жиддий бош қотирган. Натижада асар қисмлари бир-бирига узвий боғланади, бир-бирини тўлдиради. Йўқ, бу достоннинг рақамланган қисмларга ажратилгани, устига яна юлдузчалар билан ички бўлиниш ҳам ўтказилгани учун эмас. Ҳамма гап шундаки, шоир ўйидаги қай тартибда айтилса ўқувчисига имкон қадар тўла ва таъсирли етиб боришини ўйлайди, шундан келиб чиққан ҳолда асарга тартиб беради. Мутахассислар лирик асар тематик композициянинг энг универсал кўриниши сифатида “мавзунинг қўйилиши – ривожлантирилиши – хулоса” қолипини кўрсатишади. “Видо” айни шу қолипда қурилган.

Биринчи бўлимда гўдакнинг туғилишига “буюк айрилиқ” дея таъриф бераркан, шоир “Ҳаётнинг мағзини баъзан данакдан Ажратиб олишга умр етмаслигини” эслатиб, “одам умри – дам умри” эканини таъкидлайди. Шу тарз достон мавзу-масаласи ўртага қўйилди, ўқувчига шундан дарак берилди, уни руҳий жиҳатдан шу хусусдаги гапларни эшитиш ва сингдиришга мос қилиб созланди.

Достоннинг 2 – 6-бўлимларида айни мавзу ривожлантирилади, лирик персонаж ҳаётининг асосий босқичлари моҳияти сиқик тарзда таърифлаб ўтилади-да, мустақил ҳаётининг бошланиши билан инсон онгу шуурига аста-секин кириб борадиган турфа саволлар қўйилади. Персонажнинг саволларига жавоб излашлари ниҳоясида “улуғ донишманд”га йўлиқиши – тематик ривожланиш кульминацияси, шу юксакликдан якун – лирик мушоҳадаларни хулосага элтувчи йўл кўринади.

Ниҳоят, достон якуни – 7-бўлимда ҳамон ўша эски йўлида юргани ҳолда энди атрофига орифона назар солиб, кун келиб борлиққа қоришиши, яъни Ўзига қайтишига имон келтириб яшаётган ва шунинг учун дунёни рангин, ҳаётини маънию мазмунга тўлиқ кўра бошлаган одамни учратамиз. Яъни достонда қўйилган мавзу талқини одам умри ҳақиқатан ҳам “бир дам”, фақат Ҳақ йўлида, эзгулик йўлида юрилсагина у мазмун ва чинакам қиммат касб этади, деган хулосага олиб келади.

Хуллас, “Видо” достони эскидан ишланиб келаётган мавзуга хусусий бир нигоҳ – Сирожиддин Рауфнинг қараши сифатида қимматли, қўйилган масалани ўзининг ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб ёритгани ўқувчининг бу борадаги қараш-тасаввурларини бойитишга хизмат қилиши эса шубҳасиз. Албатта, достон китобга киритилиш олдидан яна анча-мунча сайқалланар, хуллас, унинг яхши бир достон сифатидаги адабий умрини давом эттиришига ишончимиз бор.

“Шарқ юлдузи”нинг ўтган йилги сонларида жанри “шеърий қисса” деб белгиланган Ойдиннисонинг “Афв” ва Зулфия Мўминованинг “Юрагида анор гуллаган аёл” номли асарлари эълон қилинди. Йиғин ташкилотчилари маърузага шуларни ҳам қўшиб кетишни сўрашгани учун, зиммамизда улар ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш мажбурияти бор.

Аввало, Ойдиннисо ўқувчиларга ҳам мазмуни, ҳам бадииятига кўра яхши бир асарни тақдим этганини таъкидламоқ керак. Унинг ҳар бир қисми

Ташқарида шамол супураётир

тақдир бўлакларини…

Вақт томар чак-чак…

мисралари билан бошланади, улар – асарнинг ғоявий-тематик лейтмотиви. Зеро, ҳар бир қисмда алоҳида бир тақдир, маҳбус аёлнинг фожиаси лирик қаҳрамон қалбидан ўтказиб берилади. Бу аёлларнинг феъл-хўйи, тақдиридаги эврилишлар, маҳбусликда ўзини тутиши, эртаси ҳақидаги ўй-тасаввурлари –  ҳар бири алоҳида бир достон. Уларнинг битта – эркинликка чиқиш арафасида турган, ўзининг маҳбуслик ҳаётини босиб ўтилган бир босқич ўлароқ мушоҳада этаётган лирик қаҳрамон онг призмасидан ўтказиб берилгани асарга ҳам бадиий-композицион, ҳам концептуал бутунлик бахш этади. Бундан ташқари, ифоданинг тиниқлиги, ҳиссиётлар изҳоридаги самимият, топиб ва ўрнида ишлатилган услубий воситалар ҳам асарнинг бадиий жиҳатдан пишиқ бўлишини таъминлаган. Мавзу адабиётимиз учун янги, ҳали етарли ишланмаган эканлигини ҳам алоҳида қайд этмоқ зарур. Бизда аёл мавзусини кўпроқ баланд пардаларда, шодон ва улуғвор оҳангларда тараннум этиш урф бўлган, Ойнинг орқа томони эса ҳамон қоронғилигича қолмоқда. Ойдиннисо шу томонга бўй чўзиб қарамоққа журъат қилган экан, бунга рағбат билдирмоқ керак.

Яна бир масала – асар жанри. Шеърий қисса қаҳрамон ҳаётидаги бир босқични ҳикоя қилиш асосига қурилади, яъни унга шеърий шаклда ёзилган  эпик асар деб қараш керак. “Афв”да эса қаҳрамон ҳаётидан изчил ҳикоя қилиш кўзда тутилмаган, унда қаҳрамон ҳаёти ҳам, унга қисматдош аёллар ҳаёти ҳам лирик мушоҳада объектидир, асар бадиий-мазмуний структурасини лирик ибтидо белгилайди. Шунга кўра асар жанрининг “лирик достон” деб белгилангани, бизнингча, тўғрироқ бўлади.

“Юрагида анор гуллаган аёл”да Анорхон – Мастура Сайфуддинованинг ҳаёт йўли ҳикоя қилинади, шу боис унинг жанрини шеърий қисса деб белгилашга асос бор, албатта. Лекин қисса руҳи, ундаги ифода тарзи бугунги эмас, кўпроқ ўтган аср ўрталари адабиётимизни эслатади, муаллиф “ретро” услубида ёздимикан ё 50-йиллар адабиётига стилизациямикан деган ўйлар келади ўқиганингда. Яна бир жиҳатлари яқин ўтмишда машҳур очеркларни эслатиб, ижод онлари муаллифда журналистлик баланд келганини кўрсатади. Агар асардаги насрий қисмлар ахборот тарзида, ҳужжатли материал қабилида берилгани ҳисобга олинса, балки “ҳужжатли қисса” деб аташ ҳам мумкиндек кўринар… Хуллас, энг муҳими конкрет асарнинг қайси жанрга мансублигида эмас, балки унинг ўқишли, ижтимоий ва эстетик қиммат касб этадиган бўлишида. Хўп, эстетик дегани-ку тушунарли, “ижтимоий” деганига аниқлик киритиш лозим. Ижтимоий қиммат шўро замонида тушунилганидек ижтимоий-сиёсий эҳтиёжга лаббай деб имкон қадар тезроқ ва баралла жавоб бериш билан белгиланмайди, йўқ. Ижтимоий қимматни асарда қўйилган ва бадиий талқин қилинаётган мавзу-муаммолар бугунги кун ўқувчисини, истиқболда кейинги авлодларни қанчалик қизиқтира олиши билан белгиланади. Шу жиҳатдан қаралса, “Юрагида анор гуллаган аёл” бугунги кун ўқувчисини қизиқтириши, бизнингча, қийинроқ. Албатта, эътироз қилиниши мумкин: ахир, замонамиз қаҳрамонлари образларини яратиш бугунги кун адабиётининг вазифаси эмасми? Шундай, лекин замона қаҳрамони бугунги ўқувчини қизиктира оладиган, ибратлантирадиган қиёфада гавдалансагина ўзини оқлайди, акс ҳолда кутилганга терс натижа бериши ҳақиқатга яқинроқ. Замонамиз қаҳрамонининг ҳаёти ва фаолиятини “Юрагида анор гуллаган аёл”даги каби шеърий баён қилиб беришнинг ўзи камлик қилади. Тўғри, унда ҳам қаҳрамон ҳаётини драматиклаштиришга ҳаракат бордек: Наврўз билан боғлиқ тўқнашув, Гдлян-Ивановлар чиғириғи… Лекин булар, қарийб ўттиз йиллардан бери асардан асарга кўчаверганидан бўлса керак, ўқувчини бефарқ қоддирадиган даражага келиб қолди-да. Бас, оҳорлироқ ҳолатларни қаламга олиш ё ҳеч бўлмаса шуларнинг оҳорлироқ қирраларини очишга қасд қилиш маъқулроққа ўхшайди.

Шу баҳона яна бир мулоҳазани ўртага ташлаш жоиз кўринади. Ўзгалар бошдан кечирган воқеалар ҳақидаги ҳикояларни эшитиш эҳтиёжи – ривояга (наррацияга) эҳтиёж одамга табиатан хос. Бу эҳтиёжни ривояга асосланган жанрлар – аввалига эртагу достонлар қондирган бўлса, кейинча буларга ҳикоя, қисса, роман кабилар қўшилди. Ҳозирда эса, тан олиш керак, ушбу эҳтиёжнинг катта қисмини кино ва телесериаллар қондирмоқда. Айтмоқчи бўлганим, мазкур шароитда шеъриятни-ку қўя турайлик, бадиий прозанинг ҳам рақобатбардош бўлиб туриб бериши анча мушкул. Шунинг учун ҳам шеърият, хусусан, достончилик ўзи бошқаларга қараганда яхшироқ уддалайдиган жиҳатга зўр бериши, яъни ўзининг имконларини ҳар жиҳатдан намоён этишга қулай лирик достон жанрини ривожлантириш йўлини тутиши мақсадга кўпроқ мувофиқдир.